Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ижодини кузатар эканмиз, унда дунёвийлик ва илоҳийлик ҳеч қачон бир-бирига зид қўйилмаганининг гувоҳи бўламиз. Шоир наз­дида инсон дунёвий ва ухровий талаблар асосида камол топади. Бу асосда шаклланган шахс чин комил инсондир. Ҳақиқий комил инсон Тангри таолога яқин, элпарвар, юртпарвар бўлади, эл-юртга беминнат хизмат қилади. Мана шу ғоя Навоий асарларининг мағзини ташкил этади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, шоир ижодини ўрганишда, унинг диний эътиқодини доимо назарда тутиш лозим, акс ҳолда, илгари сурилган ғояларни англашда катта хатога йўл қўямиз.

Навоий девонидан сўфиёна ғазаллар, “ишқи илоҳий” ва “ишқи мажозий” моҳирона талқин этилган назм дурдоналари жой олган. Барча достонлар Аллоҳ таолога ҳамд билан бошланади, сўнгра Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га наът келтирилади.

Афсуски, собиқ шўролар замонида Навоий бебаҳо хазинасининг мана шундай фазилатлари беркитилди. Достонлардаги ҳамд ва наътлар олиб ташланди. Сўфиёна фикрлар, “ишқи илоҳий” коммунистик мафкурага мослаб талқин этилди. Жумладан:

Зоҳид, сенга ҳуру, менга жонона керак,
Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак,


мисраларини олсак. Унда Аллоҳ таолонинг ишқи ва маърифати куйланади. Шўролар даврида “Навоий бу мисраларда шароб ва жононани таърифу тавсиф қилган”, дея талқин этилган, шу тариқа, тасаввуф ғоялари хаспўшланган эди.

Истиқлол йилларида, бебаҳо дурдоналар тўлалигича асл ҳолида чоп этилди. Шоирнинг тўла асарлар тўплами “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” томонидан нашр этилгани алоҳида эътирофга сазовордир. Олдинги нашрларда йўл қўйилган имловий ва мантиқий хатолар бу нашрда бартараф этилган. Достон ва девонлардаги ҳамд ва наътлар тикланган. Навоийнинг ахлоқий ва руҳий камолот, савоб ва гуноҳ, инсоф ва диёнат, дунё ва охират билан боғлиқ теран тушунчалари акс эттирилган бир қатор диний-тасаввуфий асарлари ҳам илк маротаба ушбу тўпламдан жой олди. Шулардан бири “Арбаъин”дир. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг феъл-атворлари, таълим-тарбия бобидаги кўрсатма ва ўгитлари назмга солинган. Ундаги ҳадислар дўстлик, қўшничилик, тинчлик, ота-онага ҳурмат, инсонларга меҳр-муҳаббат, етим, бева-бечораларга мурувват каби одоб-ахлоқ асосларини ўз ичига олади. Навоий ҳадиси шарифларни ўзбек тилида тўртликлар орқали лўнда ва таъсирчан тарзда ифодалайди. Шу сабабли “Арбаъин” ғоявий-бадиий ва тарбиявий жиҳатдан ўзбек адабиётида муҳим аҳамият касб этади. У китобхонни ана шу инсоний фазилат ва ахлоқий сифатларга эга бўлишга, эътиқодини пок сақлашга даъват этади.

Навоийнинг “Сирожул муслимин” асари ҳам мустақиллик туфайли илк маротаба китобхонларимиз қўлига тегди. Унда Ислом асослари, Аллоҳ таолонинг сифатлари, шариат аҳкомлари, қонун-қоида ва ақидалари назмда гўзал тарзда баён қилинган. Навоийшунослар “Сирожул муслимин”нинг ёзилишида Хожа Аҳрор Валийнинг истаги асос бўлганини таъкидлайдилар. Ушбу асар муаллиф эътиқоди, диний тасаввури ва қарашларини теранроқ англашимизга кўмаклашади. “Сирожул муслимин” қуйидаги мисралар билан хотима топган:

Умидим улки, ҳар ким ўқуғай,
Мунинг нури билан кўнгли ёруғай.
Дуо бирла мени айлагай ёд,
Равоним ул дуодин айлагай шод.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, буюк бобокалонимизнинг ушбу орзу-истаги амалга ошди. Ўзбек китобхонлари Навоийнинг асарларини ўқиб, ҳақига дуо қилмоқдалар.

Навоий умрининг охирида яратган асарларидан бири “Муножот”дир. У Аллоҳ таолога тазарруъ баёнидан иборат. Буюк инсоний заковат билан яратилган бу асар китобхон имону эътиқодини мустаҳкамлайди, диёнатни уйғотади.

Алишер Навоийнинг форс тилида ёзилган “Ситтайи зарурия” асари олти қасидани ўзида мужассам этган. Ушбу асарнинг ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилиши ҳам шоир ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитади. Қасидалар инсонларни асл душманлари – нафси ­аммора, шайтони лаъин васвасаси, “дунёйи дун”нинг жилваю нағмаларидан огоҳлантириб, ҳушёрликка чақиради. Комил ва маҳбуб инсон бўлиш, Ҳақ таолога қурбат ҳосил қилиш учун аввало гуноҳ ишлардан сақланиш, гўзал хулқ-атвор билан безаниш лозимлигини уқтиради.

Навоийнинг пур­ҳик­мат асарлари халқимиз ўзлигини англашида, ахлоқий-маънавий жиҳат­дан юксалишида катта тарбиявий аҳамият касб этади.

 

Салоҳиддин ГАДОЕВ,
Бухородаги “Хўжа Исмат”
жоме масжиди имом-хатиби