Тасаввуф таълимоти X–XI асрларга келиб Мовароуннаҳр­да кенг ёйилди. Ушбу йўналиш тарихи Юсуф Ҳамадоний (1048–1140) номи билан боғлиқ. Ҳамадоний таълимоти асосида "Яссавия" ва "Нақшбандия" тариқати шаклланди. Яссавийлик тариқати XII асрда, нақшбандийлик тариқати XIV асрда вужудга келди. Дўстмуҳаммад Кеший нақшбандия тариқатининг маш­ҳур шайхларидан бири бўлган. Тўлиқ исми Дўстмуҳаммад ибн Наврўз ибн Хушмуҳаммад ибн Одил Муҳаммад ибн Фахриддин ибн Қардшоҳ ибн Кешийдир. У зот XV аср охирида (Кеш) Шаҳрисабзда дунёга келди. Бу даврда темурийлар сулоласи инқирозга юз тута бошлаган, Дашти Қипчоқдан чиққан Муҳаммад Шайбоний темурийлар мулкини босиб олиш пайида юрган эди.

Дўстмуҳаммад шаҳарнинг Чубин маҳалласидаги мактабда саводини чиқаргач, ўқишни яна давом эттириш учун 1514 йили Фарғона водийсига – Ахсикент шаҳрига йул олади. Дўстмуҳаммад икки йил Ахсикентдаги мадрасада ўқийди. Сўнг Самарқанд яқинидаги Даҳбед қишлоғида яшовчи йирик мутасаввиф олим Саид Аҳмад Косоний – Махдуми Аъзамдан дарс олиш ниятида сафарга чиқади.

Дўстмуҳаммад Махдуми Аъзамнинг синовларидан ўтгач, унга қарашли вақф ерларда экин экиб, ҳосил етиштиради.

Дўстмуҳаммад ғазаллар ҳам машқ қилиб турар эди. Деҳ­қончилик билан шуғуллана бошлагач, ўзига "Полизкор" деган тахаллус олади. Шогирдининг ижодидан хабар топган Махдуми Аъзам унга нақш­бандия тариқатининг Хожагон йўналиши ҳақида асар ёзишни тавсия этади. Кеший асарни беш йилда ёзиб тугаллайди ва "Танбиҳат уз-золлийн вал музиллийн" ("Йўлдан адашган ва адаштирганларга танбеҳ") деб номлайди. Тўрт боб ва етти фаслдан иборат бўлган бу асарнинг ҳозирда Шарқшунослик институти қўлёзмалар жамғармасида муқаддима ва биринчи бобининг бир фаслигина бор. Кеший ушбу асарида нақшбандия тариқатининг силсиласи, одоблари (зикр, таважжуҳ, хатми хожагон) ва бошқа назарий масалаларни ёритади.

Дўстмуҳаммад Кеший "Силсилат ус-сиддиқийн ва анис ул-ошиқин" ("Содиқлар силсиласи ва ошиқлар дўсти") номли асар ҳам ёзади. Бу асарнинг бир неча қўлёзма нусхаси дунё­нинг турли кутубхоналарида бор. Аммо энг қадимийси ЎзРФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Тадқиқотчилар аниқлашича, аcap тугалланмай қолган. Бу Кешийнинг оғир бетоб бўлиб қолиши ёки вафот этиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ушбу асар муқаддима ва етти бобдан иборат бўлиб, Мавлоно Саид Аҳмад Косоний – Махдуми Аъзам ҳаёти ва фао­лиятига бағишланган. Муаллиф асарни ёзишга устози вафот этганидан сўнг киришиб, ўн йил давомида ёзиб, 1552 йили тугаллайди. Бу асар ХVI асрда Марказий Осиёда катта нуфузга эга бўлган буюк шахснинг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан таништириш билан бирга, ўша даврдаги ижтимоий воқеалар хақида хам хабар беради.

Дўстмуҳаммад Кешийга тегишли айрим маълумотларни ҳам шу асардан топиш мумкин.

 

Фазлиддин МУХТОРОВ,

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани бош имом-хатиби