Сизга маълум, ер юзида ҳарорат муттасил исиб бориши кузатилмоқда. Олимлар ушбу жараён XX асрнинг иккинчи ярмида бошланганини таъкидлашяпти. Тадқиқотларга кўра, ер куррасида ҳарорат ўтган арсдагидан 0,7 даражага ошган. XXI аср ўрталарига бориб бундай исиш 1,1дан 6,4 даражагача ортиши тахмин қилинмоқда. Ялпи исиш океанларнинг кенгайиши, ёғингарчилик кўпайиши ва атмосферанинг ўзгаришига сабаб бўляпти. Глобал иқлим исишига музликлар эришининг ҳам катта таъсири бор. Антарктиданинг жануби-ғарбидаги яриморолда иқлим 2,5 даражага кўтарилган. 2002 йили майдони уч минг икки юз эллик километрлик, қалинлиги эса икки юз метрдан ошиқ “Ларсон” музлиги ўттиз беш кун ичида бир минг икки юз эллик километрга кичрайган.

Бу ҳол ҳароратнинг олдингига нисбатан деярли бир ярим баробар ортганини англатади. Шу йил бошида Россиянинг Омск, Томск ва Тюмен вилоятларининг йигирма етти минг аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларида ёққан сариқ ва пушти рангли қор ҳаммани ҳайратга солгани сир эмас.

Иқлим ўзгаришларини кузатувчи канадалик бир гуруҳ олимлар ва ҳарбий мутахассислар глобал исишга сабаб бўлаётган воқелик тўғрисида янги маълумотлар тўплашган. Экспедиция аъзолари “Уард Хант” оролидаги музликларнинг интенсив эриш ҳажми кундан-кунга кенгайиб бораётганини кузатишган ва «абадий» музликларнинг 16 километрга кичрайганининг гувоҳи бўлишган. «Мен бундай ўзгаришни кўришни кутмаган эдим», – дейди Трент университети профессори Дерек Мюллер. – Бу шуни кўрсатадики, муз майдонлари шиддат билан қисқариб бормоқда. Ҳозир бир неча улкан муз тоғлари бир-бирини ушлаб турибди, аммо улар баҳайбат айсбергларга айланиши мумкин». Агар улкан муз майдонлари шу яхлит бўлакларга бўлиниб кетиб, айсберг шаклидаги оролларни ҳосил қилса, бу денгиз муҳитига жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Экспертларнинг таъкидлашича, музликларнинг эришига нафақат глобал исиш, балки, мамлакатларнинг Арктика табиий ресурсларидан беаёв фойдаланиши ҳам бунинг боисидир.

Париж шаҳрида шу йилнинг август ойида ўтказилган анжуманда мутахассислар 2100 йилга бориб, ер шарида ҳарорат тўрт даражага ортиши ва натижада икки юз миллиондан ортиқ одам кўчманчи аҳолига айланиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантиришди.

Оврупалик олимлар ёзда ҳаво мунтазам ўн беш даража совуқ бўладиган Гренландия иқлимини ўрганишяпти. Улар бу диёрдаги кўкаламзор табиат остида ҳам икки ярим километрлик муз қатлами борлигини аниқлашди. Ушбу музликлар пайдо бўлганига бир неча минг йилдан ошган бўлиб, оддий айсберглар каби уларнинг асоси тош ёки қоядан иборат эмас. Экспедиция аъзоси профессор Гуттер Шек Берг бундай дейди: “Музнинг ўрта қатлами сувдан иборат, шу боис у ҳаракатланувчан. Баҳайбат музлик остида сув кўпайиб, кўл ҳосил қилиши иқлим исиб бораётганидан далолат беради”.

Машҳур алпинист Саймон Йейтс иқлим ўзгариши бўйича мулоҳазаларини қуйидагича баён қилади: “Мен ўспиринлик чоғимдан бери тоғ чўққиларига кўп чиқаман. Йигирма беш йил ичида дунёнинг бир неча мамлакатидаги қояларда бўлдим, баъзиларига икки мартадан бордим. Ўтган йили бундан ўн уч йил олдин борганим Тян-Шон тоғларидаги шимолий “Инилчиқ” музлигига яна бориш насиб қилди. У ерда авваллари фақат қор ёғар эди, ҳозир эса ёмғирни кўриб, ҳайрон қолдим. 2007 йили Покистондаги баландлиги бўйича жаҳонда иккинчи ўринда турадиган “Балторо” тепалигига чиқдим. У ернинг иқлими ҳам ўн беш йил олдингисидан буткул ўзгариб, қор қатлами сезиларли даражада пасайганини кўрдим”.

Гаваянинг жамоатчилик аъзоси вакиласи Триша Кехаулани Уотсон глобал исиш жараёни ҳақида шундай фикр билдирди: “Гаваядаги дарё ёш болалар чўмилса бўладиган даражада тоза ва саёз эди. Ҳозир сув мўллигидан қирғоқларни бетон билан баланд кўтаришяпти. Бундан ташқари сув таркибида зарарли лептоспироз моддаси топилган. Ушбу модда сув даражасининг кўтарилиши натижасида келиб чиққанини таъкидлашяпти”.

– Сўнгги йигирма йил ичида об-ҳаво буткул ўзгариб кетди, – дейди буғучилик мутахассиси Олаф Матис Эйра, – Скандинавия, Сибир, Аляска, Канада, Швеция ва Гренландиядаги подаларнинг учдан икки қисми бизга номаълум сабаблар билан қирилиб кетяпти. Бу ерларда қор ўрнига кўпроқ ёмғир ёғиши кузатиляпти. Биз буғуларни сақлаб қолиш учун уларни ем билан боқишга баҳоли қудрат ҳаракат қиляпмиз, лекин бу жисмонан ва экологик жиҳатдан нотўғри. Балки бу ўзгаришлар инсониятнинг аёвсиз тоза ерлардан чиқиндиларни қайта ишлаш йўлида фойдаланаётганидандир. Саноқли қолган бу жонзотлар ана шу қаҳратон совуқ диёрларнинг ҳавосига ўрганган ва мослашган.

Мутахассислар Исландия иқлимини кузатар экан қиш фаслида ажойиб кўринишнинг гувоҳи бўлишди. Одатда қаҳратон совуқ бўлиш ўрнига ўтган йили қишда Исландиянинг ҳарорати 10 даражагача исиб кетди. Бунақа пайт бу ерда кўм-кўк далалар ва ям-яшил ўтлоқлар сақланиб туришидек ғайриоддий ҳолатни кузатишган.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳозир табиатда чиқиндиларни зарарсизлантириш, бартараф этишга хизмат қилувчи микроорганизмларнинг сони ва фаоллиги анча сусайган. Бу ҳолат чиқиндиларнинг табиий қайта ишланиши издан чиқишига, йилдан-йилга кўпайиб боришига, охир-оқибатда эcа уларнинг таъсирида тупроқ ҳамда атмосфера таркибининг ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Саноат корхоналаридаги иш жараёнида атроф-муҳитга зарар етказувчи кимёвий моддалар – хлор, олтингугурт, азот оксидлари газ ҳолида чиқади ва ёмғир, қор орқали бу моддалар ерга қайтиб тушади. Табиийки, бу моддалар бизнинг истеъмол маҳсулотларимиз таркибидан жой олади. Олимлар бунинг натижасида инсонларда саратон касаллиги келиб чиқиши, иммунитетнинг пасайишини аниқлашган.

Ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг кескин ўсиши атмосферада зарарли газлар ортишига олиб келди. Сайёрамиз табиатини асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида 1998 йили 16 март куни Япониянинг Киото шаҳрида қатор етакчи давлатлар вакиллари иштирокида қарор қабул қилинган. Беш йилга мўлжалланган лойиҳа бўйича бир қатор мамлакатлар олти хил газ – CO2, CH4, гидрофторуглеводород , перфторуглеводород, N2O ва SF6 турларини ишлаб чиқаришни камайтиради. Жумладан, атмосферага зарарли газлар ишлаб чиқаришни Оврупа иттифоқи давлатлари 8, Америка 7, Япония ва Канада 6, Шарқий Оврупа ва Прибалтика 8 фоизга камайтиришга, Россия ва Украина эса ҳозирги ҳолатдан кўпайтирмасликка ҳамда ушбу қарорга 2020 йилгача амал қилишга келишиб олинган.

“Анъом” сурасининг тўқсон тўққизинчи оятида марҳамат қилинади: «У осмондан сув (ёмғир) туширган зотдир. У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик. Ундан яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик. Ундан (бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имонли қавмлар учун аломатлар бордир». Пайғамбаримизнинг бир ҳадисларида эса бундай дейилади: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ифлос ва исроф жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. Табиатга, атроф-муҳитга нисбатан оқилона, тежамли муносабатда бўлиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз ҳам қарздир.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.