Лондондаги Британия кутубхонаси Бирлашган Қиролликнинг фахри ҳисобланади. Ушбу миллий кутубхона дунёдаги энг қадимий ва катта китоб хазиналаридан биридир. 1753 йили Ханс Слоун ўрта асрларга доир инглизча, лотинча қўлёзмаларни йиғишга киришади. Шу асосда кутубхонага тамал тоши қўйилади. Эдуард IV ва Георг II ҳам бу ишга ҳисса қўшган. 1823 йили Георг III хазинани олтмиш беш минг китоб билан бойитди. Ўқув зали 1850 йили очилган.

Ҳозир кутубхонада бир юз эллик миллиондан ортиқ нусхада қадимий китоб, харита, газета, журнал, қўлёзма, нақш, расм, мусиқа ёзуви, марка, тарихий ҳужжат ва ҳоказолар сақланади. Жаҳон тилларининг деярли ҳаммасида битилган нодир асарлар бор. Кутубхона дунёнинг турли бурчакларидан мунтазам китоб харид қилади, ҳар йили хазинаси уч миллион нусхага кўпаяди.

Бу ерда қадимий халқлар тарихи ва маданиятига доир икки минг йиллик тарихга эга асарлар бор. Қуръони каримнинг кийик терисига кўчирилган варақлари кутубхонанинг энг ноёб дурдоналаридандир.

Кутубхонага илгари фақат сиёсий арбоблар ва олимлар киритилар эди. Энди паспорт кўрсатилса бас, ҳамма хоҳлаган адабиётидан фойдаланиши мумкин. Зараридан сақланиш мақсадида ручка ман этилган, фақат қалам ишлатиш мумкин. Бир кунда ўн олти минг ўқувчи ташриф буюради. Бюджети бир юз қирқ миллион беш юз минг фунт стерлинг. Ҳозир кутубхона раҳбари Линн Бридли. Бир минг тўққиз юз етмиш етти нафар ходим хизмат қилади.

Кутубхона имкон қадар янги технологиялар асосида ишлашга ҳаракат қиляпти. Ҳозир адабиётлар тўпламларини архивлаштириш, нусха олиш ва интернетга киритиш лойиҳаси устида ишланмоқда. XVIII–XIX асрларга тегишли қирқ минг китобнинг электрон нусхалари тайёр бўлган. Улар ичида романлар, диний ва тарихий ҳужжатлар ҳам бор. Китобларнинг электрон нусхасидан фойдаланиш учун ойига бор-йўғи икки фунт стерлинг тўланади.

Кутубхона илгари Британия музейи ичкарисида эди. 1998 йили Сент-Панкраси мавзеидаги янги бинога кўчирилди. Бинонинг майдони бир юзу ўн икки минг квадрат метр. Ерости қаватлари чуқурлиги йигирма тўрт ярим метр. Ўн тўрт қаватли бинонинг беш қавати ер остида. Қурилишига ўн миллион дона ғишт ва бир юз саксон минг тонна семун кетган. Бино ўртасидаги ойнаванд устунда энг нодир китоблар сақланади. Ўқувчилар ушбу ойнали устун атрофидаги айлана залда мутолаа қилади. Олинаётган китоблар ташқаридан яққол кўриниб туради.

Қўлёзма ва босма китоблар, газета ва журналлар тўпламлари кўп келтирилаётгани боис Англия шимолидаги Йоркшир мавзеида кутубхонанинг янги бўлими қуриляпти.

 

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.