• Рукни: Мерос

Уларнинг (оқимларнинг) ўша оятларга бўлган тааллуқларига келсак, “Биз таъвил қилинмайдиган муҳкам оятлар ва бошқа маънога буриб бўлмайдиган ақлий далиллар билан Аллоҳ таолонинг барча ёки бир махсус маконда бўлиши мумкин эмаслигини исботлаб бўлганмиз”, деймиз. Бу далилларни таъвил қилиниши мумкин бўлган оятлар билан ботил қилиш мумкин эмас. Балки уларни Аллоҳ таолонинг далилларига зид келмаслиги учун муҳкам далилларга мувофиқ маъноларга йўйиш вожиб бўлади. Бу гапни: “Оятларни зоҳирига йўйиш ва таъвил қилиш мумкин бўлган нарсага бурмаслик Аллоҳнинг Китобида очиқ зиддиятни вожиб қилади”, деган сўз ҳам тасдиқлайди. Қуръонда зиддият бўлмаслигини Аллоҳ таоло «Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар»(Нисо, 82),деган сўзи билан Қуръоннинг Ўз ҳузуридан эканлигига далил қилган. Бунинг баёни шуки, Аллоҳ таоло бир оятда «(У) Арш узра «муставий» бўлмиш Раҳмондир»(Тоҳо, 5), деган. Яна бир оятда «Ё сизлар осмондаги зот (Аллоҳ) сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, бирданига (Ер) ларзага келишидан (сизларни ҳалок қилишидан) хотиржаммисиз (қўрқмайсизми)?!»(Мулк, 16) деган. Яна бир оятда «Албатта, Раббингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир»(Фажр, 14),деган. Бошқа бир оятда «Огоҳ бўлингизким, албатта, У барча нарсани иҳота этувчидир!»(Фуссилат, 54)деган.

Аллоҳ таолони Аршнинг тепасида ёки осмонда ёки машриқда ёки муножот қилувчилар наздидагидек, мағрибда, Африкада, Ҳиндистонда, Ироқда, балки бир вақтнинг ўзида муножот қилувчилар наздида барча шаҳару қишлоқларда, дейиш мумкин эмас. У Зотга ҳаракатланиш нисбатини бериш мумкин бўлмагани учун барча вақтларда ўзгариш ва айланиш нисбатини ҳам бериш мумкин эмас. Яна У Зот барча нарсани кузатувчи ва ҳар бир нарсани қути каби қамраб олувчидир, дейиш ҳам мумкин эмас. Чунки бир нарсанинг кўп маконларда бўлиши мумкин эмас.

Бундай оятларнинг баъзисини зоҳирига жорий қиладиган ва ўша зоҳиридан бошқа нарсаларни ўзининг наздидаги таъвилларга бурадиган кимса маконнинг исботини жоиз деб биладиган шеригидан фарқ қилмайди. Шундай экан, мазкур оятларни зоҳирига йўйиш мумкин эмас ва таъвил қилса бўладиган маънога буриш вожиб бўлади, деган фикримиз тўғрилиги маълум бўлди.

Баъзи машойихларимиз раҳимаҳумуллоҳ ихтилоф қилганлар: Улардан баъзилари бу оятлар ҳақида: “Бу оятларнинг маъноси Аллоҳдан бошқага номаълумдир. Бу оятлар борасида уларни зоҳирига кўра, жорий қилишга йўл йўқ, деб эътиқод қиламиз. Уларнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганига имон келтирамиз, уларни таъвил қилмаймиз. Аллоҳ таоло бу оятлардан нимани ирода қилган бўлса, ўша нарсани ҳақ, деб эътиқод қиламиз”, дейдилар. Бу зотлар шариатда келган нарсанинг ўзини ишлатиб, «(У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир»(Тоҳо, 5), дейдилар ва «Бандалари устидан У ғолибдир»(Анъом, 18), дейдилар. Бу борадаги барча оятларни шундай дейдилар.

Ўтган солиҳ зотлардан ривоят қилинган зоҳири жиҳат ва маконни собит қиладиган лафзлар мазкур маъноларга йўйилади. Уларнинг ораларида “мазкур оятларда ишлатиладиган лафзлар борасида ихтилоф бор. Улар “Аллоҳ таоло бирор маконга ўрнашмаган ва бирор тарафда ҳам эмас”, деб маънода иттифоқ қилиб, иборада ихтилоф қилганлар. Улардан баъзилари оятнинг зоҳиридан бошқа эҳтимолий маъноларини баён қилиб, “Биз баён қилган нарсалардан мурод тавҳид ва қадимликни инкор қилмайдиган маъноларни ўз ичига олган баъзи лафзлардир”, дейдилар ва баъзи маъноларни тайин қилишнинг ва мазкур муроднинг нотўғрилигини вожиб қиладиган далил йўқлиги учун ўша оятдан Аллоҳ таоло нимани ирода қилган бўлса, ўшани тасдиқлайдилар...

Аллоҳ таолонинг: «У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳдир»ояти борасида “Бу оятдан самода Унинг зоти эмас, илоҳлиги собитдир, деган маъно ирода қилинади. Масалан, фалончи Бухоро ва Самарқандда амирдир, дейилса, ундан ўша амир зотан икки шаҳарда собит дейилмайди, балки ўша икки шаҳарда унинг амирлиги ва султонлиги собитдир, дейилади”, деганлар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «У осмонларда ҳам, Ерда ҳам Аллоҳдир», деган ояти борасида ҳам: “Осмонларда ва Ерда зоти эмас, илоҳлиги собитдир”, деганлар.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Ё сизлар осмондаги Зот(Аллоҳ)сизларни ергаюттириб юборишидан, бас, бирданига(ер)ларзага келишидан(сизларни ҳалок қилишидан)хотиржаммисиз(қўрқмайсизми)?!»(Мулк, 16)деган ояти борасида, яъни “илоҳлиги самода ҳам (собит) бўлган зот”, деганлар. Аммо бу маъно олдинги оятларнинг далолати сабабли ушбу оятнинг замирида бўлган.

Аллоҳ таолонинг: «Уч кишининг ўзаро шивирлаб гаплашиши бўлса, албатта уларнинг тўртинчиси Удир», ояти ҳеч нарса У зотга махфий қолмайди, У барчасини билиб туради, деган маънодадир. Аллоҳ таолонинг: «Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинмиз»оятига, яъни “ҳукмронлик ва қудрат билан яқин”, деган маънони берганлар.

Яна уламоларимиз «Кимки қудратни истайдиган бўлса, бас, барча қудрат Аллоҳникидир.(Ҳар бир)ёқимли сўз Унинг ҳузури сари чиқур. Солиҳ амални эса, (Аллоҳ Ўз ҳузурига)кўтарур....» ояти борасида: “Аллоҳ таоло бандаларининг амал дафтарларини самода қилган ва унда қўриқчи фаришталар бор”, деганлар. Шунда, кўтарилган нарса гўёки унга кўтарилгандек бўлади. Чунки У зот шунга буюрган. Бу худди Иброҳим (алайҳиссалом)нинг: “Албатта, мен Раббим (буюрган тараф)га кетувчидирман”, яъни, Раббим буюрган жойга бораман, деганига ўхшайди. Яна Аллоҳ таолонинг: «Ҳар ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари ҳижрат қилиб, (ўз) уйидан чиқса-ю, сўнгра (йўлда) унга ўлим етса, албатта, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир»(Нисо, 100),дегани кабидир.

Яна уламоларимиз: «Ҳақиқатан, Раббингиз ҳузуридаги зотлар (фаришталар) Унинг ибодатидан кибр (ибо ва катталик) қилмайдилар» оятига уларнинг ёпишиб олганлари борасида: яъни фаришталар “Унинг ҳузурида” деган гапдан макон эмас, балки мартаба ирода қилинади, деганлар. Шунингдек, Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) ҳақида: «Аллоҳ наздида у обрўли киши эди», деган. Яна: «Аллоҳнинг ҳузурида(қабул бўладиган)дин Исломдир», ояти “Аллоҳнинг ҳузурида динларнинг мартабалироғи бўлган ҳақ дин Исломдир”, маъносида, деганлар. Аллоҳ Ўзи тавфиқ берувчидир.

“Табсиратул адилла” китобидан

Ҳикматуллоҳ АБИЕВ таржимаси.