Мерос қўшиқлар

 

Ассалому алайкум, "Ислом нури" таҳририяти ходимлари!

2011 йил 15 июлда "Мерос қўшиқлар" сарлавҳали мақолангизни ўқиб, ёшлигим эсимга тушиб кетди. Рамазон қўшиқлари ҳар вилоятда ҳар хил тарзда айтилса керак. Мен Бухоро вилоят Жондор туманида (ўша вақтларда Свердлов райони эди) яшайман. 1950 йиллар арафасида бўлса керак, рамазон ойида қишлоқ болалари 15–20 киши бўлишиб, рамазон айтишарди. Биз кичик болалар улар орқасидан юриб, томоша қилардик. Улар шундай жўр бўлиб айтишардики, худди хонандалардек.

Ўша рамазон қўшиғини эсимда қолганича сизларга ёзиб юборяпман, деб Ҳамро Бобо (73 ёшда).

 

Пайғамбарнинг ўн бир ўғли бор эди,

Ўн биридан шоҳ Юсуф гулзор эди.

 

Шоҳ Юсуфни овга олиб чиқдилар,

Чоҳга ташлаб, бўри еди, дедилар.

 

Онаси югуриб чиқди чоҳ бошига,

Чашмалар равон бўлди кўз ёшига.

* * *

Рўза тут, намоз ўқи, жонинг учун,

Йилда бир закот бергин, молинг учун.

 

Рўзанинг ўн бешини тутиб келдим сизга,

Рўзанинг закотини беринг бизга.

 

Бу уйнинг орқасидан тутун чиқар,

Бу уйнинг қатламаси бутун чиқар.

 

Рамазон айтиб келдим, эшигингизга,

Худойим ўғил берсин, бешигингизга.