Ўрта Осиё ва Ғарб халқлари Хитойда Ислом динининг ривожи жуда саёз, аҳоли мусулмончиликдан анча йироқ, деган тасаввурга эга. Илмий тадқиқотларга суянадиган бўлсак, ушбу заминда Ислом дини кенг тарқалган ва ҳатто унинг маданиятига сингиб боргани маълум бўлади. Мусулмонлар фақатгина мамлакатнинг шимоли-ғарбида бор ва уларнинг сони ўн саккиз миллион, деган маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали қулоғимизга чалинган. Баъзи адабиётларда эса 1920 йилнинг ўзида олтмиш миллиондан ортиқ мусулмон бу диёрда истиқомат қилгани қайд этилган. 1368–1644 йиллари Мин сулоласи империя­си пайтида хотин-қизлар мадрасаларининг ўзи бир нечта бўлган. Шунинг учун у ердаги мусулмонлар сонини аниқ айтиш қийин, аммо эллик миллиондан ортиқ десак муболаға бўлмайди.

Ислом дини Хитойга VII аср­да Араб Қосим исмли саҳоба орқали тарқалган. "Хуацзюэси", яъни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эсдалиги деб номланувчи Хитойдаги биринчи масжидни Саъд ибн Абу Ваққос бун­ёд этган.

ХIV асрга келиб Ислом динига нисбатан Хитой халқида илиқ тасаввур пайдо бўлди. Кўпгина мусулмонлар император ҳу­зурида юқори мансабларга эришишди. Император саро­йидаги хизматчилар қайси мансабда бўл­масин, май ва тўнғиз гўштини истеъмол қи­лишлари шарт эди. Лекин император Ислом динига эътиқод қилувчи шахсларни бундан озод қилди. 1264–1368 йиллари Юан сулоласи даврида бухоролик Саид Шамсуддин Юниан вилояти ҳукмдори даражасига етди. Ўша пайт Ма Чжу исмли олим Хитой императорига илтимоснома ёзган. Унда Саид Шамсуддинга Конфуция ақраболарига қилинадиган эҳтиром билдирилиши айтилган.

Тарихий манбаларда эса "Буюк ипак йўли" билан келган араб ва форс миллатига мансуб савдогарлар мусулмончиликни тарқатгани ҳақида ёзилган. Улар бу ерга доривор, зиравор ва қаҳраболар олиб келиб, Хитойдан ипак, чинни ва чой каби маҳсулотларни олиб кетишган. Шу йўсинда тижорат ривожланиб шарқ ва ғарб маданиятини бир-бирига танитган.

Ҳозирги кунда Ислом тарихи, маданияти, аҳлоқ-одоби ва урф-одатлари Хитойда алоҳида ўринга эга. Масжидлар қурилиши, диний адабиётларнинг хитой тилига таржима қилиниши ушбу заминда тез суратда Ислом дини тарқалишига сабаб бўлди.

Хитойда ўн битта миллат вакиллари Ислом динига эътиқод қилишади. Булар хуэн, салор, дунгон, баон, уйғур, қозоқ, охун, ўзбек, қирғиз, татар ва тожиклардир. Хуэн, салор, дунгон ва баонлар Гансу, Нинся, Цинхай, Шанси ва Юниан вилоятларида яшашади. Уйғур, қозоқ, ўзбек, қир­ғ­из, охун, татар ва тожиклар эса мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Сицзян вилоятида истиқомат қилишади. Ҳозирда пойтахти Пекин ва унинг атрофидаги ҳудудларда хитой миллатига мансуб мусулмонлар ҳам кўпайиб қолганини эътироф этиш жоиз.

1949 йили виждон эркинлиги ҳақидаги қонун қабул қилингандан сўнг мусулмонлар учун қулай шароитлар яратилди. 1953 йили Пекинда Хитой Ислом уюшмаси тузилди. Уюшма мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, мамлакатдаги бошқа дин вакиллари билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, халқ­аро Ислом ташкилотлари билан муносабатларни ўрнатиш, масжид-мадрасалар қуриш, диний кадрлар тайёрлаш, Маккаи мукаррамага зиёрат уюштириш, Ислом тарихи ва маданиятига оид илмий изланишлар олиб бориш билан шуғулланади. Мамлакатнинг турли шаҳарларида уюшманинг бўлинмалари бор. Ташкилот ҳар йили мунтазам равишда анжуман ва кўргазмалар ўтказиб туради.

Хитойда Ислом дини бир минг уч юз йиллик тарихга эга бўлса-да, биринчи Қуръони карим Пинанго Султонлиги даврида 1862–1875 йиллари чоп этилган. Қуръони каримнинг хитой тилидаги илк шарҳи 1927 йили нашр этилди. Ҳозирги кунда фиқҳ, ақоид, тажвид, ҳадиси шарифга доир китоблар, шунингдек, бир йилда тўрт маротаба хитой ва уйғур тилларидаги "Хитой мусулмонлари" журнали чоп этилади.

Ҳозирда мамлакатда қирқ мингдан ортиқ масжид мавжуд бўлиб, уларда олтмиш минг нафарга яқин имом фао­лият олиб боряпти. Мусулмон аҳолининг кўпчилиги тадбиркорлик билан шуғул­ланади.

 

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.