Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини адабиётшуносликда адиб бошидан ўтказган кунлар йилномаси сифатида баҳолашади. Аммо шоир — Бобур шеърияти муаллифнинг ички дунёсини бор шиддати билан ўқувчига етказувчи ноёб маънавий хазинадир. Бобур рубоийларида олам жаҳон маъно ифодаланган.
Улар “Бобурнома” билан ҳамоҳанг, уни мазмунан тўлдиради.  Агар Бобур даври, ундан олдинги шоирлар ижодида рубоий жанрида анъанавий ишқ, ошиқ ва маъшуқ, айрим ҳолларда ижтимоий масалалар қаламга олинган бўлса, Заҳириддин Бобур рубоийларида инсон ички кечинмаларининг ранго-ранг жилолари, унинг муаммолари теран акс этганини кўрамиз.
Заҳириддин Бобур табиатдаги ҳаётдан имкон қадар баҳраманд бўлиш, унинг гўзаллигини анг­лаш ва нашидасини суриш одати кишини ҳайратга солади. Ўн икки ёшидан бобоси Амир Темур салтанатини тиклашга бел боғлайди. Шу аснода у баҳор нашидасидан ҳам баҳрамандлик бахтини туяди:
 
Хотирни баҳор фаслида гашт оладур, 
Кўз нурини ранги лолаю дашт оладур.
Хуш улки, талаларда юруб сайр этса,
Бу фаслдаким латифу дилкаш таладур.
 
Шоир рубоийларининг ўзига хос хусусиятларидан бири — унда кичик сюжет, лирик қаҳрамон бор. Қуйидаги рубоийда лирик қаҳрамон моҳир наққошдан ўз кайфиятини ислоҳ этишини сўраган. Муаллифнинг шу тўрт мисрага сюжет, теран фикрни жо этганига тасанно дейсиз:
 
Наққош, менинг ҳолима тадбир этгил,
Бир ёғлиғ аро кашида таҳрир этгил.
Ул сафҳада мен хаёл қилғон янглиғ,
Ул ёрға мушкилимни тақрир этгил.
 
Заҳириддин Бобурнинг 47 йиллик умри темурий шаҳзодалар ва бекларнинг бирин-кетин қилган хиёнатлари, фарзандларининг бевақт вафоти муҳитида ўтиб, умрининг охирларида турли касалликлар унинг руҳиятига ҳам таъсир этган. “Бобурнома”да муаллиф шу ҳолатлари тасвирини берар экан, насрий матндан кўнгли тўлмайди, ички туйғуларини ифодалашда кўпинча ўз рубоий, ғазаллари, баъзан буюк адиблар Саъдий, Ҳофиз шеърлари билан насрий матнни бойитади. 
 
Ўт солди кўнгулга ранжу бетоблиғим,
Сув қилди бу хаста жонни беоблиғим.
Бу иккаласи агарчи бор муҳлику саъб,
Лек ўлтурадур тонгғача бехоблиғим.
 
Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга ёзган мактубида ажойиб сатрлар бор: давлатчиликда, мамлакатни бошқаришда юрт сардори ҳамиша атрофдаги беклар, ҳаётий тажрибага эга шахслар билан машварат қилиши, ёр-биродарларини ғанимат билиб, уларнинг суҳбати ва маслаҳатларини инобатга олгани, қадрлагани кўринади. Бу сатрлар, тарбиявий аҳамиятидан ташқари, темурийлар салтанатида давлатни бошқариш, айниқса, подшоҳ бир қарорга келишда бамаслаҳат иш кўриши лозимлиги уқдирилиши диққатга молик: “Агар менинг ризоимни тиларсен, хилватнишинлиқни ва эл била кам ихтилотлиқни бартараф қилғил. Кунда икки навбат инингни ва бекларни ихтиёрлариға қўймай, қошингға чарлаб, ҳар маслаҳат бўлса кенгашиб, бу давлатхоҳларнинг иттифоқи била ҳар сўз — унга қарор бергайсан”.
Бобур юқоридаги қарашларини шоирона ифодалар билан тўлдирган:
 
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз!
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!
 
Хуллас, Заҳириддин Бобур қайси жанрда ижод этмасин, муаллиф таржимаи ҳоли, дунёқараши, умргузаронлик дафтарининг баёни бир-бирини тўлдириб, қалб олами ҳар бир асарида янгича жило ва мукаммалликда, шоирона бадиий талқинда ифода этилганлигини кўрамиз. 
 
Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ, профессор