Туманимиз ҳудудида қадимий қалъа харобалари, кўл, захкашлар, кенту кўприклар кўп. Чор Бакр меъморий мажмуаси бағрида ҳам узоқ асрлар билан боғлиқ катта хазинани кўриш мумкин. Бу маҳзаннинг ҳар бир қарич тупроғи, даҳма, хазира, эшик, пештоқ, гиреҳ, ангез, изораю битиклари халқимизнинг камалакранг санъатидан сўзлаб туради.
Тарихчи Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” китобида Чор Бакр жойлашган қишлоқни “Сумитан”, ундан олдин яшаб ўтган тарихчилар эса “Сақматин” деб қаламга олишган. Олим, тарихчи Комил Басирий (аслида, Бисбирий) “Сақматин” сўзини «Фарҳанги “Шоҳнома”» китобида “оқ жундан мато тўқувчилар қишлоғи, деҳи, кенти” деб шарҳлаган.
Бундан Сақматин (бугунги Чор Бакр)­да оқ жундан турли матолар тўқувчи ҳунармандлар яшагани аён бўлади. Мажмуанинг шимол томонидаги тепаликларда қишлоқ қалъаси ва истеҳкоми бўлиб, аҳолиси боғдорчилик, чорвачилик, деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланган.
Сақматиннинг Чор Бакр деб номланиши тарихи билан танишсак, ундан-да бойроқ ўтмиш билан юзма-юз бўламиз. Муҳаммад Наршахий Ҳусайн ибн Али тарафдорлари билан Амударёдан ўтиб Бухорога келгани (Нишопур шаҳридан) ва шоҳнинг таклифи билан шу ерда қолиб яшай бошлаганидан хабар беради. Ғиёсиддин Ромпурий ҳам “Ғиёс ул-луғот” китобида бу фикрни тасдиқлаб: “Ҳусайн ибн Али ибн Аби Толиб Эрон шоҳи Яздижард I нинг қизи Шаҳрбонуга уйланди. Шаҳрбонудан Зайнулобиддин туғилди”, деб айтади. Қабр битикларида қолдирилган шажаралар ҳам бу фикрни тасдиқлаб, Бакри Саъд (пайғамбарзода) Зайнулобиддин ўғли эканлиги ҳақида маълумот беради.
Сомонийлар таклифи билан келганлар сафида Хожа Абу Бакр Саъд, Хожа Абу Бакр Тархон, Хожа Абу Бакр Ҳомид, Хожа Абу Бакр Фазл ҳам бўлиб, ҳар бири фиқҳ, ҳадис, жамиятшунослик, тариқат, тиббиёт, фалакиёт, насру назмда шуҳрат қозонган олимлар эди. Ҳикоянавис Муҳаммад Авфий Бухорий “Ҳикоятҳо аз-сабоғи рўзгор” асарида куняси бир хил ушбу олимларнинг Бухоро тараққиётига қўшган ҳиссалари ҳақида воқеий ҳикоятларни келтирган.
Қишлоқнинг “Чор Бакр” номи билан аталишига уларнинг Сақматин қалъаси теварагида подшоҳликдан берилган экин ерлари борлиги сабаб бўлган. Чор Бакрлар бутун ёз ойларини дала ҳовлиларида ўтказиб, қишда яна шаҳарга қайтишарди. Узоқ умр кўрган Абу Бакр Саъд вафот этгач, васиятига кўра Сумитандаги боғи марказига кўмилди. Асрлар ўтиши билан 45 гектардан иборат бу дала-ҳовли Хожа Абу Бакр Саъд авлодининг хоҳиш-истагига кўра қабристонга айлантирилди.
Хожа Абу Бакр Саъд қабри бошида хонақоҳ, мадраса, жоме масжиди тикланишига чевараси Хожа Ислом Жўйборийнинг шоҳ Абдуллохон ҳурмат-эътиборига сазовор бўлгани сабабдир. Хожа Ислом Жўйборий замонасининг донишманди эди. У Бухоро ҳукмдори Абдуллохоннинг барча бунёдкорлик ишларида бош-қош бўлди. Маслаҳати билан мингдан ортиқ сардоба қурилиб, катта карвон йўлидаги ичимлик суви муаммоси ҳал этилди. Бутун воҳа бўйлаб заҳкашлар чиқарилиб, экин ерлари ҳосилдорлиги ошди. Солиқлар камайтирилди. Қишлоқларни обод қилишга мулкдорлар эътиборини жалб этди. Йўл, кўприк, работ, карвонсарой, ҳовуз, ариқлар чиқаришда дин пешвоси, олим, муҳаддис Хожа Исломнинг илмий кўрсатмалари асқотди.
Уруш, можаро, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишда Хожанинг монанди йўқ эди. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдуллонома” китобида ёзилишича, бир заминдор Абдуллохон ҳузурига: “Хожа Ислом Жўйборий менинг экин ерларим устидан ариқ чиқариб, деҳқонларга сув берди, бундан зарар кўрдим”, деб шикоят қилиб келади. Абдуллохон унга: “Агар Хожа Ислом Жўйборий икки қошим ўртасидан ариқ чиқариб, ўзгалар мушкулини осон қилса, минг карра рози эдим!” деб қисқа жавоб қайтаради.
Хожа Ислом мерос олган ерлари ҳисобидан 70 та мевали боғ қилди. Таваккали нон пишириб, бепул тарқатадиган тўртта новвойхона ташкил этди. Гулоб, шарбат, гиёҳлардан дори-дармон тайёрлаб, хасталарга бепул хизмат кўрсатадиган дорихона очди. Шаҳристон ҳудудида ҳаммом қурдириб, текин қилиб қўйгани кўпчиликка ибрат бўлди. Хожа Ислом Жўйборий ҳурмати учун шоҳ Абдуллохон унинг ота-боболари ётган қабристон бағрида сегона шак­лида маҳобатли учта қаср тиклади. Чор Бакр мадрасасида сабоқ бериш учун энг номдор мударрисларни чорлади. Уларни маош билан таъминлашни зиммасига олди. Бу ерда ўқиб, диний илмлар билан бирга замонавий, муҳандисий, кимёвий билимлар эгаси бўлган ёшлар Бухоро шарафини янада юксалтирдилар.
Собиқ тузум даврида бу муқаддас қадамжо харобага айланган эди. Мустақил бўлганимиздан кейин Чор Бакрда улкан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугун бу ерда қад кўтариб турган 25 тадан ортиқ тарихий бино Бухоро меъморлик санъатининг бетак­рор намуналаридир. Уларни яна қайтадан таъмирлаб, асраб-авайлаб келажак авлодга етказмоғимиз шарт. Бу шарафли иш улуғ аждодларимиз руҳониятига садоқатимиз далили, бугун ва келажак олдидаги ватанпарварлик бурчимиз ҳисобланади.
 
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
“Чаҳор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби