Алишер Навоий шеърияти буюк бир уммон бўлиб, ундан ҳар бир киши ўз имкониятига яраша садаф ва дурлар теради. Бу уммонга чуқур кириб борганинг сайин маъно дурлари кўпайса кўпаядики, асло камаймайди. Унинг шеърий девонидаги илк ҳамд ғазали матлаъсининг зоҳирий ва ботиний томонларига, яъни коса ва коса тагидаги нимкосасига эътибор қаратмоқчимиз:
 
Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-ҳудо 
Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқди садо. 
 
(Мазмуни: Қуёш косасидан ҳидоят нурлари ёришди, жомдан “Ёрнинг аксини майда кўр” деган садо чиқди.) 
Байтнинг зоҳирий маъносини англамоқ учун, аввало, машриқ заминдан эндигина кўтарила бошлаган қуёш тасвирини кўз олдига келтирсак, ярмигача кўтарилган қуёш худди ярмигача май, (яъни нур) тўлдирилган косага ўхшайди. У оддий коса эмас, балки ҳидоят нурлари – май тўла жомдир. Жом – қуёш, май – унинг нурлари. У дунёни ёритар экан, ҳақиқий Ёр жамоли намоён бўлади. Шоир қуёш чиққанидан сўнг Ёрнинг гўзаллиги янада ёрқин намоён бўлишини айтиб, ундан баҳраманд бўлишга чақирмоқда. Зеро, қуёш жомида ёришган маърифат майи (маърифат нурлари) туфайли Олам ёришади, Ёрнинг акси тўлалигича бор бўйини кўрсатади.  
Байтнинг ботиний маъносига эътибор қаратсак, бизнингча, шоир байтнинг илк сўзи, “Ашрақат” билан Қуръони каримдаги Зумар сурасининг 69-оятига ишора қилган. Мазкур оят қуйидагичадир: «Ер (маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришур; китоб (номаи аъмол ҳозирлаб) қўйилур; пай­ғамбарлар ва гувоҳлар (фа­ришталар) келтирилади ва уларнинг ўрталарида зулм қилинмаган ҳолда ҳаққоний ҳукм қилинади».
Ушбу оятда Қиёмат куни маҳшаргоҳдаги аҳвол тасвирланган: маҳшаргоҳнинг фақат Аллоҳ нури билан ёритилиши ўша куни Қуёш бўлмаслигидан далолат бермоқда. Қуръони каримнинг Таквир сурасининг 1-оятида: “Қуёш ўраб қўйилганида”, деб марҳамат қилинади. Демак, илоҳий Каломнинг далолатига кўра, Қиёмат куни Қуёш бўлмайди. 
Бизнингча, Навоий ҳазратлари: «Эй маърифат истовчилар, ҳали Қуёш нурлари борлигида, ҳали жом – қуёшдан май – маърифат нурлари ёғилиб турган пайтида, “Ер Парвардигорининг нури билан ёришгунга қадар...” маърифатдан баҳраманд бўлиб қолинглар. Вақтни ғанимат билинглар», демоқчи.
Навоий мазкур ғазал мақтаъида бекорга қуйидагича хитоб қилмаган бўлса керак:
 
Ташналаб ўлма Навоий, чун азал соқийсидин,
“Ишрабу ё айюҳал-атшон” келур ҳар дам нидо.
 
Ғазал мақтаъидаги “Ишрабу” сўзи ҳам Қуръони каримдан олинганини (Бақара, 60) адабиётшунос олим Нажмиддин Комилов “Маънолар оламига сафар” китобида айтиб ўтган эди. 
 
Жасурбек МАҲМУДОВ,
Низомий номидаги ТДПУ 
тадқиқотчиси,