Жорий йил Олтин Ўрдада Ўзбекхон ҳукмронлик қилганига ва бу диёрда Ислом дини расмий дин сифатида эътироф этилганига етти юз йил тўлди. Татаристон мусулмонлари ушбу тарихий санани кенг нишонлашмоқда. Улар қадимдан ҳозирги Қозон шаҳрини Олтин Ўрда маркази деб ҳисоблашади.

Пенза ерларига Ислом дини тарқалишида жўжийларнинг тўққизинчи авлоди Султон Ғиёсиддин Муҳаммад Ўзбекхоннинг (1313-1341 йиллари ҳукмронлик қилган) хизмати катта бўлди. У кўп йиллар мамлакат шимолидаги йирик шаҳар Мохшада (Наровчат) туриб бутун Олтин Ўрдани бошқарган. Ўзбекхоннинг асосий ютуғи Олтин Ўрда ҳудудида давлат сиёсатини тўғри йўлда олиб боргани ва турли миллат вакилларига баробар муносабатда бўлганидир. Унинг йигирма саккиз йиллик ҳукмронлик даврида мамлакат сиёсий-иқтисодий жиҳатдан ривожланди, ҳарбий салоҳияти ошди, обрўси юксалди ва Ислом дини атрофга ёйила бошлади. Волга бўйи, Қирим, Хоразм ва Шимолий Кавказда шаҳарлар обод бўлди, халқ санъати, маданияти ва маънавияти ривожланди.

Айнан XIV–XV асрларда араб, форс ва Оврупа луғатшунослиги, диншунослиги, тарих, жўғрофия соҳаси ва умуман, илмга кенг имкониятлар яратилди. Умарий, Ибн Баттута, Ибн Арабшоҳ, Ибн Жукмок, Айний, Бирзолий, Муфаззалий ва Франческо Пеголотти каби етук мутафаккирлар етишиб чиқди. Москва князлигининг кучайиши ва Русия диёрининг маркази сифатида эътироф этилишида Ўзбекхоннинг хизмати беқиёсдир. Унинг даврида Михаил Ярославич, княз Тверский, буюк княз Владимирский (1305–1318); Ўзбекхоннинг куёви Юрий Данилович, княз Московский, Александр Невскийнинг набираси буюк княз Владимирский (1318–1322), Дмитрий Михайлович Грозний, Александр Михайлович, Александр Василевич, княз Суздалский, Иван Данилович Калита, Симеон Иоаннович Гордий (1340–1353) княз қилиб тайинланди.

922 йилдан бошлаб Волга Булғориясида Ислом дини ёйилган бўлса-да, Ўзбекхон ғарбда Руминиядан тортиб шарқда Олтойгача, шимолда Қозондан тортиб жанубда Бухорогача чўзилган, марказлашган ва ғоят улкан давлатда уни янада оммалаштирди. Турк миллати, ҳозирги Ўрта Осиё халқлари ва Оврупанинг баъзи мамлакат вакиллари диний урф-одатларни ардоқлаб, илиқ муносабатда бўлишди. Ўзбекхон даврида туркий халқларнинг ижтимоий ва маънавий ҳаёти тобора ривожланди. Бунга Волгабўйи ва Қирим татарлари, қозоқлар, ўзбеклар, нўғайлар, қорақалпоқлар ва бошқа миллат вакиллари ўзаги бир туркий тилда сўзлашгани ҳам катта ёрдам берди.

Солномалар ва археологик топилмалар бу ерларда Олтин Ўрда замонасига қадар буртас миллати вакиллари яшаганларини кўрсатяпти. Пензалик профессор Н. Белорибкиннинг фикрича, Мохшани олдин буртаслар Нурижон ёки Наровчат деб аташган. Унинг бундай фикрни олға суришига ҳам етарли асослар бор. Келдибекхон даврига оид мис танга илмий мунозарага сабаб бўлди. Мис тангани XIX аср академиги М. Френ биринчи бўлиб тавсифлаган, лекин у шаҳар номини аниқлай олмаган эди. Саратовлик археолог А. Кротков ва профессор Р. Фасмер танганинг яхши сақланган, ўхшаш намуналари устида олиб борган тадқиқотлар шаҳар номини аниқлашга ёрдам берди. Ўзбекхон даврида Олтин Ўрданинг бу йирик шаҳри маҳсура (қўриқланган) бўлган. Ўзбекхоннинг Хоразм юқори табақаси томонидан тахтга ўтқизилгани боис бу ўлкага уларнинг маданияти ва удумлари ҳам сингди.

Шундай қилиб, Ислом дини Хазар ҳоқонлиги, Волга Булғорияси, Олтин Ўрда, Рус империяси даврларида ёйилиб, ўз ўрни ва мавқеини топган, деб хулоса қилишимиз мумкин. Бугунги кунда Россияда Ислом дини мавқеи юксак бўлиб, мусулмонлар юрт равнақи ва фаровонлиги йўлида пешқадамга айланишди.

 

Азизхон Ҳакимов тайёрлади.