Яшил қитъа тупроғига илк қадам қўйган мусулмонлар индонезиялик савдогарлар бўлган. Улар Австралияга оврупалик мустамлакачилардан юз йиллар олдин келган. Индонезияликлар ва тубжой аборигенлари ўртасидаги муносабатлар шу қадар кучайиб кетганидан муҳожирларнинг тили маҳаллий тилга таъсир ўтказган ва икки томон қуда-анда бўлиб, ўзаро яқин қариндошларга айланган.

Кейинроқ XIX аср ўрталарида оврупаликларга янги ерларни ўзлаштиришда ёрдам бериш учун мусулмон ўлкаларидан, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларидан туякашлар келтирилган. Шундай қилиб, қитъанинг ичкарироқ қисмларига, чўл ва саҳро ҳудудларига ҳам етиб борган мусулмонлар сабабли аста-секин Ислом дини ёйила бошлади. Вақтлар ўтиб, улар маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетди. Мана шу илк мусулмонларнинг авлодлари Жанубий Австралияда (1861) ва Аделаидада (1890) биринчи масжидларни қурдилар.

XX аср бошларида мамлакатдаги вазият тубдан ўзгарди, оқтанли бўлмаган бошқа элат вакиллари қатори мусулмонларнинг ҳам ўлкага кириб келиши қийинлашди. Бу ўша пайтдаги ирқчилик сиёсати билан боғлиқ эди. 1920-1930 йилларга келибгина бир нечта албан ва босниялик мусулмонлар Австралияга келишга муваффақ бўлди. Бунга ҳам уларнинг оврупа миллатига мансуб бўлганлари сабабли рухсат берилган эди. Уларнинг динни тарғиб этиши, масжидлар қуриши қийинчилик билан кечди. 1960 йилга келибгина Виктория штатининг Шепартон шаҳрида, орадан уч йил ўтиб, ўлканинг йирик шаҳарларидан бири Мелбурнда масжид барпо қилинди. Ана шу йиллардан бошлаб Австралияда ирқчилик кайфиятидаги сиёсатдан воз кечилди ва кўпмиллатли, ранг-баранг маданиятли жамият яратиш ҳаракати бошланди. 1960 йилларнинг ўрталаридан эътиборан эса, мамлакатга муҳожирлар оқиб кела бошлади. Уларнинг орасида мусулмонлар ҳам бор эди. 1967 – 1971 йиллар оралиғида Австралия Иттифоқи ва Туркия ҳукуматлари келишувига биноан ўлкага ўн минг нафар турк келиб ўрнашди. Улар Мелбурн ва Сиднейда қўним топди, мусулмонлар жамоаси шаклланишига катта таъсир кўрсатди. Кейинги йилларда келувчилар сони янада ошди. Бангладеш, Лубнон, Шимолий Африка, Афғонистон, Покистон, Эрон каби мусулмон ўлкалардан ҳам жуда кўп аҳоли кўчиб келди. XXI аср бошида Австралияда олтмишдан ортиқ мамлакатдан келган мусулмонлар истиқомат қиларди. Динсиз кишиларни истисно қилганда, Ислом эътиқод қилувчилар сони бўйича мамлакатда насронийлик ва буддизмдан кейин учинчи ўринга кўтарилди. Улар аҳолининг 1,71 фоизини – 340 мингдан ортиқ кишини ташкил этарди. Бу эса аҳолиси йигирма миллион бўлган Австралия учун кичкина рақам эмасди.

Ҳозир мамлакатда бир қанча исломий муассасалар ва хайрия жамғармалари фаолият юритади.

Мактаблар ва олий ўқув юртларида кўпмаданиятлилик тамойилига амал қилинади. Мусулмонларнинг ўзи ҳам шу фикр тарафдори. Жамиятда толерантлик – бағрикенглик кайфияти ҳукмрон. Дунё оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатга турли салбий маълумотлар етиб келаётган бўлса-да, маҳаллий аҳоли Ислом динига ва унга эътиқод қилувчиларга ижобий муносабатда.

2012 йилги маълумотларга кўра, охирги беш йил ичида Австралия мусулмонлари сони қирқ фоизга, 1976 йилдан ҳисоблаганда эса ўн фоизга ортган. Ҳозир мусулмонлар аҳолининг 2,2 фоизидан кўпроғини ташкил этади.

 

Интернет материаллари асосида Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.