• Рукни: Мерос

Фақиҳ ва мутакаллим Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф ас-Самарқандий XIII асрда яшаган. Бизгача унинг "Салоти Масъудий" фиқҳий асари етиб келган. Асардаги ҳар  бир  масалада  Қуръони каримдан,  Пайғамбаримиз  (алайҳиссалом) ҳадислари  ва   Абу  Ҳанифадан (Аллоҳ раҳматига олсин) ҳужжат ва далиллар келтирилган.  Шунингдек, Абу  Юсуф  Яъқуб,  Муҳаммад  ибн  Ҳасан  аш-Шайбоний,  Бурҳониддин  ал-Марғиноний ҳамда  бошқа  мўътабар олимлар асарларидан иқтибослар бор.

Асар 83 бобдан иборат бўлиб учта жилдга ажратилган. Биринчи жилдида намоз, таҳорат, ғусл ва ҳазрат Имоми Аъзам маноқиблари; иккинчи жилдида масҳ, таяммум, қибла, қироат, азон, сажда, нафл намозлар; учинчи жилдида амалий ибодатлар (закот, рўза, ҳаж), оила ҳуқуқи (никоҳ, разоъ, талоқ, идда), олди-сотди, ижара, вақф, қурбонлик, ҳудуд жазолари (Аллоҳ белгилаган жазолар), жиноят турлари, суд, даъво, гувоҳлик, сулҳ, васият, мерос ва бошқа кўплаб фиқ­ҳий мавзу ва масалалар ёритилган. XVIII-XX асрларда Самарқанд, Қўқон, Бухоро шаҳарларида, шунингдек, чет элларда ҳам нашр этилган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инс­титути фондида асарнинг 36 та қўлёзма, 21 та тошбосма, институтнинг Ҳамид Сулаймон фондида 13 та қўлёзма, 21 та тошбосма, Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида 26 та қўлёзма, Тошкент Ислом университети Манбалар хазинасида 4 та тошбосма нусха – ҳаммаси бўлиб 121 та нусхаси бор. Қўлёзмалар асосан настаълиқ хатида бўлиб, иккитаси насх ва биттаси сулс хатида ёзилган. Қуйида ана шу асардан парча келтирамиз: 

"Уйқунинг 12 хил тури бор:

1. Суннат уйқу. Офтоб кўтарилиб то пешин намозигача бўладиган оралиқдаги бу уйқу "қайлула" дейилади. У ақлни кўпайтиради.

2. Бидъат уйқу. Пешин намози вақтидаги уйқу.

3. Телбаликка сабаб бўладиган уйқу. Аср намозидан кейинги уйқу девоналик, паришонхотирлик ва телбаликка сабаб бўлади.

4. Уқубатга сабаб бўладиган уйқу. Киши хуфтон намозини ўқимасдан ухласа, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азоб-уқубатга қолади.

5. Одатий уйқу. Хуфтон намозидан кейинги одатий уйқу.

6. Надоматга сабаб бўладиган уйқу. Тонготар вақтида ухлаш. Шунингдек, илмий мажлис бўлаётган вақтида ухлаш ҳам надоматга сабаб бўлади.

7. Ғафлат уйқу. Тонг отаётганида ухлаб ётиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотимага (розийаллоҳу анҳо): "Тонгда ухлаб ётмагин, чунки бу вақтда уч нарса: яхшилик, одоб ва барака тақсимланади", дедилар. Ким тонг отаётганида ухлаб ётса, шу уч нарсадан қуруқ қолади.

8. Фақирликка сабаб бўладиган уйқу.  Бомдоддан кейин кун чиққунча ухлаб ётиш камбағалликка, девоналикка, қарздорликка сабаб бўлади.

 9. Ғаромат (зиён) уйқу. Кишининг ибодатдан сўнг дуода, санода, салавотда, қироатда кўзи кетиб қолса, ғаромат уйқу саналади.

 10. Роҳат уйқу. Касал ва гўдакларнинг уйқуси. Улар қанча кўп ухласа, фойда ва роҳат олишади.

11. Ибодат уйқу. Олимлар, обидлар ва рўзадорларнинг уйқуси. Киши хуфтон намозидан сўнг таҳоратли ухласа, фаришталар ҳимоясида бўлади.

12. Каромат уйқу. Тунда намоз ўқиб туриб, чарчаб саждада ухлаб қолиш".

 

Тошкент Ислом университети тадқиқотчиси Ҳулкар УСМОНОВА тайёрлади.