• Рукни: Мерос

Буюк мутафаккир бобомиз Ҳаким Термизийнинг "Маърифатул асрор" асари инсоннинг ўз-ўзини таниши, ички олами сирларини ўрганишига бағишлангандир. Унинг мутолааси давомида сиз нафс ва уни бўйсундириш йўллари, қалб ва унинг касалликлари ҳамда даволаш усуллари, ихлос ва самимиятнинг моҳияти, зикрнинг турлари ва фазилати каби маънавиятимизни бойитишга хизмат қиладиган ҳикматлардан баҳраманд бўласиз. Асардан айрим фаслларни чоп этмоқдамиз.

Ҳаким ТЕРМИЗИЙ

Ақл ҳақида

Аллоҳ таоло ақлни яратгач, унга: “Кел!” деди. Ақл келди. Сўнг унга: “Ортингга қайт!” деди. Ақл ортига қайтди. Аллоҳ таоло айтди: “Эй ақл! Сендан кўра Менга мукаррам бўлган бирор махлуқни яратмадим. Сен сабаб савоб бераман. Сен сабаб жазолайман. Сен сабаб ғазаб қиламан. Кимга сени берсам, уни мукаррам этаман. Кимни сендан маҳрум этсам, уни хор этаман.
Ақл Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг атосидир. Тоат-итоат бандаларнинг касбидир. Унга фақат Аллоҳнинг лутфу марҳамати билан эришилади.
Ақлнинг қисмлари қум ва юлдузлардан ҳам кўп. Аллоҳ таоло барча махлуқларга уларнинг мартабаларига яраша ақл беради. Ким Аллоҳ таолога муқарраб (яқин) бўлса, унинг ақлдан олган улуши кўп бўлади.

Ақл қисмлари ҳақида

Ақл икки тур бўлади:
Биринчи тур ақл аҳмоқликни бартараф этадиган ақлдир. Унинг вазифаси дунё ишларини яхши бажариш ва охират амалларига киришишдир.
Иккинчи тур ақл эса, неъмат қадрини билиш, нафс хоҳишларидан кечиш туфайли илоҳий тавфиқ билан пайдо бўладиган ақли кароматдир (Аллоҳ фазли билан берган ақлдир).

Аллоҳ таолонинг асирлари ҳақида

Асирнинг руҳи (инон-ихтиёри) бошқада бўлади. Бунинг белгиси: Ким Аллоҳ таолога асир бўлса, барча халқ унга асир бўлади. Ким Аллоҳни яхши кўрса, барча уни яхши кўради. Ким Аллоҳдан қўрқса, ҳамма (нарса) ундан қўрқади. Ким Аллоҳ субҳонаҳу таолони улуғласа, ҳамма (нарса) уни улуғлайди. Ким Аллоҳни дўст тутса, барча (нарсалар) уни дўст тутади. Ким Аллоҳнинг амрида бўлса, инсонлар унинг амрида бўлади. Ким Аллоҳга ҳақиқий бандалик қилса, бошқа бандалар унинг хизматида бўлади.

Тоат ва гуноҳнинг бошланиши ҳақида

Тоатнинг бошланиши ҳақида бундай дейилган: “Тоатнинг тавфиқдир (Аллоҳ таолонинг мададир). Сўнг хотир, фикр, интилиш ва истакдир (яъни, Аллоҳ  тавфиқ берса, фикр уйғонади, билим ҳосил бўлади, тоатга интилиш ва истак уйғонади). Сўнг ният, ирода, сўнг қасд, сўнг амал, сўнг истиқомат (амалда бардавом бўлиш)дир, (яъни, истакдан кейин ният, сўнг тоат қилишга ирода, сўнг қаст пайдо бўлади ва амал қилишга ўтилади ва амалда бардавом бўлинади). Истиқомат амалдан яхшидир. Тоат Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва Унга шукр қилиш билан бўлади. Аллоҳ тавфиқ берсин.
Гуноҳнинг бошланиши эса хизлондир (Аллоҳ таолонинг  бандани ўз ҳолига қолдириши). Сўнг хотир, фикр, интилиш ва ҳаводир (истакдир), яъни нафснинг ўзгаришидир. Сўнг шаҳватдир (истакни амалга оширишга қатъийликдир). Сўнг гуноҳдир. Гуноҳ билан фахрланиш ва гуноҳда давом этиш гуноҳдан ёмондир.

Қалбнинг очиқ ва берк бўлиши аломати ҳақида

Қалбнинг очиқ ва берк бўлишининг аломати қуйидагича: кимнинг қалби очиқ бўлса, Аллоҳ зикридан ва Уни эслашдан ҳеч тўймайди. Унинг нафси қалбига мағлуб ва асир бўлади. Нафси Аллоҳга тоат ва ибодат қилишида, яхши ишларда қалбига ёрдамчи бўлади. Қалби нафсининг устидан ҳукмрон бўлади.
Агар қалб берк бўлса, тоат ва унинг аҳлидан узоқда бўлади, қалб аҳлини дўст тутмайди, нафс султон бўлади, аъзолар истаги шаҳват бўлади ва Аллоҳ таолодан узоқда бўлганидан, шаҳватга тўймайди.
Агар ҳақиқатда қалб Аллоҳ таолони таниса, у ҳол ва мақомларга эришади. Агар қалб гоҳо нафс билан, гоҳо охират билан машғул бўлса, нафс дунё ва ҳалол шаҳват билан овора бўлади.
Қалб қанча ҳалол истак билан машғул бўлса, нафс шунча ҳаром истак билан машғул бўлади ва қалб унга эргашади ва ҳаром билан машғул бўлади. Агар қалб ҳаром билан машғул бўлса, нафс куфр билан машғул бўлади. Қачон қалб нафс даражасига тушса, нафс­ни ўз мартабасида кўради. Яъни, уни ҳоким ҳисоблайди.

Тавба қилувчи, тарк этувчи, инобат қилувчи ва ориф ўрталаридаги фарқ ҳақида

Тавба қилувчи зоҳирий ва ботиний гуноҳлардан батамом сақланувчидир.
Тарк этувчи – баъзи гуноҳларни тарк этиб, баъзиларини ташламаган. Айрим зоҳирий гуноҳлардан халос бўлиб, ботини билан фикрловчидир.
Инобат қилувчи – Аллоҳдан уни тўсадиган ҳар бир нарсадан халос бўлиб, бор вужуди билан Аллоҳнинг Ўзига қайтувчидир. Бунинг эвазини Улуғ Аллоҳдан талаб этади.
Ориф шундай кишики, у ўз аҳволини билади ва баён этади. У Улуғ Аллоҳдан ўзгага юз тутмайди. У амал қилиб Аллоҳдан ҳеч бир эваз сўрамайди.
Тарк этувчига зикр эшиги берк­дир. Тавба қилувчига зикр эшиги кароҳият ила очиқдир. Инобат этувчига зикр эшиги ҳаловат ила очиқдир.
Ориф ҳаловат, ато ва кароматга ҳам парво қилмайди.

Содиқ ва Сиддиқ ўртасидаги фарқ ҳақида

Содиқ – нарсаларни зоҳири ва ботини билан  тасдиқлайди. Баъзан ҳавойи нафси ва дунёга мойил бўлади. Унда шаҳват ва истак-хоҳиш таъсири боқийдир.
Сиддиқ – Аллоҳга ҳар қандай ҳолда ҳам ибодатда бўлади. Уни Аллоҳдан ҳеч бир нарса айира олмайди.
Ростлик сиддиқликнинг ибтидосидир. Сидқ пайғамбарлик сифатларидандир.

"Маърифатул асрор" китобидан Абдулҳамид ТУРСУН таржимаси.