Милодий XIV–XV асрларга келиб Ўрта Осиёда нақшбандия тариқати кенг ёйилди. Бу йўналиш намояндаларининг ҳаёти, қилган ишлари ҳақида ёзилган бир қанча асарлар бизгача етиб келган. Шундай қўлёзмалардан бири хоразмлик Аҳмаджон Раҳматуллоҳ ўғлида сақланади. Бу қўлёзма кутубхоналар рўйхатида йўқ, шу боис у ҳозир ягона нусхадир. Аллоҳёр Худойберди ўғли – Маҳзун қаламига мансуб ушбу асар “Риёз аз-зокирин” (“Зикр қилувчилар боғи”) деб номланади. Аллоҳёрнинг отаси Худойберди машҳур Муҳаммад Шариф (Нўғой) эшондан таълим олган. Маҳзун 1260 ҳижрий (милодий 1844) йили туғилган. Бухоро мадрасасида ўқиган, шу билан бирга ҳунармандлик – деворларга нақш ўйиш билан ҳам шуғулланган. Кейинчалик қорақалпоқларнинг хитой қавмига қозилик қилган.

Муаллиф ушбу асарида асосан тўртта манба» – жумладан, «Тазкират ал-авлиё», «Нафаҳот ал-унс», «Масмуъат», «Рашаҳот айн ал-ҳаят» каби асарлардан фойдаланган, халқ орасидаги турли ривоятларга, ўзига замондош олимлар суҳбатига, ўзи гувоҳи бўлган воқеаларга таянган.

Муаллиф ушбу асарида нафақат тариқат аҳли ҳақида, балки тарихий воқеалар, элатлар, уларнинг урф-одатлари тўғрисида ҳам сўз юритади. Масалан, Қўнғиротдаги Фенахон қўзғолони, руслар босқини, Хива хонлари ҳақида, шунингдек, баъзи қавмларнинг келиб чиқиш тарихи тўғрисида қимматли маълумотлар беради.

320 бетдан иборат қўлёзма рус қоғозига настаълиқ хатида қора сиёҳ билан ёзилган. Тўлиқ ёзиб битирилмаган. Муаллиф китобини 1310–1313 ҳижрий (милодий 1892–1895) йиллар ёзганини таъкидлайди.

Хуллас, бу асар Оролбўйи халқлари тарихига доир қимматли маълумотлар берувчи манбадир.

 

Абдураҳмон ИДРИСОВ,

Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси