• Рукни: Мерос

Мутафаккир шоир ва йирик давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳайратли даражада беқиёc ва бетакрордир. Шоирнинг пурмаъно ва серқатлам шеъриятини навоийшунос олимлар ҳозирга қадар мукаммал даражада тадқиқ ва талқин этиб улгурган эмас. Чунончи, “Хамса”, “Хазойинул-маоний” (“Маънолар хазинаси”), “Назмул-жавоҳир”, “Маҳбуб­ул-қулуб” (“Қалблар севгани”), “Сирожул-муслимин”, “Муншаот” (“Мактуб­лар”), “Насойимул-муҳаббат” (“Муҳаб­бат шабадалари”), “Девони Фоний” (“Фоний девони”), “Лисон ут-тайр” (“Қуш тили”), “Муҳокаматул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) номли бадиий ва илмий-маърифий мавзудаги асарлари нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётининг бебаҳо дурдоналарига айланди. Алишер Навоий фавқулодда истеъдод соҳибидир. Унинг бу даражага етиб келишида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, тасаввуф, балоғат ва мантиқ илмларини билиши муҳим аҳамият касб этади. Ёш Алишер тўққиз ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олгани манбаларда айтилган.

Алишер Навоий ҳаёти давомида фақат ижодий ишлар билан чекланиб қолмаган. Яқин дўсти Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтирганидан кейин вазир ва муҳрдорлик лавозимларида ишлайди. Ижтимоий ҳаётда фаолияти юксак баҳоланиб, унга “Амири кабир” ва Самарқанддаги хайрли ишлари учун “Чиғатой амири” унвони берилади. У нуфузли лавозимларда ишлаган даврида мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатиш, вақф ишларини тартибга солиш, шаҳарларда савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ривожига катта аҳамият берди. Унинг саъй­-ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик юксалди. Ҳирот обод ва фаровон шаҳарга айланди. Бу даврда биронта мамлакатга қарши босқинчилик уруши олиб борилмади. Бундан ташқари, Алишер Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро билан ўғиллари ўртасидаги келишмовчилик ва низоларни бартараф этишдаги хатти-ҳаракатлари таҳсинга сазовордир. Шунинг учун халқ Алишер Навоийни яхши кўрар ва унга ишонарди. Ҳусайн Бойқаронинг халқ фойдаси ва манфаати учун адолатли фармонлар чиқаришида ҳам шоирнинг хизматлари алоҳида ўрин тутади. Буни “Маҳбубул-қулуб” асарида шундай баён этади: “Одил подшоҳ ҳақдин халойиққа раҳматдур ва мамоликка мужиби амният (тинчлик, омончилик. Қавс ичида берилган изоҳлар бизники – Б. Э.) ва рафоҳият (турмуш кенгчилиги, яхши аҳвол). Қуёш била абри баҳордек қора туфроғдин гуллар очар ва мулк аҳли бошиға олтун била дурлар сочар. Фуқаро ва нотавонлар анинг тиғи сиёсатидин фарсуда (ҳорғин, эзилган). Ҳаросат (ҳайбат, қўрқув)и­дин қўю қўзи, бўри хавфидин эмин ва сиёсатидин мусофир кўнгли қароқчи ваҳмидин мутмаин (хотиржам). Рифъати (юксаклик, баланд мартабалик)дин ҳар мактабда атфол ғавғоси ва муҳофазатидин зуафо ҳаммомида аларнинг алоло (шовқин-сурон, қий-чув)си, ҳайбатидин йўллар қароқчидин холи ва қўллар тўла улус моли ва забтидин амалдорлар қалами синуқ ва ситамкорлар алами йиқуқ. Жидди (саъй-ҳаракат)дин масожид жамоат аҳлидин мамлу (тўла) ва мадорис баҳс ва жадал хайлидин ғулув. Қисоси тиғидин ўғри илги эл молидин кўтоҳ (қисқа, калта), интиқоми бийми (қўрқув, хавф)дин қотиъ тариқ (йўлтўсар) ҳоли адам биёбонида табоҳ (хароб, бузуқ)”.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, Алишер Навоий ўз замонида маданият ва санъатнинг чинакам ҳомийси сифатида турли соҳа ижодкорлари тилида дос­тонга айланди. Тарихий манбаларда Алишер Навоий Шайхим Суҳайлий, Хожа Осафий, Биноий каби ўнлаб шоирлар, Ҳасан Ноий, Хожа Абдулло Марворий, Қулмуҳаммад Удий, Шоҳқули Ғижжакий каби созандалар, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Султонали Машҳадий, Абдужамил Котиб, Хожа Ҳофиз Муҳаммад, Султонали Коиний, Муҳаммад Хандон, Мавлоно Ҳиж­роний каби машҳур котиблар, Беҳзод каби мусаввирларни қўллаб, уларнинг ижодий ишига имкон ва шароит яратиб берди. Шу боис Ҳирот шаҳрига турли жойлардан ижод аҳли ташриф буюриб, Навоийнинг ҳомийлиги остида ижод билан шуғулланишга иштиёқманд бўлишган.

Ижтимоий-сиёсий масалаларни тўғри ҳал этиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатлам ва қавмларга бир хил муносабатда бўлиш, ҳамманинг манфаатига баробар хизмат қиладиган жамоат биноларини қуришга алоҳида эътибор қаратиши шоирнинг номи ва довруғини бутун мамлакатга ёйди. Тарихчи Хондамирнинг қайд этишича, Алишер Навоий ўз ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неч­та мадраса, 40 та работ, 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 га яқин ҳовуз бунёд этган ёки таъмирлатган. Ҳиротдаги “Ихлосия” ва “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” тиббиёт маскани, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган “Дорул-ҳуффоз” биноси, Марв­даги “Хусравия” мадрасаси, Машҳаддаги “Дорул-ҳуффоз” хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморий ёдгорликлари шулар жумласидандир. Шуниси янада эътиборлики, Алишер Навоий ноҳақлик ва адолатсизликка қарши курашди, ўз вазифасини  суиистеъмол қилувчи амалдорларнинг таъмагирликларини фош этди, ожиз ва муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди. Шоирнинг ўзи “Вақфия” асарида буни шундай изоҳлайди: “Илигимдан келганча зулм тиғин ушотиб, мазлум жароҳатиға интихол (танлаш, ажратиш) марҳам (малҳам)ин қўйдим. Ва илигимдин келмаганни ул ҳазрат арзиға еткурдим. То зулм паланги терисидин кийик суръатлик бодпо (чопқир от)лар ғошия (эгар ёпинчиғи)сиға зийнат берди ва мазлум жони кийиги кўзига амният марғзор (ўтлоқ)и­­да қоплон доғлари ўрнига лола доғлари кўргузди”.

Алишер Навоий исломий таълимот ва тасаввуф руҳи билан суғорилган умрбоқий асарлар яратди. Шоирнинг ҳар бир асари ўзига хос бир дунё. Бу оламга кирган киши юксак маҳорат билан тикланган бадиий-маънавий обидаларни кўриб ҳайрати ошади. Бугунги кунда шоирнинг диний-тасаввуфий, илмий-бадиий қарашларини теран ўрганиш ва таълим-тарбия борасидаги донишмандона фикр-мулоҳазаларидан воқиф бўлиш соғлом ва баркамол авлод тарбиясида ўз самарасини беради. Шунинг учун шоир адабий меросининг ҳикмат билан суғорилган қатламларига чуқур кириб бориш ва ақл тарозиси билан ўлчаб баҳолаш бугунги кунда навоийшуносликда амалга ошириш лозим бўлган долзарб вазифалардан биридир.

Бобомурод ЭРАЛИ