• Рукни: Мерос

Ушбу мажмуа номи Шайх Аҳмад ибн Муҳаммад Абул Ҳусайн Нурий (вафоти мил. 907 й.) номи билан боғлиқ. Мажмуа «Чилустун» жоме масжиди, булоқ (чашма), Панжоб (Бешпанжа) қудуғи, «Панжвақта» масжиди (Катта Гумбаз), Шайх Абул Ҳусайн Нурий мақбараси ва Нур қалъасидан иборат. “Чил­устун” жоме масжидини 870–880 йилларда Шайх Абул Ҳусайн Нурий қурдирган. XVI асрда Абдуллохон, 1905–1907 йилларда Турсунхўжа Эшон қайта таъмирлатган. "Катта Гумбаз" ёки "Панжвақта" номи билан машҳур масжидни эса 1582 йилда Абдуллохон Шайбоний қурдирган.  Нур чашмаси кимёвий маъданларга бой, доимо ўзгармас ҳароратга эга ширин булоқдир. Чашма суғориш тармоғи ҳисобланиб, Нур шаҳри аҳолиси баробар фойдаланиши учун ҳовлиларга ўтказилган.
Нур қалъаси ҳимоя деворлари узунлиги 21 км., баландлиги 5 м., эни 3,5 м. бўлиб, иккита дарвозаси бўлган.
Ҳукуматимиз ташаббуси ва ёрдами билан 1994 йили “Панжвақта” (Катта гумбаз) масжиди, масжид меҳроби­нинг иккала томонидаги чиллахоналар тикланди.
2009–2010 йилларда мажмуадаги “Чилустун” жоме масжиди асл қиёфасини сақлаган ҳолда қайта таъмирланди.