• Рукни: Мерос

Юртимизнинг 1914–1917 йиллардаги ҳаётидан ҳикоя қилувчи маърифатли олим Аҳмадхон ибн Исмоилхон қаламига мансуб “Тазкиратул-инқилоб” асари хусусида маълумот беришни мақсад қилдик. Аҳмадхон ибн Исмоилхон 1873 йили Самарқанднинг шимоли-ғарб тарафида, Оқдарё ва Қорадарё оралиғида жойлашган Даҳбед қишлоғида туғилган. Насаби Махдуми Аъзамнинг ўғли Убайдулла Хожага боғланади.
Аҳмадхон 1885 йилдан бошлаб Бухоронинг “Мир Араб” мадрасасида таҳсил олишни бошлайди. Мадрасани аъло баҳолар билан битириб, шу мадрасага мударрис бўлади. У тафсир, ҳадис, талҳис ва тиббиёт (тибга доир оят, ҳадис ва фатволар) каби фанлардан дарс берган. 12 йил таҳсил олиб, 16 йил мударрислик қилган Аҳмадхон 40 ёшга тўлгач, 1913 йилда Самарқандга қайтиб, оила қуради. Унинг уч ўғил ва икки қизи бўлган. Олим 1952 йили 79 ёшида вафот этади ва Найман қишлоғининг “Қайрағочмозор” қабристонига дафн этилади.
Олимнинг набираси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили Нуриддинхон Исломовнинг таъкидлашича, бобоси умрининг охирларида тиб илми билан шуғулланган. Аҳмадхон еттита китоб ёзган, аммо уларни нашр эттиролмаган. Шунингдек, унинг “Мир Араб” мадрасасида ўқиб, ишлаб юрган кезларида кундалик тутгани аниқланди. Таассуфки, бу кундалик бизгача етиб келмаган.
Тошкент ислом университети манбалар хазинасида олимнинг етти асаридан иккитаси, яъни доришуносликка доир “Қарабодин Тайлоқий” ҳамда тарихга оид “Тазкиратул инқилоб” номли рисолалари сақланади.
“Қарабодин Тайлоқий” асари тўлиқ ёзиб тугатилмаган. Чунки унда касалликларга доир бобларнинг аксариятида муаллиф кейинчалик тўлдириш мақсадида бўш варақлар қолдирган. Рисолада кўпгина касалликларни даволаш, дори тайёрлаш услублари баён этилади. Гоҳо муаллиф дори тайёрлаш усулини айтаркан, уни ўз беморларига қўллагани ва таъсири ҳақида ҳам ёзади.
“Тазкиратул инқилоб” асарида эса 1914–1918 йилларда Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд тарихи, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ҳаётда юз берган воқеа-ҳодисалар, биринчи жаҳон уруши ёритилган. Шунингдек, китобда Чор Россияси даврида олиб борилган мардикорчилик сиёсати ҳақида ҳам атрофлича тўхтаб ўтилган. Муаллиф асарда инсонларни илм-маърифат эгаллашга, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга чақиради. Жумладан, рисоланинг муқаддима қисмида: “Аллоҳ таоло Ўз тасаррруфидаги мулкларни бир муддат мусулмонларга, яна бир муддат эса бошқа дин вакилларига беради. Агар хоҳласа, банда таомини оғзига солишга улгурмасидан, мағлубни ғолиб устидан ҳукмдор этиб қўяди. Содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан ўзига, динига, Ватанига зарар етмаслиги учун бандага жузъий ихтиёр берилган. Бандалар динини душманлардан асраш мақсадида илм-маърифатни эгаллашга ҳаракат қилсин. Агар таълим олиш ва илм тарқатиш фойда бермаса, ибодатларида саодатли келажакни Аллоҳдан сўрасин. Аҳли ҳақнинг тутадиган йўли шудир”.
“Тазкиратул инқилоб” тўрт бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда ўша даврда уруш сабабли юзага келган очарчилик, касалмандлик, ўғрилик, қароқчилик, фирибгарлик каби ижтимоий ҳаётдаги муаммолар хусусида фикр юритилган.
Иккинчи бўлимда эса Туркистон мухториятининг эълон қилиниши, шаҳарларда мухторият эълон қилингач, содир бўлган айрим ихтилоф, қарама-қаршиликлар, большевиклар ҳокимиятни эгаллагач, юз берган тартибсизликлар ва истилолар баён этилган бўлса, учинчи бўлимда меньшевик­лар даврида содир этилган бузғунчилик, қотиллик ва қароқчиликлар ҳақида ёзилади. Шунингдек, биринчи жаҳон уруши йиллари Туркистонда содир бўлган ёнғинлар ҳақида ҳам маълумот берилади.
Тўртинчи бўлимда муаллиф бевосита ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни баён этади. Европада бошланган биринчи Жаҳон уруши оқибатида юзага келган танг аҳвол: 1917 йил охирларида Мухторият эълон қилинганидан сўнг, Туркистон вилоятларида юз берган очарчилик, қимматчилик, қурғоқчилик, ўғирликларнинг ортиши, очлик ва касалликлар сабабли одамларнинг вафот этиши, буғдойнинг камайиб кетиши каби масалалар ёритилган. Муаллиф ушбу қисмда бозорлардаги озиқ-овқат, кийим-кечакларнинг нарх-наволаридан тортиб, кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотларининг баҳосигача аниқ ёзади.
Хуллас, “Тазкиратул инқилоб” юртимизнинг яқин тарихи, халқимизнинг қора кунларидан ҳикоя қилувчи тарихий асардир. Собиқ Иттифоқ даврида ўтмиши қора қилиб кўрсатилган, маънавияти поймол этилган, маърифатпарварлари тазйиқ остига олиниб, қатағон қилинган миллат фарзандининг бундай асар ёзиши, ўша давр учун катта жасорат эди.

Лобар АСРОРОВА, Тошкент ислом  университети “Манбалар хазинаси”  ходимаси