Аллоҳ таоло яратган бу сирли олам инсониятни қадимдан табиатдаги ажойиб ҳодисалар билан лол қолдириб келган. Бир маромда эсаётган шамол кучайса, сокин ер силкинса ёхуд сокин уммон суви салгина тўлқинланса, одамзод дарров саросимага тушиб қолади. Бундай ҳодисалар фақат синов учунми ёки бошқа мақсадда содир қилиниши ёлғиз Яратганнинг ўзига аён. Шу йил май ойининг ўзида дунёда содир бўлган табиат ҳодисаларини кўздан кечирайлик.

14 май куни Хитойнинг Гуанжу вилоятида кучли жала қуйди. Натижада сув тошқини рўй бериб, эллик уч кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бундан ташқари, дараксиз йўқолганлар ҳам бор. Фожиа икки минг олти юз етмиш бешта уйни вайрон қилиб, саккиз юз саксон тўрт минг аҳоли бошпанасиз қолди.

16 май куни Американинг Канзас, Оклахома, Айова ва Техас штатларида бирданига бир нечта қуюн ҳосил бўлди. Оқибатда тўқсондан ортиқ одам нобуд бўлди, уларнинг йигирма нафардан кўпи болалар. Юзга яқин тураржой бинолари вайронага айланди ва ўн мингдан кўпроқ аҳоли электрсиз қолди. Суғурта ширкатлари беш миллиард доллар зарар кўрди. Қуюн сабабли бир қанча ҳаво кемаси қатновлари бекор қилинди. Маҳаллий аҳолига бўрон ўтиб кетгунча махсус панада сақланиш тавсия этилди.

24 май куни Охота денгизида рўй берган ер силкиниши бутун Россияни ларзага солди. Саккиз баллдан кучли силкиниш Камчаткадан тортиб пойтахтгача етиб борди. Рязан шаҳридаги бир неча уйлар аҳолиси кўчирилди. Ер силкиниши пайтида кўчада юрган пиёда ёки автоуловда кетаётган йўловчилар ҳам буни сезгани қайд этилди. Зилзила маркази ердан олти юз километр чуқурликда экани маълум бўлди.

25 май куни Ўзбекистонда беш ярим балли зилзила содир бўлди. У жумадан шанбага ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат 03:18 да юз берди. Маркази Тўйтепа шаҳри. Табиий ҳодисадан зарар кўрганлар йўқ.

27 май куни Тинч океанида уч марта кучли ер силкиниши рўй берди. Энг кучлиси 8,0 балл бўлган. Маркази Киракир қўрғонидан 340 километр узоқда эди. Зилзила боис кўтарилган тўфон Соломон оролларигача етиб борди. “Reuters” агентлиги хабар беришича, тўфон оқибатида беш киши ҳалок бўлган, бир нечаси эса жароҳатланган. Баъзи ҳудудлар сув билан қопланган. Соломон ороллари орқали узунлиги 40 км келадиган вулқонлар ва тектоник ёриқлар тизими ўтган. Тинч океани орқали Жанубий ва Шимолий Америка, Алясканинг жанубий қирғоқларигача борган ушбу тизма Япония, Филиппин ва Индонезия орқали ортига қайтади ҳамда Янги Гвинея, Янги Зеландия, жануби-ғарбий Океанияда тугайди.

Бунга ўхшаш – Коста-Рика, Мехико, Аляска ҳудудларидаги вулқонларнинг фаоллашиши, Душанба ва Калифорния зилзилалари, Индонезия, Норвегия ва Доғистонда кучли селлар каби ўнлаб мисолларни келтириш мумкин.

Буларнинг кўпига одамзоднинг ўзи бир қадар сабабчидир. Табиий манбалардан аёвсиз фойдаланиш, зарарли газ чиқарувчи заводларни тўхтовсиз ишлатиш, иқлим ва об-ҳавони бузаётган чиқиндилар кўпайиши ҳам охир-оқибатда кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келади. Асрлардан бери оқиб турган тошқин дарёлар оқимини тўсиб, тўғонлар қуриляпти. Уларнинг пойдевори мутахассислар ўлчаганидек мустаҳкаммикан? Баъзи ҳудудларда осмондан қор ўрнига кул каби модда ёғаётгани зарарли чиқиндиларнинг ерга қайтиб тушишидир. Соҳилларга ўлик сув ҳайвонларининг қалқиб чиқишига нефт конларининг мунтазам портлатилиши сабабчи десак, ҳақиқатга яқинроқ бўлади. Фойда қиламан деб экологияни заҳарлаш инсофданми? Бу қош қўяман деб кўз чиқариш эмасми?

Хуллас, инсоният атроф-муҳитни, она табиатни Аллоҳ яратганидек сақлаши ва эҳтиёт қилиши керак. Ҳатто, сувда сузаётган кема балиқларга, парвоз этаётган ҳаво кемаси қушларга зиён етказмаяптими деган ўйда бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.

 

Азизхон Ҳакимов тайёрлади.