XIX аср бошларида Қўқон хонлигида яшаб ижод қилган Мирзо Қаландар Мушриф хонлик тарихи ва адабиётига доир “Рисолаи аскария” ва “Шоҳномаи нусратпаём” асарларини ёзиб қолдирди. У Фазлий Намангоний билан бирга ўша давр шоирлари ижоди ҳақидаги “Мажмуатуш шуаро” тазкирасини ҳам тузди. Мушриф Умархон (1810–1822) даврида сарой шоири ва тарихчиси сифатида элга танилган, бир неча юқори лавозимларда ишлаган. Сарой кутубхонасининг мудири, қўшин қозиси (қозийи аскар) ва бирмунча муддат Исфара шаҳри валийи бўлган.

Мирзо Қаландар Мушрифнинг эътибор берилмаган, ўқувчилар ва тадқиқотчилар учун янгилик бўлган асари топилди. Бу Жузулийнинг “Далойилул хайрот” асарига шарҳ сифатида ёзилган “Назми шарҳи “Далойилул хайрот” қўлёзмасидир. Асарнинг Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида уч қўлёзма нусхаси ва шу институтнинг Ҳамид Сулаймонов жамғармасида икки тошбосма нусхаси борлиги аниқланди. Қўлёзмалар: № 6859, 11230/II, 6094-рақамлари билан, тошбосмалар: 4798 ва 4658- рақамлари билан сақланар экан.

“Далойилул хайрот” асари ҳақида қисқача маълумот берсак. Муаллифи Муҳаммад ибн Сулаймон Жузулий Симлолий Шозилий (807–870/1404–1465) Марокашнинг Жузула туманидаги Симлол қишлоғида туғилган. Исмига Шозилий нисбаси берилиши унинг тасаввуфда шозилия тариқатида бўлганини билдиради. Унинг “Далойилул хайрот ва шавориқул анвор фи зикрис солату ъалан набиййил мухтор” асари дастлаб муридлари орасида кенг тарқаб, кейинчалик оммалашиб машҳур бўлган. Ҳозир бутун мусулмон оламида ўқилади. Бу асар Пайғамбаримизга бағишланган салавот ва дуолар тўпламидир.

Ҳозиргача илм аҳлига “Далойилул хайрот”нинг форсий шарҳи сифатида Муҳаммад Фозил Сафиданий Деҳлавий қаламига мансуб (XIX асрнинг иккинчи ярми) “Мазраъул ҳасанот шарҳи далоилул хайрот” асари таниш эди. Ушбу асар кўп нусхада тарқалган, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида саккизта нусхаси сақланади.

Мирзо Қаландар Мушрифнинг форс тилида ёзилган “Назми шарҳи “Далойилул хайрот” асарининг топилиши муҳим янгилик бўлди. Ҳозиргача Қўқон хонлиги тарихи ва адабиёти тадқиқотчиларига Мушрифнинг бу асари маълум эмасди.

Мирзо Қаландар Мушриф Мир Саидқули парвоначи таклифи билан “Далойилул хайрот”га форс тилида шарҳ ёзгани ва уни Умархонга тақдим қилганини айтади. Китоб Умархонга маъқул бўлганини Мушрифнинг “Рисолаи аскария”сидан билиб олишимиз мумкин. Китобда Мушриф мажлислардан бирида “Далойилул хайрот” шарҳини Умархонга ўқиб бериб, кўнглини шод қилгани айтилган.

Мушриф асар битилган йилни таърихга солган:

 

Гўфт мижуйи ганжи ин ҳожот,

Зи гадойи хазойини саловот.

 

Мазмуни: У ушбу ҳожатлар хазинасини салавот хазиналаринининг гадосидан сўра, деди.

Ушбу таърихни абжад ҳисобига ўгирсак, ҳижрий 1230, милодий 1815 йил чиқади. Демак, ушбу шарҳ Мушрифнинг ҳозиргача маълум асарлари ичида энг олдин ёзилганидир.

“Назми шарҳи “Далойилул хайрот”нинг уч қўлёзма нусхаси матни деярли бир хил. Асарнинг 6859-рақами билан сақланаётган нусхасини бошқаларидан олдинроқ ҳижрий 1236 йили (милодий 1820–21-йил) Сулаймонхўжа Исфарагий кўчирган.

Тошбосма нусха эса 1908 йили Тошкентда чоп этилган.

11230/II рақами билан сақланаётган нусхада кўчирилган йили ва хаттот кўрсатилмаган. Китобнинг охирги бетида “Мирзо Исҳоқ ибн Мирзо Муҳаммад” ёзувли муҳр босилган. Ушбу нусха бир жилддаги иккинчи асар ҳисобланиб, биринчиси юқорида айтиб ўтганимиз Деҳлавийнинг “Мазраъул ҳасанот шарҳи далойилул хайрот” асаридир. Унинг кўчирилган санаси ҳижрий 1277 йил (милодий 1860–61- йил) деб кўрсатилган. Демак, иккинчи асар ҳам шу йил ёки шунга яқинроқ йилда кўчирилган бўлиши мумкин. Деҳлавийнинг асарига қўшиб бирга саҳифаланиши “Назми шарҳи далойилул хайрот”нинг ўз даврида машҳур бўлганини билдиради.

Асар бошида муаллиф муқаддимаси, Пайғамбаримизга наътлари, чорёрлар васфлари ва Умархоннинг сифатлари берилган. Асарнинг асосий қисми “Далойилул хайрот”нинг душанба кунга мўлжалланган салавоти шарҳидан бошланган. Олдин салавот араб тилида келтирилиб, кейин форсча назмий изоҳ берилган.

Мирзо Қаландар Мушрифнинг ушбу “Назми шарҳи “Далойилул хайрот” асари Қўқон хонлиги тарихининг ҳали ўрганилмаган томонларини очишда қимматли манба бўлиши мумкин. Шарҳнинг кўп нусхада кўчирилиши хонлик замонида “Далойилул хайрот”нинг аҳамияти нечоғлик катта бўлганидан дарак беради.

 

Файзуллахон ОТАХОНОВ,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти тадқиқотчиси