Ислом динининг бешиги бўлган Арабистон ярим ороли арабларнинг илк ватанидир. "Араб" сўзининг луғавий маъноси "чўллар", "саҳролар", "гиёҳ унмайдиган сувсиз, қурғоқ ерлар" деганидир. Бу сўз қадим замонлардан бери Арабистон ярим оролига нисбатан ишлатилган бўлиб, кейинчалик шу ерда яшаган ва уни ўзлари учун ватан қилиб олган халққа ҳам худди шу ном берилган. Осиё қитъасининг жануби-ғарбида жойлашган бу замин ғарбдан Қизил денгиз ва Синай ярим ороли, шарқдан Форс ва Уммон кўрфазлари, жанубдан Араб денгизи ва Адан кўрфази, шимолдан Ироқнинг катта қисми ва Шом дашти билан чегараланган.

Олимлар Арабистон ярим оролини табиий жойлашишига қараб, беш минтақага бўлишган:

1. Тиҳома. Қизил денгиз соҳилларига ёндашган пасттекислик, шимолда Янбу шаҳридан жанубда Нажронгача чўзилган. Бу минтақада ҳаво жуда иссиқ бўлиб, сира шамол эсмагани учун "Тиҳома" ("жазирама иссиқ") деб номланган.

2. Саро тоғ тизмаси. Қизил денгиз соҳилларига ёндош баландликлар бўлиб, Тиҳома пасттекислигининг шарқий тарафида жойлашган. Шимолда Ақаба кўрфазидан жанубда Ямангача чўзилган Арабистон ярим оролининг умуртқасини ташкил қилувчи бу тизма ярим оролни иккига - ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Тизманинг шимолий қисми Мадян тоғлари, жанубий қисми Асир тоғлари, ўртаси эса "Ҳижоз" деб номланади. Ҳижозда Макка, Мадина, Жидда, Тоиф, Табук каби шаҳарлар бор. Бу ҳудуд Тиҳома пасттекисликлари билан Нажд тепалиги орасини тўсиб-ажратиб тургани учун "Ҳижоз" (баланд девор тўсиқ) номини олган.

3. Нажд тепалиги. Нажд ўлкаси Арабистон ярим оролининг ўртасидаги баланд ерлар. Шунинг учун бу ерлар "Нажд" (баланд ясситоғлик) номини олган. Жанубда Ямангача, шимолда Ироққача, шарқда эса Аруз минтақасигача бўлган катта ҳудуд.

4. Яман. Арабистон ярим оролининг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган тоғли минтақа. Шарқда Ҳазрамавт, Маҳра ва Уммон билан боғланади. Арабистон ярим оролидаги энг баланд тоғлар Яманда жойлашган бўлиб, Санъо шаҳрининг жануби-ғарбида 3750 метрга етадиган чўққилар бор.

5. Аруз. Бу ҳудуд Ямома, Уммон ва Баҳрайн давлатларини ичига олади.

Саратон доираси экваторнинг шимолий тарафида Арабистон ярим оролини 23,5 даражада кесиб ўтгани туфайли айниқса ёз фаслида бу ерда иссиқ қаттиқ бўлади.

Ҳозир Арабистон ярим оролида еттита давлат жойлашган. Уларни майдонининг катта-кичиклигига қараб қуйидаги тартибда келтирамиз:

1. Саудия Арабистони, майдони: 2,248,000 км2.

2. Яман жумҳурияти, майдони: 472,099 км2.

3. Уммон султонлиги, майдони: 306,000 км2.

4. Бирлашган Араб Амирликлари, майдони: 83,000 км2.

5. Қувайт, майдони: 17,818 км2.

6. Қатар, майдони: 11,437 км2.

7. Баҳрайн, майдони: 694 км2.

Арабистон ярим оролининг умумий майдони: 3,139,048 км2.

 

Абдул Азим ЗИЁУДДИН,

Тошкент Ислом институти "Диний фанлар" кафедраси мудири