Жаҳон маданияти тарихида буюк сиймо сифатида ўчмас из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазаллари, рубоий, туюқ ва маснавийлари асрлар оша севиб ўқилади. Мемуар асар “Бобурнома” – Бобур ижодининг кўркидир. Унда Бобурнинг қадами етган эл-юртлар тарихи, географияси, наботот ва ҳайвонот олами, иқлими, маданий муҳит ва турли тоифа инсонлар тавсифи мужассам. Шоирнинг ҳаёти ниҳоятда мураккаб ва таҳликали кечганини мазкур сатрлардан ҳам англаш мумкин:

 

Даврон мени ўткарди сару самондин,

Ойирди мени бир йўла хонумондин,

Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна,

Неларки бошимға келмади даврондин.

 

Бобур шахсиятида жуда камдан-кам инсонга насиб қиладиган ғаройиб бир хислат – шоҳ ва шоир­лик фаолияти уйғунлашди. Дунё ва охират ишини бир маромда олиб бориш, юртма-юрт кезиб, улкан бир мамлакатни бунёд қилиш, унинг тинчлигини сақлаш, оқилона бошқариш – бир инсон умри учун етарли ишдир. Айни чоғда, кўнгли билан ёлғиз қолиш, ўзни тинимсиз тергаш, қилмишларини тарозига солиш ва ишидан қониқмаслик, “мен”ини аёвсиз фош этиш, ҳақиқатга мардона қараб, чин ва холис ёзиш, воқеликни яширмай, ортиқча безатмай баён этиш, наз­м­­­­­га солиш жуда кам инсонларга бериладиган ноёб истеъдоддир.

Бобур лирикасида ҳижрон ва висол, ишқ-муҳаббат тараннуми ва ҳаёт жабру жафоларини тотиш мавзуси асосий ўрин эгаллайди:

 

Ишқ дардини чекиб ҳар ким топса васли ёр,

Ул замон бўлғай унут юз йилғи ҳижрон шиддати.

Ишқ дарди ошиқни “жунун аҳли” билан ошно этади. Бунда “жунуну ишқу йигитлик бори” қоришиб кетади. Ошиқнинг “телба бўлмоқликдин ўзга” чораси қолмайди. “Ишқ ила девоналиғда бўлмишам соҳиб камол”, дейди у. “Девона кўнгил”, “телба кўнгил”ли ошиққа оқилнинг насиҳати ҳам фойда бермайди:

 

Қўй, эй оқил, насиҳат сўзлар­никим дилписанд эрмас,

Менинг девона кўнглимга насиҳат судманд эрмас.

 

Бундай бетакрор инсоний эътирофлари, ўзи ҳақидаги “рост ҳикоятлар” Бобур ижодининг асос-ўзагини ташкил этади.

Бобурнинг ҳаёт йўлида шундай ҳолатлар бўлдики, “кўнгли тилаган муродига” ета олмади, аммо орзу-ниятларини, мурод-мақсадларини тарк ҳам эта олмади. “Бошини олиб бир сориға” кетиш мотиви – шоир ижодида кўп такрорланади. Ҳижрон, ғурбат ва ғариблик алами йиллар ўтиб, “роҳат била ишратқа мубаддал ўлди”. Бироқ унинг қалби бу билан таскин топмади, тинчланмади; хотиржам бўлгани йўқ:

 

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

 

Қисмат иши қизиқки, Бобурга бир умр киндик қони тўкилган юртининг тупроғи азиз ва мўътабар бўлиб қолди. “Бобурнома”да Ҳинд мамлакати ҳақида шундай ёзади: “Элида ҳусн ва ҳусни ихтилот ва омизиш ва омаду рафт йўқ ва табъ ва идрок ва адаб йўқ ва карам ва мурувват йўқ ва ҳунарларида ва ишларида сиёқ ва андом ва режа ва гўния йўқ ва яхши от йўқ ва яхши ит йўқ ва узум ва қовун ва яхши мевалар йўқ ва ях йўқ ва совуқ сув йўқ ва бозорларида яхши ош ва яхши нон йўқ ва ҳаммом йўқ ва мадраса йўқ ва шамъ йўқ ва машъал йўқ, шамъдон йўқ…” Бунда қатор тизилган “йўқ”лар талабини Бобур қаердан олди? Табиийки, юксак маданият, ҳусни хулқ, адаб, тозалик, турли ноз-неъматлар – буларнинг барчаси Бобурнинг тарк этган, умр бўйи талпинган ўз Ватанида мавжуд эди. Ватанпарвар ҳинд фарзанди Жавоҳарлаъл Неру Бобурнинг қаторлашган “йўқ”ларига нисбатан унинг Ҳиндистонда атиги тўрт йилгина яшаганини эслатиб: “Уларда (ҳиндларда – Б.К.) ҳар ҳолда бирор нима бордур”, деб беихтиёр сўрагинг келади. Бобур мазкур сатрларни битаётганида ҳамма нарсадан кўнгли қолган кўринади”, деган бир жумлада муносабат билдирди. Айни дамда фотиҳ Бобурнинг барча яхшиликларини Жавоҳарлаъл Неру: «Бобур бе­қиёс даражада маданий, дилбар шахслардан бири эди. У мазҳабпарастликка хос маҳдудлик ва диний мутаассибликдан йироқ эди. Бобур санъат ва адабиётга қизиқар, ўзи туркий ва форс тилида шеърлар битар эди. У гуллар ва боғларни севар, жазирама Ҳиндистонда Ўрта Осиёдаги ватанини тез-тез эслаб турарди: “…бинафшаси бисёр латиф бўлур… қалин лола ва гуллар очилур”, деб хотирлайди у эсдаликларида», дея эътироф этган.

Бобур табиатан мард, меҳр-мурувватли, саховатпеша, кечиримли шахс эди. Зотан, ўзига ёмонлик, баъзида хиёнат қилган, ҳатто ошига заҳар қўшиб ичирган кимсаларни кечирган вазиятлари ҳам тарихий манбаларда битилган. Муҳаммад Ҳайдар мирзо “Тарихи Рашидий” асарида ёзади: “У турли гўзал фазилатлар, мақтовга лойиқ сифатларга эга подшоҳ эди. Барча сифатлари ичида шижоат ва мурувватпешалиги устун келарди”.

“...даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ” ҳамда “бори элга яхшилиғлар” деган, башариятга гўзал асарлар тақдим этган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг яхшилик ва яхши ном қолдиргани тарих саҳифаларида мангу ҳаётдир.

 

Баҳодир КАРИМОВ, филология фанлари доктори