• Рукни: Мерос

Термизлик алломаларнинг энг сермаҳсул ижод қилгани – Ҳаким Термизий асарлари доимо қимматли, унинг ботил оқимларга берган раддиялари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

Ҳаким Термизий ўз замонасида мин­тақа­да кенг тарқалган карромийлар оқими билан тўқнаш келган. Аллома ўз асарларида карромийлик таълимотининг асосларига зарбалар берган. Карромийларнинг “таркул макосиб” (касб-ҳунар билан шуғулланмаслик) ҳақидаги фикрларига қарши чиққан. Карромийлар амалиётда тиланчилик қилиб кун кечиришни тарғиб этишарди. Ҳаким Термизий эса бу ҳолатни кескин танқид қилган. Инсон бировга юк бўлмасдан, ўз меҳнати, касб-ҳунари ҳисобига кун кечириши кераклигини таъкидлаган  ва шу мавзуда “Баёнул касб” номли рисола ёзган. Шунингдек, аллома “Наводирул усул” асарида: “Энг яхши касб тақво билан қилинган тижоратдир, тақво эса банданинг ўз ризқини Аллоҳ таоло кафолатлаганини билишидир”, дейди1.

Ҳаким Термизий ўз асарларида ақида­вий оқимларга ҳам раддиялар беради. Жумладан, умавийлардан қочиб, Хуросонда паноҳ топган хорижийларни танқид остига олади. Улар Ҳирот, Сижистон, Эрон чўлларида жойлашиб олган,  Ҳаким Термизий яшаган даврларда ҳам фаолиятлари давом этаётган эди. Ҳаким Термизий “Наводирул усул” асарининг 41-усули (боби)­да хорижийларни кескин танқид қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг: “Хорижийлар дўзах аҳлининг итларидир”, деган ҳадисларини шарҳлаб, бундай ёзади: “Хорижийлар залолатга кетган қавмдир. Улар ўзларини яхшилик қиляпмиз деб ҳисоблаганлари билан, амаллари ҳалокатга етаклайди. Улар қиёматда ибодатдаги жидду жаҳдлари баробарида ажр олмайдиган қавмдир. Уларнинг қалбларида залолат бор, улар диндан отилиб чиқиб кетдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни бундай тавсифлаганлар: “Қуръон тиловат қиладилар, лекин тиловатлари томоқларидан нарига ўтмайди, худди ўқ камондан отилиб чиққандек тезлик билан диндан чиқиб кетадилар”.

Хорижийлар динда ғулувга кетиб, икир-чикирларга берилдилар ва мусулмонларни гуноҳи сабабли кофирга чиқардилар. Қалбларидаги залолат боис ҳатто пайғам­барларга ҳам етиб бордилар (яъни, уларни ҳам кофирга чиқардилар) ва Аллоҳ изн бермаган нарсага киришиб, (Қуръон ва ҳадисни) ўз раъйларича, асл маъносидан ўзгартириб, таъвил қилдилар2.

“Наводирул усул” асарида ўша даврда аҳли сунна ва жамоа эътиқодидан четлашган мўътазила, муржиа тоифалари “аҳлуз залола” (адашганлар) деб аталган. Муаттила ва муътазилийларнинг баъзи масалалардаги ҳукмларига раддиялар берилган. Жумладан, муаллиф бундай ёзади: «Ғулувга кетган муаттилалар: “Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўринмайди”, дейди. Улар Қуръондаги «Кўзлар Уни идрок этмас» (Анъом, 103) оятига суяниб, “бу Аллоҳнинг сифати, у бекор ҳам бўлмайди, ўзгармайди ҳам, бу дунёда Унинг сифати қандай бўлса, охиратда ҳам шундай бўлади (яъни, У кўринмайди)”, деб даъво қилдилар. Уларга: «Агар ким, Аллоҳнинг сифатларидан бирини рад этса, у тавҳиддан чиқади. Чунки (мўмин) бандалар Уни барча сифатлари билан ягона Парвардигор деб имон келтиришган. (Шундай бўлгач, сизларнинг даъвоингиздан келиб чиқадиган бўлсак,) Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳдан кўринишини сўраганида, Ундан ўз сифатини бекор қилишини сўраган экан-да?!” деб айтилди. Улар бу сўзлардан талвасага тушиб қолдилар»3. Бу раддия “Аллоҳни кўриб бўлмайди”, деб даъво қилувчи мўътазила фирқасига ҳам қарши қаратилгандир.

Ҳаким Терми­зий­нинг ўз замонасидаги сўфийларга муносабати ҳам эътиборга молик. Бу борада қуйидаги икки хулосага келиш мумкин:

1.Ҳаким Тер­­мизий ҳақи­қий мутасаввифларни турли танқид ва таъналардан ҳимоя қилади, уларнинг сўзлари, ҳолатлари  Қуръон ва суннага мувофиқ эканини, тасаввуфнинг ҳақ эканини исботлаб беради.

2. Аллома ўзларини мутасаввифлар деб даъво қилувчи, лекин ножўя хатти-ҳаракати, ёмон хулқи ва одоби билан одамларни наф­ратлантирадиган, бу билан бошқа мутасаввифларга ҳам лаънат келтирадиган сохта, илмсиз “сўфилар”ни танқид қилади. “Наводирул усул” асарида илмсиз сохта зоҳидларга қаратилган кўп танқидларни учратамиз: «Бир тоифа илмсиз кимсалар зоҳидликни даъво қилиб, жоҳилликларидан турли бидъатларни ўйлаб чиқардилар. Улар “зуҳд” деганда дунёвий нарсалардан буткул юз ўгириш, дунё аҳлидан узлатда бўлиш деб тушундилар, яқинлари билан алоқаларни уздилар, одамлардан узоқлашдилар, (жамиятдаги) бурчларини поймол қилдилар, бойларнинг юзига нафрат билан қарадилар. Ўзларининг қалбларидаги бойлик ҳирси эса мисоли баланд тоғдир.

Билмайдиларки, зуҳднинг асли қалбдаги шаҳватларни ўлдиришдир. Улар эса тана аъзолари билан баъзи нарсалардан тийилиб, “зоҳидликни мукаммал адо этдим”, деб ҳисоблайди. Жаҳолатлари шу даражадаки, ризқи кенг­лиги, мол-мулки бисёрлиги билан танилган имомларга таъна тошларини отдилар, ҳатто баъзи анбиёларни ҳам айбладилар. Улар: “Раббимизга таваккул қилдик, ризқ талаб қилиш Унга шак келтиришдир”, деган даъво билан, касб, саъй-ҳаракат, меҳнат орқали ризқ топишни рад этиб, ўтириб олдилар. Одамларнинг остонасида тама қилиб юрдилар. Улар ўз ҳаракатлари билан Аллоҳ таолони алдамоқчи бўладилар”4.

Аллома ҳали юқори мақом­ларга эришмасдан, нафсига берилиб, ўзини “шайх”, “авлиё” деб эълон қилган, натижада ўзига эргашган одамларни ҳам тўғри йўлдан адаштирган сохта “авлиё” ва “шайхлар”ни имтиҳон қилиш учун 157 та савол тузиб чиқади. Ушбу саволларга жавоб бера олмаганларни ҳали керакли даража ва мақомга етишмаган деб баҳолайди.

Хуллас, Ҳаким Термизий IX–X асрларда – турли диний фирқалар, гуруҳ ва оқимлар сохта даъволар билан халқни тўғри йўлдан оғдиришга қилаётган ҳаракатлар авжига чиққан бир даврда яшаб, уларга ўзининг мустақил ва илмий асосланган фикрлари билан муносиб раддиялар берди, одамларни залолатдан сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

Иброҳим УСМОНОВ,
Тошкент ислом университети доценти

1 Ҳаким Термизий. “Наводирул усул”. Т. I. Б. 607–610.
2 Ўша китоб. Т. I. Б. 345–348.
3 Ҳаким Термизий. "Наводирул усул".  Т. I. Б. 607–610
4 Ўша китоб. Т. II. Б. 54.