• Рукни: Мерос

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бандаларига меросни Ўзи тақсим қилиб, васиятлар ишини тартибга солган улуғ Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

Сиз билан биз умматларига мерос илмидан таълим бериб, васият масаласини амалда кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Мерос илми диний илмлар ичида энг муҳимларидан биридир. Шу боис бу илм «Илми фароиз» деб аталади. Оддий халқ ичида «мерос илми» номи билан шуҳрат қозонган.

Бу илм ўта аниқ ва дақиқ ўлчам, тақсимотга тегишли бўлгани учун Аллоҳ таоло ўзининг бир неча ояти каримасида меросхўрлар кимлардан иборат бўлиши, уларнинг ҳар бирига қанчадан улуш тақсим қилинишини очиқ-ойдин баён этган. Ҳаттоки, бу масалага аралашиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга озгина ўрин қолдирилган холос. Бунинг сабабларидан бири инсоният табиатан молу дунёга қизиқади, ва албатта, уларнинг ҳар бири ўзларига тегишли улуш бошқалариникидан кўпроқ бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам мазкур тақсимот миқдорлари инсонлар тарафидан белгиланадиган бўлса, катта-катта низолар ва келишмовчиликлар келиб чиқиши муқаррардир.

Аллоҳ таоло мерос қолдирилган молу дунёни меросхўрларга қанча миқдордан тақсимланишини батафсил баёт этиб, бу борада бошқаларнинг аралашувига ҳеч қандай йўл қолдирмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг барча жабҳаларида бўлгани каби меросни тақсимлашда ҳам Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этган даврларда улар ўртасида ҳеч қандай ихтилофга ўрин қолмаган.

Ҳозирги кунда мерос масаласи борасида низо ва келишмовчиликларга сабаб бўлаётган омиллардан бири мерос илми қонун-қоидаларига амал қилмасликдир. Албатта, бундан бошқа сабаблар ҳам бисёр.

Агар ватанимиз мисолида оладиган бўлсак, ўтган етмиш йил даҳрийларнинг мустамлакаси остида ҳаёт кечирганимиз биринчи омилдир. Чунки ўша йилларда нафақат мерос илми, балки деярли барча шаръий илмлар мутлақо унутилди ёки саноқли диндор ва аҳли илмлар томонидангина риоя этилди. Даҳрийлар чангалидан қутилиб, озодлик ва мустақилликка эришганимиздан кейин барча унутилган шаръий илмлар каби мерос илми ҳам яна халқимизнинг ҳаётига қайтарилди.

Лекин мерос илми ўта мураккаб илм бўлганлиги туфайли бу илмни ҳар ким ҳам билавермайди. Қолаверса, бу илмга бўлган эҳтиёж инсоннинг ҳаётида ҳар куни ҳам такрорланавермайди. Шунинг учун ҳам аҳли илмларга бу борада мурожаат қиладиганлар ўта кам учрайди. Бунинг бошқа сабаблари ҳам борки, улар қуйидагилардан иборат:

1. одамларда мерос борасида тушунчанинг мутлақо йўқлиги;

2. бу борада турли-туман бидъату хурофотларнинг кўпайиши;

3. аҳли илмларнинг мерос илми тўғрисидаги маълумотлар билан халқни таништиришга сусткашлик қилишлари;

4. мерос илмининг аҳамиятини тушуниб етмаслик;

5. мерос илмидаги тақсимотларни тўғри, деб қабул қилмаслик ва бошқалар.

Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَعَلَّمُوا الْقُرْآنَ وَالْفَرَائِضَ وَعَلِّمُوا النَّاسَ فَإِنِّي مَقْبُوضٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръонни ва фароизни ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Бас, мен қабз қилинувчиман», дедилар».
(Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган).

Ҳозирги кунда ҳадиси шарифдаги маънолар ўз тасдиғини топган, десак хато қилмаймиз. Лекин шуни ҳам тан олишимиз керакки, бу борада мурожаат қилаётганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқди. Чунки юртимиз мўъмин-мусулмонларининг диний саводхонлиги ривожланиб борар экан, албатта, мерос илми ҳам бундан четда қолмайди. Мерос илми тўғрисидаги маълумотларни бир мақола ёки рисола билан тушунтиришнинг имкони йўқлиги боис ушбу мақолада меросга доир баъзи бир маълумотлар билан танишиб чиқамиз.

Одатда халқимизда вафот этган инсондан қолган молу дунё тўғридан-тўғри меросхўрларга тарқатилади, деган нотўғри тушунча бор. Аслида эса мазкур молу дунё қуйидаги тартибда тақсимланиши керак:

1. Бир мусулмон вафот этганидан кейин унинг тарикаси (қолдирган бойлиги) ҳисобланиб, дастлаб кафанлаб кўмиш учун кетадиган сарф-харажатларга ажратилади.
Демак, маййитдан қолган бойликдан дастлаб кафанлаш, ювиш, гўрни қазиш, олиб бориб кўмишга кетадиган ҳаражатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу ҳаражатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳақи бўлмайди.

2. Ундан кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади. Бу ҳақ ҳам меросхўрларнинг ҳақидан устун туради.

3. Маййитнинг молиявий васиятларига сарф қилинади. Агар васият қилинган мол миқдори меросга қолган мол миқдорининг учдан бирига ёки ундан оз миқдорига тенг бўлса, васиятга амал қилинади. Учдан бирдан кўпига васият ўтмайди, яъни мероснинг учдан бирига тўғри келадиган васият ҳеч кимдан сўралмай васият қилинган жойларга берилади. Аммо васият мероснинг учдан биридан ортиқ бўлса, у меросхўрларнинг ҳақи бўлади. Агар меросхўрлар рози бўлса, васият қилинган хайрли ишга йўлланади, улар рози бўлмасалар, сарф қилинмайди.

4. Маййитнинг кўмиш харажатлари, қарз ва васиятдан ортиб қолган мерос меросхўрлар орасида тақсим қилинади.

Бизнинг юртимизда пайдо бўлган бу борадаги нотўғри тушунчалардан бири ота-она вафот этганидан сўнг қайси фарзанд ота-она билан яшаб турган бўлса (одатда кўпинча у кенжа ўғил бўлади), бутун мерос ва уй-жой тўлалигича шу фарзандга ўтади, дейилади. Шунингдек, ҳозирги кун одатига кўра, мерос ота-она тириклигида уй-жой билан таъминланмаган фарзандларга тақсимланади. Турмушга узатилган қизлар ва мустақил қилиб чиқариб юборилган ўғилларга эса меросдан деярли ҳеч қандай улуш берилмайди.

Ота-она вафот этганда одатда фарзандлар кўпинча мерос талашишмай, урфга мувофиқ ким қандай яшаётган бўлса, шундайлигича қолаверади. Лекин улар ўртасидаги келишмовчиликлар ва мероснинг тақсимотига тегишли бўлган тортишувлар асосан бирор моддий муҳтожликка йўлиққан пайтларида ёки уларнинг ҳам фарзандлари катта бўлиб, сарфу ҳаражатлари кўпайган вақтда ёки хотинлари тарафидан гиж-гижлаш сабабидан вужудга келади.

Албатта, қачон ва қайси жойда шариатга хилоф иш қилинса ёки унга эътибор берилмаса, қачондир юқоридагига ўхшаш ихтилофлар келиб чиқиши муқаррардир. Шунинг учун ҳам мазкур масала кимнидир бошига тушса – «биз мерос талашмаймиз», «ота-онамнинг жасадлари совумасдан туриб мерос талашамизми?», «ҳаммамиз уйли-жойли бўлганмиз, у кенжа укамизга бўлақолсин», демасдан, шариатда қандай кўрсатмалар бўлса, шунга мувофиқ иш қилайлик, деса келажакдаги барча кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинган бўлади.

Ҳаётда юқоридаги каби сўзларни айтиб кейинчалик мерос талашиб, бир-бирига шикаст етказган, бир-бирининг ҳаётига зомин бўлганлар қанча? Шу туфайли бир-бирлари билан юз кўришмас бўлиб кетган ака-ука, опа-сингиллар ҳам кам эмас.

Шахсан ўзимга мерос борасида ота-оналар ўтиб кетганларидан эллик йил кейин фарзандлар ўртасида ер, уй-жой талашиб меросдан улушимни олишим керак, деб жанжаллашиб мурожаат қилиб келганлар бўлган. Албатта, шунча йил ўтганидан кейин бу масалани ижобий ҳал этиш мушкул. Халқимизда «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин бўлса ҳам чиқади», деган мақол бор. Демак, шариатга хилоф бўлган ҳар қандай иш қинғирдир ва албатта унинг қийиғи чиқади.

Шу боис, Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб берган йўлдан бориш – ҳам дунё ҳаётида, ҳам охиратда улкан ажру мукофотларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз лозим.