• Рукни: Мерос
Хожа Абдулхолиқ ҳазрат­лари милодий 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувон даҳаси (шаҳрида) таваллуд топган. Отаси Имом Абдулжамил Имом Молик наслидан, зоҳирий ва ботиний илмлар олими, онаси эса маликалардан эди.
Хожа Абдулхолиқ ҳазрат­лари тахминан беш ёшдан то ўн ёшгача Бухорода зоҳирий, ­яъни шаръий илмлар таҳсилини олган. Кейинчалик Хожа Юсуф Ҳамадонийдан ботиний илмлар (тариқат)га доир мукаммал таълим-тарбия олган ва устозининг тўртинчи ўринбосари бўлишдек олий шарафга муяссар бўлган.
Хожа Абдулхолиқ ҳазрат­лари ҳижрий 617, милодий 1220 йилда вафот этган.
Хожа Абдулхолиқ ҳазрат­ларидан кўплаб мўъжаз рисолалар мерос қолган. Қуйида у зотнинг маънавий фарзанди Хожа Авлиёи Кабирга ёзган “Васиятнома”сини аслиятидан таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. 
 
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ 
(ҚАД­ДАСАЛЛОҲУ СИРРАҲУЛ АЗИЗ) АЙТДИЛАР:

1. Эй ўғилгинам! Сенга тақвони амр этгайман, уни ўзингга шиор айлагайсан.
2. Аллоҳ таолонинг амр ва қайтариқ­ларини, Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тавсияларини ихлос билан адо қилгайсан. Ота-онангнинг, барча машойихнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя айлагайсан, токи Аллоҳ таоло сени муҳофаза қилсин.
3. Қатъий вазифанг бўлсинки, Қуръон тиловатини асло тарк қилмагайсан. Ошкор ҳолда ҳам, пинҳон ҳолда ҳам Қуръонни давомли тиловат қилгин. Қуръонни ибрат ва тафаккур ила, кўзда ёш билан ўқи. Ҳар ҳолинг Қуръонга мос, мувофиқ бўлсин. Зеро, Ҳақ таолонинг халқ орасида ҳужжати фақат Қуръондир.
4. Доимо ўқиб-ўргангин. Хоссатан, фиқҳ ва ҳадис илмини ўқи. Жоҳил (илмсиз, нодон) сўфийлардан узоқ бўл, боиси, улар дин йўлининг ўғрилари ва мусулмончиликнинг қароқчиларидир.
5. Суннати мутаҳҳарага маҳкам ёпиш ва ўтган улуғ зотлар (яъни, аҳли сунна вал жамоа) имомларининг йўлларида юр! Чунки динда янги пайдо бўлган ҳар нарса бидъатдир. (Бидъат эса залолатдир. Залолат эса жаҳаннамга олиб борур.)
6. Дунёда қаноаткор бўл ва ҳалолдан еб-ич. Зеро, барча хайр (яхшиликлар)нинг калити шунга боғлиқ. Ҳаромдан қаттиқ сақлан!
7. Ҳалолдан кийин, шунда ибодатларнинг лаззатини ҳис қилурсан.
8. Аллоҳ таолодан ҳар доим қўрқ ва шуни яхши билгинки, бир Куни, муҳаққақ, Унинг ҳузурида оёқда тик турганча ўз қилмишларинг учун ҳисоб берурсан.
9. Кечаси ва кундузлари кўпроқ намоз (нафл) ўқи ва асло жамоатдан айрилма. 
10. Шуҳрат талаб қилма, аксинча, гумном бўл. Диндорлигинг овоза бўлмасин. Кўп саёҳат қилки, нафсинг хор бўлсин.
11. Машойихнинг кўнглига қара, дуоларини ғанимат бил. Хонақоҳ (даргоҳ) бино айлама ва унда (шайхлик даъвоси билан) ўтирма.
 
12. Бировларнинг мақташига мағрур бўлма ва ёмонлашига маҳзун ҳам бўлма. Халқнинг сени мақташию ёмонлаши наз­дингда бир хил бўлсин. Халқ билан хушмуомала бўл.
 
13. Одобли бўлгин. Каттаю кичикка бир хил марҳаматли, эҳтиромли бўл. Қаҳқаҳа отиб кулма. Чунки кулги ғафлатдандир ва у дилни ўлдирур.
14. Доимо хавф (қўрқув) ва ражо (умид) орасида бўл. Тариқат соликининг мақоми ана шудир.
15. Эй ўғилгинам! Шайх (яъни, комил устоз) муридга унинг отаси кабидир. Муридни Аллоҳга яқинлик мақомига эриштиргай.
16. Нафсинг билан ҳар доим мужодала айла. Доим охират ғамини чек ва ўлимни кўп эсла.
17. Раҳбар бўлишни талаб қилмаки, ҳар кимда раҳбарлик орзу-ҳаваси пайдо бўлса, уни тариқат солики демоқ тўғри бўлмас.
18. Доимо рўза тут. Чунки рўза мўминга қалқондир.
19. Фақр ҳоли ичра покиза бўл. Дунёда парҳезкор ва охиратга рағбатли бўл. Диндор ва вафоли бўлгин. Сармоянг фиқҳ илми бўлсин.
20. Аллоҳ таоло розилиги йўлида машойих­ларга (солиҳ зотларга) жону молинг билан хизмат айла. Уларнинг йўлларига эҳтиром кўрсат. Зинҳор уларни инкор айлама. Агар азиз зотларни ноўрин ранжитиб қўйсанг, асло барака топмассан.
21. Амалдорларнинг даргоҳидан бирон нарса тама қилма. Эртанги кун учун озуқа ғамлама. Ризққа Аллоҳнинг ўзи кафилдир, буни асло унутма.
22. Бахилликдан ва ҳасаддан сақлан. Чунки иккисининг жойи жаҳаннамдир.
 
23. Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишон. Барча махлуқотдан умидингни уз, уларга кўнгил берма. Ҳар доим рост сўзла ва Аллоҳдан қўрқ. Ҳар доим (қалбан) Ҳақ таоло билан бўл. Агар махлуқотдан биронтасига кўнгил бергудек бўлсанг, Аллоҳ таолодан узоқлашурсан.
 
24. Нафсингга доим эҳтиёткорлик билан муомала қил. Боиси, у сенинг уловинг­дир.
25. Тилингга эҳтиёт бўл, халққа холис насиҳат айлагувчи бўлгин.
26. Оз егин, кам ухлагин, кам сўзлагин. Аммо Аллоҳ таолони кўп зикр этгин.
27. Қалбинг доимо маҳзун, кўзинг ёшли, амалинг холис, дуоинг мужоҳада, либосинг эски бўлсин. Дўсту биродарларинг дарвеш (яъни, тоат-ибодат аҳли), уйинг масжид, дастмоянг (яъни, бор мол-мулкинг) фиқҳ, зийнатинг зуҳд, мунис-меҳрибонинг Аллоҳ таоло бўлсин.
28. Эй ўғилгинам! Дунё сени мағрур айламасин ва алдаб қўймасин. Доим хилватнишин бўлгин, кўнглинг синиқ бўлсин. Аллоҳ қўрқувига  токи кароматга ноил бўлгунгача ғарқ бўлгайсан. Дунёда шундай яшагинки, гўё бегона бир юртда ғурбатдасан. Дунёдан пок ҳолда чиққин.
29. Эй ўғилгинам! Шу айтганларимни доим ёдингда тут, унутиб қўйма. Шояд шунда Аллоҳ таоло дунёю охиратда сенга назар қилса.
Кимки бу насиҳатларни татбиқ айлай олса, мақсади ҳосил, муродига етган бўлур. Аммо... бу мартаба ҳаммага ҳам насиб бўлмас”.
 
Таржимон ва нашрга тайёрловчи
Баҳриддин УМУРЗОҚОВ