“Янги дунё” деб ном берилган Америка қитъасининг кашф этилиш тарихи жуда кўп чигалликларга, баҳсларга сабаб бўлган. Масалан, буюк ватандошимиз Абу Райҳон Беруний ғарб томонда қандайдир номаълум ер борлигини башорат қилган, бироқ олим у ерда бўлмаган, маълумоти исботланмай қолган.

Замонавий жуғрофия фани Америка қитъасини Хрис­тофор Колумб кашф этганини тан олади. Лекин ундан олдин бу ерга мусулмон тадқиқотчилар келган.

Мусулмонлар Америкага тўртта сабаб билан: илк марта – тадқиқотчи бўлиб; кейин испан инквизициясидан қутулиш учун; Африка босиб олиниши пайтида ва ниҳоят ўтган асрнинг 70-йилларида авж олган муҳожирлик даврида келганлар. Биринчи ўринда тилга олинган сабабдан бошқалари тарихий далилларга эга. Аммо Колумбдан 180 йил бурун Америкага мусулмон тадқиқотчилар келгани кўпчилик учун янгилик.

1312 йили Мали ва Ғар­бий Африканинг бошқа ҳудудларидан сафарга отланган мусулмонлар Мексика кўрфази қирғоқларига етиб келади. Улар Американи ўрганиш учун Миссисипи дарёси бўйлаб саёҳатга чиқадилар.

1492 йили Янги дунёга қадам қўйган Христофор Колумб XIII асрда яшаб ўтган араб олими Абу Абдуллоҳ Шариф Идрисийнинг жуғрофий кашфиётларидан кўп таъсирланган эди. Идрисий Сицилия қироли Рожер Иккинчининг маслаҳатчиси бўлган. Колумбда шу олимнинг китоби нусхаси бўлиб, унда саккиз нафар мусулмон янги қитъа очгани ҳақида эслатиб ўтилганди. Колумб кемасида ҳам мусулмонлар бор эди, улар асосан таржимонлик қиларди.

Колумбнинг биринчи саёҳатида унга аждодлари мусулмон икки капитан – Мартин Алонсо Пинзон ва Висент Янекс Пинзон шерик бўлади. Бу бадавлат одамлар Колумб кемасини керакли асбоб-ускуна билан таъминлаш ва таъмирлашга кўмак берадилар. Пинзонлар оиласи Маринийлар сулоласига мансуб Марокаш қироли Абузайан Муҳаммад Учинчига уруғ бўларди.

1492 йил 21 октябр куни Колумб эсдалик дафтарига Куба шимоли-шарқидаги Гибар оролларига яқин боришганида, юксак тоғлар тепасида қурилган масжидга кўзи тушганини қайд этади. Кейинчалик Куба, Мексика, Техас ва Невада деворларига Қуръон оятлари нақшланган масжид ва минора харобалари топилади.

Доктор Барри Фелл “Америка ҳақида афсона” китобида ёзишича, Аризона шта­тидаги Пима округи жануби-ғарбида яшовчи аҳолида ўзаги арабча сўзлар луғати бор. Калифорниядаги қояга эса арабча ёзувда “Исо ибн Марям” деб битилган. Невада, Колорадо ва Нйу Мексикада мадрасалар харобаси топилган.

 

Интернет маълумотлари асосида Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.