Қадимий Ховос шаҳри нафақат Сирдарё, балки бутун Мирзачўл ҳудудидаги энг катта ва кўҳна ёдгорликдир. Ўрта асрларда гуллаб-яшнаган бу шаҳар харобалари бугунги Ховоснинг жануби-ғарбида, Карвонсарой қишлоғи қаршисида жойлашган.
1987–1988 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институтининг машҳур олимлари Ховос тепалигида археологик изланишлар ўтказиб, унда қадимий қатламлар мавжудлигини аниқлашди. Топилмалар манзилгоҳнинг 2000 йиллик тарихга эга эканини кўрсатди.
2014 йили мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида эски Ховос шаҳри харобаларида бешинчи марта қазилма ишлари олиб борилди. Натижада, бу ердан қадимий тегирмон тоши, ёрқин бўёқлари ва безаклари кўчмаган сопол идишлар топилди. Толпилмалардан маълум бўлдики, Ховос милоддан олдинги IV асрдан милодий X асрга қадар қадимги Фарғона, Чоч (Тошкент) ва Сўғдга борадиган савдо йўллари чорраҳасида жойлашган қулай ва муҳим манзилгоҳ бўлган.
Чорраҳанинг бир тармоғи Ховосдан Қуркад орқали Хўжанд ва Фарғонага, иккинчиси тўғри Чоч дарёси – Сирдарё кечувидан сўнг шимол томон – Шоҳруҳия шаҳрига, ундан Ҳарашкентга, кейин Чоч пойтахти Бинкатга борган.
Низомиддин Шомийнинг машҳур “Зафарнома” асарида ҳам қадимий Ховос тилга олинади. Китобда келтирилишича, Амир Темур қадимий Ховосда бўлган. 1367–1368 йилларда Амир Ҳусайн ва Амир Темур ўрталарида тўқнашув бўлиб ўтади. Бу жангда Соҳибқирон қўшинлари рақиби Амир Ҳусайн қўшинини, сон жиҳатидан кўп бўлишига қарамай, Ховосдан бошлаб тор-мор этади.
Кўҳна Ховосни Бобур Мирзо ҳам бир неча бор тилга олади. Унинг таърифлашича, Умар Шайх Шоҳруҳия ва Ўртатепа оралиғидаги Ховос қишлоғида Султон Аҳмад Мирзо билан бўлган жангда мағлубиятга учрайди.
ХV асрнинг иккинчи ярмида ушбу қадимий заминга машҳур шоир Абдураҳмон Жомий ва Хўжа Аҳрор Валий ҳам ташриф буюришган.
ХVIII аср бошларида ўзаро ички урушлар боис мамлакатда парокандалик бошланади, Самарқанд вайрон қилинади. Аҳолиси шаҳарни тарк этади. Бу ҳақида Муҳаммад Ёқуб Бухорий шундай ёзади: “Мовароуннаҳрда очарчилик бошланди. Одамлар ўз уй-жойларини ташлаб, ҳар томонга тарқалиб кетдилар. Самарқанд шаҳри кимсасиз, ҳувиллаб қолди...”
VIII асрда Самарқандга одамларнинг оммавий кўчиб бориши кучайди. Бу ишда бошқалар қатори ховосликлар ҳам фаол қатнашди. Улар шаҳар шимолидаги Ҳайдаробод деган жойда гузар ташкил этиб, мусофирларни ўша ерга жойлаштиришади. Гузар “Ховоси якум” ва “Ховоси дуввум” қисмларига бўлиниб, шимолда Юсуфбой, шарқда Минори каж ва Бибихоним масжиди билан, жануби-ғарбда эса Пастқишлоқ билан чегарадош эди. Гузар ҳудудида иккита масжид, мактаб, мадраса, мозор ва карвонсарой бор эди.
Ховосда жами еттита масжид бўлиб, улар “Қизил масжид”, “Намозгоҳ”, “Оқ масжид”, “Қалъа”, “Юсуфча”, “Боло” ҳамда “Шонатарош” деб номланган. Ҳар бир масжидда мадраса бўлган. Улардан фақатгина “Қизил” жоме масжидида жума намози ўқилган.
Шунингдек, Ховосда еттита маҳалла, еттита ҳовуз бўлган. Ховос орқали тинмай Буюк Ипак йўли бўйлаб йўлга чиққан савдо карвонлари ўтган. Эски Ховос сўлим ҳавоси ва гўзал биною иншоотлари билан, ҳатто, Амир Темурни ҳам маҳлиё қилган. Соҳибқирон бобомиз битикларида кўҳна Ховосни: “Ҳавас қилса арзийдиган жой экан” деб таърифлаган.
 
Худоёр ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ховос тумани “Умар ибн Хаттоб”
жоме масжиди имом-хатиби