Бразилия ўлкасига Ислом дини ёйилиши ҳақида турли маълумотлар бор. Тилшунослар бу юртда яшовчи ҳиндулар тилида арабчага ўхшаш иборалар борлигини эътироф этади.

1550 йили Португалия мустамлакачилари африкалик озодликдан маҳрум этилган мусулмонларни бу ерларга қул сифатида олиб келишган. Мутахассислар фикрича, улар маҳаллий аҳолидан кўра африкаликларни кўпроқ ишлатишган. Ўша қулларнинг тахминан ўттиз етти фоизи африкалик мусулмонлар эди. Португаллар уларга “малес” деб ном қўйишади.

Экин майдонларидаги аёвсиз қора меҳнат, жазирама иссиқдаги қийноқ ва азоблар устига-устак католик миссионерларнинг насронийликка тўхтовсиз даъват этиши 1835 йили Бахия штатида қўзғолон кўтарилишига олиб келади. Ўша йили 24 январ куни Салвадор шаҳри марказида африкаликлар ғалаён кўтаришади.

Бу воқеадан сўнг Бразилия ҳукумати мусулмонларга бир оз енгиллик берадиган бўлади. Африкаликлар эмин-эркин ибодат қила бошлашади.

1910 йилга келиб мамлакатда истиқомат қилаётган мусулмонлар сони юз минг нафарга етади. Кейинчалик Сурия, Иордания ва Ливан каби араб давлатларидан келганлар ҳисобига мусулмонлар сафи янада кенгаяди. XIX–XX асрларда мамлакатда насронийлик кенг қулоч ёяди.

1929 йили Сан Пауло мусулмонлар хайрия уюшмаси ташкил этилади. 1956 йили эса бутун Жанубий Америкадаги биринчи жоме масжиди қад кўтаради. Кейинчалик Куритиба, Паранагуа, Рио де Жанейро ва Бразилиа шаҳарларида ҳам мусулмонларнинг турли уюшмалари фаолият бошлайди. Айниқса, Сан Пауло ва Рио де Жанейро шаҳарларида Ислом динига қизиқиш ортиб боради. Ушбу уюшмалар мусулмонларни бирлаштириш, жума намозларини ташкил этиш ва хайрия ишлари билан шуғулланади.

Уюшмаларнинг асосий муаммоси дин асосларини яхши биладиган имом ва ўқитувчилар етишмаслиги эди. Шу боис кўпгина уламо ва муаллимлар Яқин Шарқдан таклиф қилинади. Маврикия ва Марокашдаги мусулмон олимларининг кўпи португал тилида эркин сўзлаша олишгани боис Бразилияга келади. 1985 йили мусулмон давлатлари кўмагида ташкил этилган Ислом маркази ҳомийлигида бир гуруҳ талабалар Саудия Арабистонидаги Ислом университетига ўқишга юборилади.

Ҳозирги кунда мусулмон талабалар уюшмаси, халқаро ёшлар йиғини ва Лотин Америкаси Ислом маркази каби ташкилотлари кенг кўламда фаолият юритяпти. Бразилиялик мусулмонларнинг қирқ фоизи Сан Паулода яшайди. Ислом маданият маркази мутахассислари тахминларига кўра, мамлакатда мусулмон аҳолининг сони икки миллионга етган. Лотин Америкасида Ислом динини ривожлантириш халқаро маркази саъй-ҳаракатлари ва португал тилида сўзлашадиган диний арбоблар хизмати туфайли маҳаллий аҳоли орасида ҳам мусулмонлар бўлганлар кўпаймоқда.

Бразилия мусулмонларининг асосий муаммоси Қуръони карим, ҳадиси шариф, ақоид, тафсир ва Ислом тарихига оид потугал тилидаги адабиётларнинг етишмаслигидир.

Ҳозир Бразилияда маҳаллий мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилишлари учун қулай шароитлар яратиляпти, янги масжид ва ўқув даргоҳлари барпо этиляпти. Бу жиҳатдан Бразилия Жанубий Америка бўйича етакчи.