Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани тоғли ҳудудлардан, асосан лалмикор ерлардан иборат. Боғу роғлари, чашмалари, булоқларию минг йиллик чинорлари, бетак­рор тарихий обидалари, зиёратгоҳ жойлари билан машҳур. Тумандаги “”Ҳазрати Башир”, “Хожа Неъматуллоҳ”, “Хожа Имганакий”, “Хожаи Парвез”, “Қабри Охунд” каби зиёратгоҳлар Юртбошимиз таклиф ва ташаббуслари билан қайта таъмирланиб, ободонлаштирилгач, элнинг фахру ғурури яна ҳам юксалди. 
Юртимизда баҳор – байрамлар фасли бошлангач, улкан гулдастани эслатадиган дарахтларнинг ҳар бир куртагидан Наврўз мўралаётгандек, майсалар кафтларига ҳам байрам шукуҳи тўлиб, кўкка бўй чўзаётгандек... 
Наврўз айёми Китоб туманининг Сариосиё қишлоғига ҳам ҳар йилгидан анча эрта кириб келди. Тоғларга туташ боғлару қирликларга, ундан ҳам эртароқ қалбларга яшариш, янгиланиш қувончлари тўлди. Сариосиё маҳалласидаги ҳар бир хонадон аҳли “Мустақилликнинг 25 йиллигига – 25 тупдан дарахт кўчати экамиз” шиори остида бошлаган ташаббус ён-атрофга ибрат бўлиб ёйилди. 
– Кунлар илий бошлаган пайт­дан оқсоқоллар бошчилигида ариқ-зовурларни тозалаш, дарахт кўчатлари экиш ишлари қизиб кетди, – дейди “Чинорлик” масжиди имом-хатиби Собитхон Ҳамидов. – Кексаю ногиронлар аҳволидан хабар олиш, уларга керак бўлган ёрдамни кечиктирмаслик маҳалламизда одатга айланган. Бундай тадбирлар одамларни бир-бирига қадрдон қилади, натижада ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланади. 
...Эрта тонгда ҳали болалар уйғонмасиданоқ, аёллар сигир соғишга улгурмасидан, намозхонлар энди бомдод намозини адо қилиб бўлишлари билан, ташқаридан эштилган ўйноқлаган отнинг кишнаши, арава ғилдиракларининг енгил ғижирлаши ва карнай-сурнайнинг шўх овози барчани сергаклантирди. Болалар кўчага югуришди. От-аравада ўтиб бораётган жарчиларнинг “Ҳамма Наврўз сайлига!” деб жар солиши каттаю кичикни шошириб қўйди. Кейинги йилларда бу ерда бир тартиб анъана бўлиб қолди: ҳар йили маълум бир йилда туғилган йигит-қизлар Нав­рўз байрамини ўтказишга ташкилотчи этиб сайланадилар. Бу одат қиш­лоқнинг барча ёшлари жамоат ишларидан четда турмай, элу юрт ишига жонкуяр бўлишлари, ташкилотчилик малакалари ошиб боришини кўзлаб урфга киритилди. Бу йилги баҳор байрамининг ўтказилишига маҳалланинг 1971 йилда туғилган ёшлари ташкилотчи бўлдилар. Улар байрамга саф-саф бўлиб ташриф буюрганларни салом ва тавозе билан кутиб олдилар, барча тадбирларнинг чиройли ўтиши учун бош-қош... Аввало каттаю кичик сайл майдонига тўпланишди. Ўтганларнинг руҳларига бағишлаб Қуръон тиловати, дуолар қилинди. Хофизларнинг хонишини тинглаб наҳорги ошни тановул қилгач, улар кураш майдонига ўтишди. 
Байрам дастурхони атрофида бир-бирларини қутлаб, баҳор таомларидан баҳраманд бўлган аёлу қизлар катта майдонга, болалар эса дорбозу масхарабоз­лар, полвонлар чиқишларини кўришга шошилдилар.
Аёллар ўртасида “Қишлоқнинг энг қўли енгил шифокори”, “Энг жонкуяр маҳалла фаоли”, “Энг билимдон ўқувчи”, “Энг тажрибали устоз” номинациялари бўйича эълон қилинган кўрик-танловлар ғолиблари эълон қилиниб тақдирлангач, “Келин салом” маросимига “Алла айтиш” ва “Энг қадимий қўшиқ” танловлари уланиб кетди. 
 
Наврўз келди элимга,
Гул сўз келди дилимга,
Минг шукрлар қиламан
Аллоҳ берган кунимга. 
 
Ана шундай. Аёллар даврасини куй-кўшиқ яшнатади. Миллий либосларда, миллий чолғу асбобларида айтилаётган қўшиқлар осуда кунларнинг, хотиржам дилларнинг шукронасига пайваста:
 
Тонг саҳардан кўчалари супурилган, 
Тандирлари нон ёпишга қиздирилган,
Пешайвонда қалдирғочлар ғужурлаган,
Кўз тегмасин юртимизга, дуо қилинг. 
 
Воҳада курашсиз ўтадиган тадбирни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ям-яшил сайхонлик кураш майдонига айланди, ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган беллашувларда нафақат курашчилар, балки томошабинларнинг ҳам юраклари жўшиб тошгани нигоҳларда акс этарди. Кексаю ёш полвонларга олқишлар ёғилди, ҳомийлар ҳам ғолибларга совринлар тақдим этишда саховатларини аямадилар. 
Қатрада – қуёш акси. Воҳада байрамлар байрамга уланиб, дилларда эзгу орзу-ниятлар гулламоқда. Момолар, бобожонларнинг дуолари янги қутлуғ кунларга гўё дебоча бўлмоқда:
– Аллоҳнинг назари тушган жаннатмонанд Ўзбекистонимизга кўз тегмасин, халқимиз бошига ҳамиша омад қуши қўнсин. Қалбларимиз имон нурларидан ёруғ, рўзғоримиз тинч, устимиз бут, дастурхонимиз тўкин – буларнинг шукрини доим қалбда маҳкам тутайлик. 
 
Муҳтарама УЛУҒОВА,
ўз мухбиримиз