• Рукни: Мерос

Шарқ мумтоз адабиёти, хусусан, шеърияти анъаналардан бири, асар арабий, форсий ёки туркий бўлишидан қатъи назар,
 “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим” билан бошланишидир.
Устоз Алибек Рустамий “Рисолаи Ўлмасиййа” асарида ёзади: “Бу амалнинг қилинаётган иш шаръий бўлиши ва унинг эзгу натижа билан тугаши учун аҳамияти улуғдир. Чунки киши Ҳақ таолони эслаганда ўз нафси аммораси амрига бўйсунмайди, золимлар зулмидан қўрқмайди ва шариат йўлидан озмайди” (1) .
Ҳазрат Навоий ҳам ўзининг туркий ва форсий тиллардаги ҳамма асарларини шу муборак калима билан бошлаган. Аммо улуғ шоир асарларининг ХХ асрда амалга оширилган нашрларида ҳукмрон “қизил империя” мафкураси чекловлари боис, кейинги нашрларда эса айрим баҳоналар билан бу муборак калима тушириб қолдирилар эди.
Яқинда бизни бир нарса ҳайратга солди: “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да ҳам худди шу анъана яққол намоён эканини кўрдик. Академик Эргаш Фозилов раҳбарлигида заҳматкаш устоз Қутбиддин Муҳиддинов ва бошқа қатор олимлар ҳамкорлигида тузилган бу луғат 1983–1985 йиллари тўрт жилдда чоп этилган эди. Асарнинг биринчи китобида Ҳазрат Навоийдан келтирилган биринчи байтни ўқиб, ҳайрат билан тафаккурга толади киши. Луғат тузиш низомига кўра, алифдан сўнг келадиган иккинчи ҳарф “бо”. Аммо, Ҳазрат Навоий ўз асарларида “Аазз” сўзини қўллаган эканки, луғат ҳам улуғ Яратувчининг сифатларидан бирини англатувчи шу сўз билан бошланган. Чунки мутлақ азизлик ягона Яратувчигагина хосдир.
Луғатда бу сўз маъносини шарҳловчи байт ҳам Ҳақ таолонинг муборак исми билан бошланади:

Ҳақдин азизлик тиласанг, элдин уз тамаъ,
Ким халқнинг Ааззи деди: – “Ъазза ман қанаъ”.


Мутаносибликни қаранг: биринчидан, луғат Аллоҳ таолонинг улуғ исмларидан “Ҳақ” калимаси билан бошланувчи байт билан очилмоқда. Асарларида 45 мингдан ортиқ сўз қўллаган улуғ шоир меросининг луғати айнан унинг эътиқодига, руҳиятига мос муборак сўз билан; иккинчидан, “халқнинг ааззи” – халқнинг энг азизроғи, осийларни шафоат қилувчи зот – Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг сифатлари, васфи билан; учинчидан, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг каломлари “Ъазза ман қанаъ”, яъни: “Ким қаноат қилса, азиз бўлади”, мазмунли ҳадиси шарифлари билан бошланмоқда.
Аллоҳ таолонинг улуғлиги, Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг азизлиги ва сўзларининг бебаҳолиги луғат бошига, биринчи сафга чиқиб турибди. Аллоҳ таоло кимни ва нимани улуғлаган бўлса, у улуғлигича қолади.
Луғат ниҳояси, хотимасида ҳам бир ҳайратланарли ҳолат мавжуд. Луғатдаги охирги “ҳуққалиқ”, яъни “қутича”, “қутичага солинган” сўзи қуйидаги байт билан шарҳланган:

Хозини ҳикмат  магарким хол бирла қилди муҳр,
Лаълдин чун солди қуфл ул ҳуққалиқ инжу уза.

Байтнинг зоҳирий маъноси бундай: ёрнинг лаби устидаги холи, лаблари ва тишлари васф этиляпти. Ҳикмат хазинабони энг қимматбаҳо инжу солинган қутичага лаъл (қизил қимматбаҳо тош) билан қулф солди ва уни муҳрлади. Ёки лаълдек лаб­лари ёпилиб, инжудек тишларини яширди. Лаблар устидаги хол эса худди муҳрдек...
Тасаввуфий истилоҳда оғиз (ҳуққа), лаб (лаъл) – пир маъносини, хол эса “ваҳдат нуқтаси” маъносини англатади. Шунга кўра мушоҳада этиб, ушбу луғат ҳам ҳикматлар хазинасидир, десак муболаға эмас. Тўрт китоб ичига ҳикматлар жамланган; унинг хазинабони, яъни пир китобга нуқта қўйиб, муҳр босди. Яна бир маъноси: “Ҳуққалик инжу” – Ҳазрат Навоийнинг ноёб дурдек сўзлари; лаъл – уларни ҳифз қилиб, қўриқлаб турган пир; хол эса “ваҳдат нуқтаси”, яъни пир – китоб ўқувчисининг ҳикматларини англаб, маърифат йўлига кириши учун бир восита бўлди.
Ушбу мўътабар луғат тузувчилари рўйхатининг бошида нақшбандия тариқати пири муршидларидан бири ҳазрат Қутбиддинхон Муҳиддинов турганини назарда тутсак, келтирилган байт мазмуни ва ҳикмати янада ёрқинроқ намоён бўлади.

1) Алибек Рустамий. “Бисмиллоҳ”нинг маъноси. “Рисолайи Ўлмасиййа”. Тошкент. Чўлпон. 1993 йил, 3-бет.

Дилором САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори;
Ҳамзаали ШЕРАЛИЕВ