Ҳазрат Хожа Фахриддин Исматуллоҳ ибн Масъуд Бухорий тахминан 1365–1436 йилларда яшаб ижод этган буюк шоир, валиюллоҳ зот бўлган. Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, Алишер Навоийнинг “Мажолисун нафоис”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкиротуш-шуаро” асарларида Хожа Исматуллоҳ Бухорий ҳақида кенг маълумот берилган.
 
Хожа Исматуллоҳ форс-тожик ва ўзбек тилларида ижод қилган, 1035 байтдан иборат “Иброҳим Адҳам” номли достони ўзбек тилида ёзилган. Шоирнинг форс-тожик тилида битган “Девон”ининг нусхалари Санкт-Петербург, Филадельфия, Лондон, Калькутта, Душанбе ва Бухоро кутубхоналарида сақланмоқда. Мазкур “Девон”дан шоирнинг ғазал, рубоий, мухаммас, қасида ва маснавийлари ўрин олган.
 
Шоир ижодида асосан ишқ, вафо ва садоқат мавзулари кенг ўрин эгаллаган: 
 
Кўрмадим қалб мулкида ғамдин бўлак ишқ туҳфасин,
Ўтди йиллар, во дариғ, шу ғамни меҳмон асрадим.
 
Унинг шеърларида васф этилган ишқ фақат ёр ишқи ёки дарди эмас, бу – дўст, Ватан, устоз ва Аллоҳга бўлган ишқдир. 
 
Хожа Исматуллоҳ Бухорий Самарқандда Халил Султон саройида, кейин бир муддат Мирзо Улуғбек таклифи билан унинг хизматида бўлади. Саройда устозлик қилиб, сарой аҳли қалбини адолат, илм-маърифат нури билан ёритишга ҳаракат қилди. Кейинчалик саройдаги тартибсизликлар, фисқу фасодлар, ўзаро мулк талашишлар, низолар шоир қалбини изтиробга солади ва у Бухорога қайтади. 
 
Қайда бўлсак, муҳри меҳринг кўксимизда бор эди,
Боқ, ҳануз ҳамроҳ ўшал муҳру нишон, келдик яна.
 
Бухорога қайтиб келгач, она шаҳрида фақирона яшаб, ижод билан машғул бўлади. 
 
Шоҳ қасри ёнидан ўтардим, кўзга –
Чалинди зар битик шундоқ калима:
Мўрчадай хок бўлгин қаноатда, лек
Сулаймон тожини зинҳор тилама.
Фақирлик йўлининг чанги афзалдир,
Бебаҳо бойликка кўнглинг бойлама.
 
Дунёпараст одамларнинг адолатсизлигию дилозорлигидан кулфат кўрган, дард чеккан Хожа Исматуллоҳ “Бир васият сўйлар Исмат, тинглагил боиштиёқ” сатри билан бошланган ғазалида бундай дейди:
 
Ҳар киши бирла жаҳонда суҳбат айлар истасанг,
Дўст эмас, душман бўлур маслакда йўқса иттифоқ.
...Ноаҳиллар даврасидан қоч,  гуноҳга ботмайин, 
Руҳ қушингга қайғу, кулфат ташламай банду тузоқ.
 
Хожа Исматуллоҳ Бухорий ижодида Аллоҳни севиш маънавий комиллик, поклик тушунчаси билан уйғунлашади. Шоир  ёр (Аллоҳ) васлига етишиш учун уқубатларга сабрли бўлишга чақиради:
 
Жабринг хушдурур барчанинг вафосидан,
Дашноминг яхшироқ барчанинг дуосидан.
Лутф айлаб, асрагил – бизга бегоналик,
Барча бегонага ошнолик балосидан. 
 
У бир шеърида Аллоҳга илтижо қилиб, бундай ёзади:
 
Қийнаб ўлдир, розиман, лек ўзлигим қолдир менга,
Булбули саргаштани гулдан узоқ ўлдирмагил.
Исматинг ўлдирма, ё Раб, шум балолар ўқидин.
Ки азиз айлаб ўзинг, хор, бесўроқ ўлдирмагил.
 
Аллоҳ Ўзи азиз тутган бандасининг илтижосини қабул қилиб, “Булбули саргашта” – шоирга “ўз гулзори” – Бухорои шарифда вафот этишни насиб этди.
 
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
Бухоро шаҳридаги “Хўжа Исмат” 
жоме масжиди имом-хатиби