Францияга мусулмонлар милодий VIII асрнинг биринчи чорагида келган. Исломнинг Оврупага ёйилишида Пириней ярим ороли ва Испания кўприк вазифасини ўтади. Мусулмонлар Андалусияни 711 йили фатҳ этишган бўлса, ҳудуддаги сўнгги Ислом давлати 1492 йили тугатилди. Бу орада илм-фан, маданият юксак ривожланди, минглаб олимлар етишиб чиқди.

Мусулмонлар ҳукмронлиги барҳам топгач, черков инквизиция судларини йўлга қўйди. Лекин бу каби қаршиликлар узоқ йиллар мобайнида шаклланган юксак маданиятни букиб қўя олмади. Аксинча, ўлкада шаклланган мусулмон – шарқ маданияти бошқача кўринишда асрлар оша бутун Оврупа мамлакатлари, жумладан, ҳозирги Франция, Испания, Португалия, Олмония ва Италия каби давлатларнинг илм-фани, маданияти ва турмуш тарзига сингиб борди. Оврупа Уйғониш даври айни шу асосда юзага келди. Оврупа халқлари мусулмонлар ёзган асарлар орқали илм-фан ва маданий ҳаёт чўққиларига эришгани тарихдан маълум.

Иккинчи босқич турли ижтимоий-иқтисодий манфаатлар тўқнашуви жараёнида кечди. Францияда Ислом динининг ўзига хос нуфузга эга бўлиб боришига мусулмонларнинг нафақат сон жиҳатдан ортиши, балки уларнинг жамоа сифатида бирлашиб, ижтимоий ва маънавий ҳаётда алоҳида ўрин эгаллаётгани туртки бўлди.

Ривожланган мамлакатларга илк мусулмон муҳожирлар XX асрнинг бошларида келишди. Биринчи жаҳон уруши уларнинг Оврупага оммавий тарзда кўчишига замин яратди. 1914–1918 йиллар мобайнида Францияга Шимолий Африка халқлари кўчириб келинди. Бундан нафақат қишлоқ хўжалиги ва қурол-аслаҳа заводларига ишчи кучи етказиб бериш, балки олмонларга қарши жангларда йўқотилган аҳолининг ўрнини тўлдириш ҳам кўзланган эди.

Шунингдек, ҳукумат Францияда узоқ муддат яшаш ва ишлашларини таъминлаш мақсадида мусулмон ишчиларнинг диний эркинликларни кенгайтириш дастурини ишлаб чиқди. Ўлкага имомлар, тариқат вакиллари таклиф қилинди. Темир йўл идоралари ҳамда касалхоналарда намозхоналар ташкил этилди. Жуда катта майдон мусулмонлар қабристонига ажратилди. 1924 йилга келиб, мамлакатда мусулмонлар сони бир юз йигирма мингдан ортди, улардан юз минги жазоирликлар эди. 1926 йили Франция мусулмонлари ҳаётида унутилмас воқеа юз берди – “Париж катта масжиди” очилди.

Ўтган асрнинг 60–70 йилларида Франция иқтисоди сезиларли даражада ўсди, шу сабаб мамлакатга Туркиядан ишчи-деҳқонлар кўчиб кела бошлашди. Уларнинг кўпи қишлоқ туманларидан эди.

ХХ аср охирларида Жазоир, Марокаш, Лубнон, Тунис, Миср, Туркия, Покистон ва Афғонистон каби давлатлардан Францияга келган  муҳожир мусулмонларнинг сони тўрт милёндан ошди.

Бугун баъзи мутахассислар Франция­ни “Оврупанинг мусулмон мамлакати” деб атамоқда. Маълумотларга кўра, бу ердаги мусулмон аҳолининг учдан икки қисми дунёнинг 123 давлатидан келган муҳожирлардан иборат.

Мамлакатда олти милёнга яқин мусулмон истиқомат қилади, улар умумий аҳолининг ўн фоизини ташкил этади. Мусулмонлар мамлакатда католиклардан ке­йин иккинчи йирик жамоадир.

Парижда Араб дунёси институти ишлаб турибди. Ушбу илм масканида бой кутубхона ва маърузалар зали бор. Париж ва унинг атрофидаги мавзеларда бир юз қирқдан ортиқ масжид бўлиб, уларнинг энг йириги – “Париж катта масжиди”дир. Мажмуада хонақоҳ, ислом маркази, мад­раса, мажлис ва маърузалар зали, имом ётоқхонаси ва ошхона бор. Масжид сарф-харажатларини вақфлар қоплайди. У Оврупадаги энг катта масжиддир.

Туб миллат вакиллари орасида ҳам Исломни қабул қилаётганлар кўпайиб, улар ҳозир бир милёндан ортди.

Хуллас, Францияда асрлар оша мав­қеларини босқичма-босқич мустаҳ­камлаб, илм-маърифат ва динлараро бағрикенглик тамойиллари ривожланишига салмоқли ҳисса қўшаётган мусулмонлар бугун мамлакат тараққиётида муҳим ўринга эгадирлар.

Акмалхон АҲМЕДОВ