• Рукни: Мерос

Яқинда шовотлик зиёли инсонлардан Ҳамро Пирмуҳам­маднинг “Юсуф Ҳамадоний нафаси” номли рисоласи (“Мумтоз сўз”, 2016) чоп этилди.

Аллоҳ таолонинг марҳамати билан истиқ­­лоли­мизнинг илк йилларидаёқ зиёрат­гоҳ,  қадамжоларни обод қилиш маса­лалари кун тартибига қўйилди. Бу муборак ишни биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаб бергани барчамизни қувонтиради.
Ўша йиллари, яъни 1993 йили Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги нишонлангани собиқ шўролар тузуми даврида амалда бўлган темир пардаларни олиб ташлади. Баҳоуддин Нақшбандга кўрсатилган эҳтиром ва ҳурмат Хожа Юсуф Ҳамадоний меросининг ҳам юзага чиқишига ижобий таъсир ўтказиши муқаррар эди.
Ўтган асрнинг 50-йилларида Хожа Юсуф Ҳамадоний масжидини бузиб ташлашга ҳаракат қилингани ҳақида оғиздан-оғизга ўтиб юрувчи ҳикоялар кўп, бироқ бу ишга бош қўшган кишилар сирли равишда шикаст топаверганлар. Зиёратгоҳга ўтиладиган Ўдачи ёпи устидаги кўприкни даҳрийлар ёқиб юборишади. Халқ ҳашар уюштириб, уч-тўрт кунда янги кўприкни қуриб битказади.
Айтишларича, мақбара аввал бошда хом ғиштдан қурилган экан. Кейинчалик пишган ғиштдан барпо этилиб, гумбаз ҳам ясалган. Ҳазратнинг бир ёнида Ғавсул Аъзам, иккинчи ёнида эса Али Саид Ҳамадоний мақбараси мавжуд эди, дейди ёши улуғлар.
Ҳақли равишда савол туғилади. Бу сир-синоатларнинг боиси нимада ўзи? Жавобни Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг “Инсон ва коинот ҳақидаги рисола”сидан ахтариб кўрсак. У зот ёзади: “...Коинот бир томондан ожиз бўлса, бир томондан саййид-хожадир. Сен ҳам бир жиҳатдан борлиқни бошқарувчи, иккинчи жиҳатдан эса ожизу муҳтожсан. Коинотнинг ожизлиги сенга муҳтож бўлгани сабаблидир. Устунлиги эса сенинг коинот ва унинг хизмати туфайли ҳаёт кечира олишингдадир. Хожа – саййидлигинг эса роҳатланиш учун кўзларинг билан дунё­дан фойдаланмоғинг, тингламоқ учун қулоғинг, ҳузурланмоқ учун бурнинг, хуллас, ҳаётингни давом эттирмоқ учун барча аъзоларинг билан дунё ва коинотдан фойдаланишингдир”.
Юсуф Ҳамадонийнинг коинотга қизиқ­қани бежиз эмас. Зотан, биринчи минг йиллик аввалида Шарқда, шу жумладан, Хоразмда коинот илмига иштиёқ кучайгани  тарихдан маълум. 1004 йилларда Урганчда (Кўҳна Урганч) Хоразм Маъмун академияси иш бошлаган. Жаҳоннинг энг кучли олимларидан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва уларнинг устозу шогирдлари мазкур даргоҳда илм билан шуғулланиб, оламшумул кашфиётлар қилишди. Кашфиётларнинг бир қисми коинотга тегишлидир. Худди ўша даврларда юлдузлар ва сайёралар ҳаракати тадқиқ этилган: коинотнинг одамзод ҳаётига таъсири таҳлилга тортилган.
Тарихдан маълумки, Хожа Юсуф Ҳама­доний бир муддат Самарқандда яшаган. Бухорода илм-фан билан машғул бўлган. Марв шаҳри (ҳозирги Туркманистон)да тариқатдан таълим бергани ҳақида маълумотлар бор. Аммо Хоразмдаги фаолияти ёритилган манбаларга кўзимиз тушмади. Эҳтимол, бундай манбалар йўқолиб кетгандир? Билганимиз – қадим даврлардан бери Ҳамадоний номи билан боғлиқ мақбаранинг сақланиб тургани. Мантиқан қаралганда, хосиятли жойлардагина халқ тўпланади. Жаҳоннинг турли бурчакларидан келаётган эзгу ниятли кишиларнинг бу масканда дуога қўл очишлари Аллоҳ таолонинг марҳаматидандир.
Айнан истиқлолдан кейинги йилларда Хожа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳ мажмуаси қуриб, элимиз ихтиёрига берилгани тарихга олтин харфлар ила битилади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Масжиднинг замон талабларига монанд биноси, қироатхона, меҳмонхона... буларнинг барчаси зиёратчилар учун қулайлик туғдиради. Бу масканга келган киши қушдек енгил тортиши файзу баракотга далил.
Хоразм вилоятининг ўша йиллардаги ҳокими Маркс Жуманиёзов “Эсимда қолган онлар” китобида бундай ёзади: “Мустақил­ликнинг биринчи кунлари­дан бошлаб ўзлигимизни англаш, қад­риятларимизни тиклаш, тарихни ўрганиш борасида республикада мисли кўрилмаган ишлар олиб борилди. Бу ҳаракат бошида Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи ишларнинг боришини назорат қилиб, мувофиқлаштириб турарди. Бухорода пиримиз Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳини ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Қайсидир вилоят боғ қилди, қайсидир вилоят ободонлаштириш ишларини олиб борди. Хоразмлик усталар зиёратгоҳни таъмирлашда Бухоро, Самарқанд, Тошкент усталари билан биргаликда иш олиб бориб, ҳурматга сазовор бўлдилар”.
Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг аслида қаерга дафн этилгани борасида аниқ маълумот йўқ. Бир манбада Самарқанд тилга олинса, иккинчисида Марв кўрсатилади. Ҳикмат нелигини Аллоҳ билади. Не бўлганда ҳам, Хожа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳ мажмуаси бугунги кунда нафақат ибодат ва зиёрат, балки мамлакат миқёсидаги маърифат марказига ҳам айланди. Бу табаррук масканга кўпчилик қатори олиму фозиллар, шоиру ёзувчилар йиғиладилар. Хоразмнинг тотли неъматларига тўла дастурхон устида гўзал суҳбат қурадилар, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини Аллоҳдан тилаб, дуога қўл очадилар.
– Шовотга ҳар гал борганимда Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳини четлаб ўтмайман, – дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Абдулла Сафоев. – Бу одатга Комилжон уста сабаб бўлган. Уста қабристонларни обод қилишга ҳисса қўшар, зиёратларга бориб, нафаси ўткир қорилардан дуо оларди. Устанинг отаси Отаниёзохунд Хоразмнинг донишманд одамларидан бўлгани бизга маълум.
Маркс Жуманиёзов ҳокимлик қилган даврда Хиванинг 2500 йиллиги нишонланди. Хива шаҳри Жаҳон мероси шаҳарлари қаторидан ўрин олди. Маъмун академиясининг 1000 йиллиги, Маҳмуд Замахшарий таваллудининг 920 йиллиги, Нажмиддин Кубро таваллудининг 850 йиллиги, Муҳаммад Раҳимхон Феруз таваллудининг 150 йиллиги нишонландики, буни Аллоҳ инояти дейиш мумкин. Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳ мажмуаси қурилиши ҳам шу ҳаракатларнинг катта бўлаги ҳисобланади.
Ҳар битта сабаб ўзаро боғлангани каби Хоразм улуғлари, пирларининг руҳоният­лари бизнинг хайрли амалларимизни кўриб, қувониб турса, не ажаб. Зеро, буюклар нафаси ўткир, макондан маконга, замондан замонга ўтаверади! Ҳиммат ҳам ана шундадир.
 

Ҳамро ПИРМУҲАММАДнинг
"Юсуф Ҳамадоний нафаси" рисоласидан қисқартириб олинди.