Шайх Худойдод Валий (1461–1542) яссавия тариқатининг пири комил устозларидан. У Карманада туғилди, шу ерда яшаб ижод қилди. Сўнгги макони Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғи эса-да, ҳаёти ва фаолиятининг камолот даври она тупроғи билан боғлиқ.

Абдурауф Фитрат “Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар” мақоласида Худойдод Валийни Сулаймон Боқирғоний, Иқоний, Машраб, Фақирий, Ҳуббий, Қул Шарифий, Қосим, Насимий, Шуҳудий, Гадоий, Беҳбудий ва Тож каби тасаввуф шоирлари билан бир қаторга қўяди. У ҳазрат Аҳмад Яссавий тариқати ва ҳикматнавислик анъанасини изчил давом эттирган, ўзбек тасаввуф шеърияти ривожига муносиб ҳисса қўшган мутасаввиф адиблардан.

Қуйида унинг ижодидан айрим намуналар эътиборингизга ҳавола этилаётир.

 

* * *

Менга бу танда жон Сенсиз керакмас,

Ҳаёти жовидон Сенсиз керакмас!

На қилсун ошиғинг ишқингдан ўзга,

Нечаким бўлса жон, Сенсиз керакмас!

Нечаким мўмину бўлсам мусулмон,

Менга дину имон Сенсиз керакмас!

Агар икки жаҳон хушликни берсанг,

Ҳамиша жовидон Сенсиз керакмас!

Худойдод найласин пирлик ҳолинда,

Жаҳон ичра жаҳон Сенсиз керакмас!

 

* * *

Сенинг дардингга мен дармон на қилсам,

Йиғибон барчасин сарсон, на қилсам!

Сенинг дардингда жон шукрона берсам,

Ярашур ҳам тақи қурбон, на қилсам!

Сенинг дардинг қамуқ дардға даводур,

Қамуқ дард ўтида жон, на қилсам?

Сенинг дардингни истар бу Худойдод,

Анинг-ла ҳар замон ҳайрон, на қилсам!

 

* * *

Холиқим севди мени, мен нега севмасман Ани,

Икки олам дўстлиғин ташлаб севдурди мани.

Чунки дўстлиқ давлатин топдим, уландим васлиға,

Юз туман, минг жон била чун сотқун олғум васлини!

Нечаким васлинг тиларда юз жафо тегса манга

Ул менга айни вафодур, чун топар бўлсам Сани!

Мен сени сендин тилармен ўзлигимдин узилиб,

Ўзлигимдан узмайин ҳаргиз топа олмам Сани.

Чун ўлар сен, Эй Худойдод, ўлгин ўлмасдан бурун,

Давлати боқий керакса, ташла фоний нарсани!

 

* * *

Тушгали меҳринг кўнгилга зор бўлди бу кўнгил,

Бир замоне кўрмадим, афгор бўлди бу кўнгил.

Гар кўнгил рози бўлуб, сабр айласа ҳажри билан,

Нечаким сабр айласам, афгор бўлди бу кўнгил!

Васли ҳижронсиз эмасдур, нетайин, ғам йўлида,

Ишқда барча-барчага ағёр бўлди бу кўнгил!

Ҳажрида афғон қилиб, куйдим рақиблар дардидин,

Шоҳ, васлингни юбор, бас, хор бўлди бу кўнгил!

Эй Худойдод, васлини қилғил таманно дам-бадам,

Гарчи фурқат илкида афгор бўлди бу кўнгил!

 

* * *

Сенинг ишқинг мени девона қилди,

Ўзумдин узди-ю, бегона қилди.

Ўзумни не қилай, икки жаҳонда

Юзининг шамъиға парвона қилди.

Ўзининг талъатин қилди зоҳир

Менга худ неки ёр афсона қилди.

Ўзининг дардини солди кўнгилга,

Вужудимни менинг вайрона қилди.

Худойдод найласун, мулки вужудда

Ўзини дард ила ҳамхона қилди.

 

Суюндик МУСТАФО нашрга тайёрлади.