Лондон шаҳридаги Британия кутубхонаси Бирлашган Қиролликнинг фахри бўлиб, дунёдаги энг қадимий зиё масканларидан ҳисобланади. 1753 йили бу машҳур кутубхонага тамал тоши қўйилган.
 Ҳозир кутубхонада бир юз эллик миллион нусхадан ортиқ қадимий китоб, харита, газета, журнал, қўлёзма, тарихий ҳужжатлар сақланади. Кутубхона дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган китобларни мунтазам харид қилади ва ҳар йили унинг хазинаси уч миллионга кўпайиб боради.
Бу ерда қадимий халқлар тарихи ва маданияти билан боғлиқ икки минг йиллик тарихга эга асарлар бор.
Кутубхонада ҳозир адабиётлар тўпламларини архивлаштириш, нусха олиш ва интернетга киритиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. XVIII-XIX асрга тегишли қирқ минг дона китобнинг электрон нусхалари тайёр бўлган. Улар ичида романлар, диний ва тарихий ҳужжатлар ҳам мавжуд. 
Кутубхона илгари Британия музейининг ичида жойлашган эди. 1998 йилда Сент-Панкраси мавзеидаги янги бинога кўчирилди. Бинонинг майдони бир юз ўн икки минг квадрат метр. Ер ости қаватлари йигирма тўрт ярим метрни ташкил қилади. Ўн тўрт қаватли бинонинг беш қавати ер остида жойлашган. 
 
Азизхон ҲАКИМОВ­­ ­тайёрлади.