Сайёрамиз иқлимининг глобал равишда ўзгариши асримизнинг энг муҳим муаммоларидан биридир. Сўнгги пайтларда Ер куррасининг турли ҳудуд­ларида ғайритабиий ҳодисалар ва фалокатлар юз бериши тез-тез кузатиляпти. Улар ер силкинишининг кўпайиши, вулқонлар қайнаб тошиши, ҳаво исиши, баҳайбат музларнинг эриши, океан ва денгизларда сув ортиши, дарёлар оқимининг тезлашиши, тўфон ва шу каби табиат ҳодисаларидир. Хусусан, жорий йилда рўй берган қуйидаги воқеа­ларни мисол келти­ришимиз ­мумкин.

27 январь куни Саудия Арабистонининг Рафха ва Арар ҳудудларида, эртасига эса Қувайт ва Жазоирда оппоқ қор ёғди. Қор қалинлиги бир метргача етди, натижада бир қанча автоулов йўллари ёпилди. Дунёда энг иссиқ, тропик ҳудуд – Арабистон ярим­оролида ҳаво 0°C дан тушиб кетди. Бир йилда бир-икки ёмғир шивалаб ўтадиган бу мамлакатларни қор қоплаши ғайритабиий ҳолат.
Марказий Африканинг Камерун, Нигер, Чад ва Нигерия давлатлари қирғоқларини ювиб турувчи Чад кўли минг йил мобайнида етти марта кичрайгани маълум. Бироқ сўнгги олт­миш йилда олдингидан йигирма олти баробар кичрайгани ва бу ҳолат тез суратда давом этаётгани мутахассисларни саросимага солмоқда. Мазкур кўлнинг қуриётганини палеонтолог олимлар турлича изоҳлашади: дарёлардан оқиб келаётган лойқа сувлардаги қаттиқ жисмлар кўлни тўлдириб қўйиши; тупроқ эрозиясининг кучайиши; керакли сув ўсимликларининг қирилиб кетиши; аҳоли ортган сайин қишлоқ хўжалиги ва чорвадорликда сувдан аёвсиз фойдаланиш; қуёш нурининг кучайиши.
Шимолий қутбда янги йил бошида ҳаво ҳарорати +1°C даражани кўрсатди. Ваҳоланки, бунақа пайт ҳарорат –30°C бўлиши керак эди. Ҳатто 1961–1990 йиллар мобайнида ҳаво ҳарорати деярли –57°C даражадан тушмаган экан. Музликлардан иборат бўлгани учун ўлкада ер ўлчайдиган техникадан фойдаланиб бўлмайди. Шу боис, Американинг атмосфера ва океания бўйича изланиш институти бу аномал ҳодисани сунъий йўлдош орқали аниқлаб, бунга Буюк Британия қирғоқларидаги “Фрэнк” бўрони сабаб эканини маълум қилишди. Шамол би­лан келган кучли сел қирғоқдаги Эплби қишлоғини вайрон қилди. Камбрия шаҳрини эса электр қувватисиз қолдирди ва минглаб аҳоли бошқа жойга кўчирилди. Баъзи олимлар Шимолий қутбда бундай ҳарорат вақтинчалик экани, кейин яна изи­га тушиб кетишини айтиб, гигант музлик­ларнинг эришини бундан-да хавфлироқ деб ҳисоблайди.
Шунингдек, Ҳинд океанида учрамайдиган турли балиқлар кўпайиб кетиши, Мексикани совуқ уриши, Олмонияда бевақт иссиқдан дарахтлар гуллаши, Украинада даҳшатли момақалдироқ гумбурлаши, Эронда сел қуйиши, Аргентинада тухум катталигида дўл ёғиши, турли тўфонлар каби юзлаб мисолларни келтириш мумкин. Бу ғайритабиий ўзгаришлар тобора хавфли тус олаётгани кўпчиликни саросимага соляпти.
Бундай глобал иқлим ўзгаришининг асосий сабаби нимада? Санаб ўтилганлар шунчаки табиат ҳодисаларими ёки бунда одамзоднинг ҳам таъсири борми? Уни тўхтатишнинг имкони мавжудми, деган саволларга олимлар турлича фикр билдиришмоқда.
Американинг атмосферани ўрганиш маркази катта илмий ходими Кевин Тренберт: Вулқонлар иқлим ўзгаришига таъсир қилади, чунки сўнгги хронологик таҳлиллар уларнинг бевосита ҳаво исишига алоқадор эканини кўрсатди. Тажриба тариқасида Антарктида ва Гренландия музликларидан намуна олганимизда, уларнинг таркибида вулқондан ҳосил бўлувчи сульфат элементлари топилди”.
«Met Office Hadley Centre» тад­қи­қот марказининг етакчи му­тахас­сиси Питер Стотт: “Атмосферада йиғи­лаётган нам­­лик ва буғлар бўрон, тўфон ва турли ёғин­гарчиликлар омилидир”.
Буюк Британия миллий илмий-текшириш институти олимлари: “Дунё бўйлаб турли ҳудудларда завод ва фабрикаларнинг тинимсиз ишлаши ва ўзидан зарарли газ чиқиндиларини чиқариши натижасида ҳосил бўлган ифлос буғ атмосферани бузяпти”.
Хитойлик рассом Ван Жэньчжэн: “Пекин кўчаларида чанг юткич кўтариб, ҳавони тозалашга ўз ҳиссамни қўшдим. Биламан, бу билан атмосфера мусаффо бўлиб қолмайди, лекин одамлар муаммога жуда бефарқ. Ҳавони ифлослантираётган автоулов ва заводларни ҳеч бўлмаса камайтириш керак”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг глобал иқлим ўзгаришлари бўйича Париж шаҳрида ўтказган сўнгги 21-анжуманида бу масалага ойдинлик киритилди. Тадбирда сайёрамиздаги глобал исиш жараёнига қарши кураш бўйича халқаро битим имзоланди. Мазкур битимга биноан, ҳарорат ўзгаришини ўртача –2°С даражада ушлаб туриш мақсадида ҳар йили 100 миллиард доллар ажратишга қарор қилинди. Шунингдек, ҳар бир мамлакат глобал муаммога ҳисса қўшиш режасини ташкилий қўмитага тақдим этди. Уларда зарарли газ чиқиндиларини маълум фоизга камайтириш мажбурияти акс этган.
 
Азизхон ҲАКИМОВ 
тайёрлади.