IX-X асрларда Мовароуннаҳр ўлкасида ҳадисшуносликнинг шаклланиши, тараққий қилишига улкан хисса қўшган олимлар қаторида муҳаддис ва фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис ибн Халил Имом Ҳофиз Абдуллоҳ Субазмуний Ҳорисий Калободий (258–340 ҳ

IX-X асрларда Мовароуннаҳр ўлкасида ҳадисшуносликнинг шаклланиши, тараққий қилишига улкан хисса қўшган олимлар қаторида муҳаддис ва фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис ибн Халил Имом Ҳофиз Абдуллоҳ Субазмуний Ҳорисий Калободий (258–340 ҳ./872–952 м.) алоҳида ва ўзига хос ўринни эгаллайди.

Абу Ҳафс Насафий (ваф. 1142 й.), Абдулкарим Самъоний (ваф. 1167 й.), Абдулқодир Қураший (ваф. 1373 й.), Абдулҳай Лакнавий (ваф. 1887 й.), Ибн Қутлубуғо (ваф. 1475 й.), Ҳожи Халифа (ваф. 1609 й.), Абдулҳай ибн Имод Ҳанбалий (ваф. 1679 й.) каби олимларнинг асарларида Имом Абдуллоҳ Субазмуний, унинг илмий мероси ҳақида қисқача маълумотлар берилган, холос[1].

Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 1142 й.) «Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд» асарида Субазмуний 258 ҳижрий/872 милодий йили рабиул охир ойи чоршанба куни таваллуд топган, деб ёзади[2].

“Субазмуний” нисбаси туғилган жойи номидан олинган. Бу ном манбаларда турлича, масалан, “Субазйун”, “Сабазмун”, “Сабзамун” тарзида ҳам учрайди. Алломага деярли замондош олим Абдулкарим Самъонийнинг «Ал-Ансоб» асарида “Субазмун” деб аталган.

Бухоронинг Арабон даҳасида хонақоҳ услубидаги бир масжид бор. Ҳозиргача сақланган ушбу масжидни Имом Абдуллоҳ Субазмуний қурдирган ва у «Абдулло Сафедмўйи масжиди» номи билан атаб келинмоқда. Бухоро шаҳрининг 6-мавзеида «Ҳожа Абдулло Сафедмўйи» номли мозор ҳам бор.

Абдуллоҳ Субазмуний тиришқоқлиги боис фақиҳ, муҳаддис, тилшунос олим бўлиб етишади. У ўз даврида кўплаб ҳадислар биладиган катта шайх саналган. Сарой аҳли ундан доимий равишда маслаҳатлар олиб турарди. Унга «Устоз» лақабини берганлар[3]. Илм-фанга ташна фақиҳ Хуросон, Ироқ ва Ҳижоз шаҳарларига саёҳат қилганидан «Ал- Жаввол» (жаҳонгашта, саёҳатчи) номини ҳам олган[4].

Машҳур муҳаддис Валиййуллоҳ Деҳлавий (1703-1762) «Шамсул аимма Ҳилвоний, Абу Али Насафий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ва Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Субазмуний «асҳоб ал- вужуҳ» («эътиборли кишилар») тоифасидан бўлиб, ҳанафий фақиҳлари доимо уларга таяниб иш кўрадилар», деган[5].

Абдуллоҳ Субазмунийнинг муҳаддис устозлари орасида ҳофизлар[6], айниқса, ҳанафий мазҳаби ҳадис илмининг ривожланиши ва кенг ёйилишида алоҳида хизмат кўрсатган уламолар кўпчиликни ташкил этади.

Аллома сафарлари давомида нафақат ҳанафий олимлар, балки бошқа мазҳаб вакилларидан ҳам ҳадислар эшитиб, яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Бу фикр­га унинг асарларида Имом Молик ибн Анас (ваф. 795 й.), Имом Шофиъий (ваф. 820 й.) ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 855 й.) каби мазҳаббошилар орқали ривоятлар келтиргани яққол далил бўла олади.

«Кашф ал-осор» асаридаги маълумотларга таяниб, Абдуллоҳ Субазмуний уч юз йигирма нафар ровий-устоз (шайх) орқали Имом Абу Ҳанифага бориб боғланишини алоҳида таъкидлаш зарур.

Абдуллоҳ Субазмуний яшаган даврда ҳадисларни отадан-болага, авлоддан-авлодга узатиб, ривоят қилиш анъанага айланган эди. Бунда ҳадис уламолари бошланғич билимни ўз оталари ёки боболаридан олар эдилар. Субазмунийнинг асаридаги ривоятлар иснодида отаси ва амакисининг исмлари кўп учраганидан биринчи устози отаси – Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис бўлган деган хулоса келиб чиқади[7]. Бу алломанинг ҳадис билимдонлари оиласида ўсиб камол топганига далил бўлади.

Олимнинг отаси Муҳаммад ибн Яъқуб­нинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида маълумот йўқ. Лекин у «Кашф ал-осор»да Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Сағир Бухорий (ваф. 876 й.) ва Абу Тоҳир Асбот ибн Ясаъ Бухорийлардан (IХ аср) кўп ривоят қилгани ҳақида далиллар учрайди.

Олимнинг яна бир устози – амакиси Жаб­роил ибн Яъқуб ибн Ҳорис ҳисобланади[8]. Имом Субазмуний “Кашф ал-осор” асарида ундан кўплаб ривоятлар келтиради.

Имом Субазмунийнинг устозларидан яна бири Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Сурайж ибн Ҳужр ибн Фазл ибн Тоҳмон Шайбоний Бухорийдир (ваф. 919 й.). У Абу Абдурраҳмон ибн Абу Лайс Бухорий номи билан шуҳрат топган, ишончли ровий, тақводор инсон фиқҳ олимларидан бири эди.

Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳотам ибн Ҳаммод ибн Абдурраҳмон Сикижкасий Бухорий[9] (ваф. 927 й.) ҳам олимнинг устозларидан бўлгани айтилади.

Табақот йўналишидаги асарларда Абдул­лоҳ Субазмуний ҳадис ривоят қилган ёки ҳадис эшитган кўплаб алломаларнинг номлари зикр этилган. Уларнинг аксариятини бухороликлар ташкил қилса-да, «Кашф ал-осор» асарида термизлик ровийларнинг номлари ҳам зикр этилган.

Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 972 й.), Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Ҳамдон ибн Муҳаммад ибн Нуҳ Муҳаллаби Хатиб Бухорий (ваф. 1005 й.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳамдон Хатиб Муҳаллаби, муфтий Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мусо Миғий (Манғий)ни Абдуллоҳ Субазмунийнинг шогирдлари бўлган.

Манбаларда Абдуллоҳ Субазмунийнинг бир неча асарлар муаллифи экани қайд этилган[10]. Бироқ ҳозирда унинг икки асаригина маълум. Бири «Муснад Аби Ҳанифа» ёки қисқача – «Муснад», иккинчиси «Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа», қисқача – «Кашф ал- осор» деб юритилади. Бироқ «Муснад Аби Ҳанифа»нинг Ўзбекистондаги нусхалари ҳақида маълумот йўқ.

«Муснад» асарини кейинчалик бошқа ҳанафий муҳаддислар қайта ишлашган. Мусо ибн Закариё ибн Иброҳим ибн Муҳаммад Хасфакий (Ҳаскафий) Қозий Садруддин (ваф. 1252 й.) буюк аждодимизнинг асарини мухтасар ҳолатга келтирган. Бу асар қўлёзмаси Азҳар университети кутубхонасида «инв. № 311832» рақами остида (176 варақдан иборат) сақланади ва «Ҳофиз Абу Муҳаммад ал-Ҳорисий муснади» деб аталади.

Ушбу «Муснад»нинг мухтасарида беш юздан ортиқ ҳадис бор. Уни «Синдий муснади» деб ҳам аташади. Бу асарга Али Қорий ёзган шарҳни биринчи марта Ҳиндистонда 1894 йили Ҳаравий нашр эттирган[11]. Синдийнинг ўзи ҳам асарга «Ал-Маваҳиб ал-латифа фил ҳарам ал-Маккий би шарҳ Муснад ал-имом ал-Хасфакий» («Имом Ҳасфакий муснади шарҳи билан­ Макка ҳарамига латиф совға») номи билан шарҳ ёзган.

Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Масъуд Жамолуддин Қунёвий Дамашқий (ваф. 1369 й.) ҳам Абдуллоҳ Субазмунийнинг асарини мухтасар қилиб, «Ал-Муътамид мухтасар ал-Муснад» («Муснаднинг мухтасарига таянч») деб номлаган[12]. У асарни фиқҳий масалалар тартибига кўра ўттиз уч бобга бўлиб, сўнгра уни «Ал-Мустанид шарҳ ал-Муътамид» («Муътамиднинг шарҳига таянч») номи билан шарҳлаган.

Абдуллоҳ Субазмунийнинг «Муснад» асари кўплаб олимлар томонидан тадқиқ этилган. Шундай бўлса-да, Имом Субазмуний «Муснад»ини замондош олимларимиз ҳам тадқиқ қилиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, Синдий асарида зикр этилган, ровийларни чуқур ўрганиш юртимиздан етишиб чиққан ҳанафий муҳаддислар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Дониёр МУРОДОВ,

тарих фанлари номзоди



[1] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. “Ал-Ансоб”. Байрут. “Дор ал-кутуб ал-илмиййа”. 1998. 1-ж., 6-б; Абдулқодир Қураший. “Ал-Жавоҳир ал музиййа фи табақот ал ҳанафиййа”. Қоҳира. “Ҳижр”. 1993. 1-ж., 5-б; Ҳожи Халифа. “Кашф аз зуннун ан асомил кутуб вал фунун”. Истанбул. “Мактаба Ибн Таймия”. 1941–43. 2-ж., 435-б; Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Заҳабий. “Сийар аълом ан-нубало”. Байрут. “Дор ал-фикр”. 1996. 1-ж., 12-б; Ўша муаллиф. “Мизон ал-иътидол фи нақд ар рижол”. Нашр жойи кўрсатилмаган. “Дор иҳё ал-кутуб ал-арабиййа”, 1963. 2-ж. 496-б; Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. “Ал-Фавоид ал баҳиййа фи тарожим ал- ҳанафиййа”. Байрут. 1998; Ибн Қутлубуғо. “Тож ат-тарожим фи табақот ал ҳанафиййа”. Бағдод. “Мактабат ал мусанно”. 1962. 30-б; Муҳаммад Зоҳид ибн Ҳасан. “Таъниб ал-Хатиб ала ма сақаҳу фи таржамат Аби Ҳанифа мин ал аказиб”. Шаҳри кўрсатилмаган. “Мактаба азҳариййа”. 1998. 112-б; Ибн Ҳажар Асқалоний. “Таъжил ал-манфаъа”. Хайдаробод. “Доира маъориф низомийя”. 1324 ҳ. 5-б; Абдулҳай ибн Имод Ҳанбалий. “Шазарот аз заҳаб фи ахбар ман заҳаб”. Байрут. “Мактаба тижарий литибаъа ва нашр ва тавзий”. 2-ж, 357-б; Муҳаммад Наршахий. “Бухоро тарихи”. /А.Расулов таржимаси. Т. “Камалак” 1991 Нажмиддин Насафий. Самарқандия / Тарж. Усмонхон Темурхон ўғли, Бахтиёр Набихон ўғли. Т. “Ўзбекистон миллий ­энциклопедияси”. 2001. 72-б.

[2] Нажмиддин Умар Насафий. “Ал-Қанд фи зикр уламо ас Самарқанд”. Нашр жойи кўрсатилмаган. 195-б.

[3] Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Байрут: “Дор ал- кутуб ал-илмиййа”. 1998. 1-ж., 133-б.

[4] Қураший. "Ал-Жавоҳир ал-Музийя”. Қоҳира. 1993. 3-жуз. 300-б.; Бағдодий. “Тарихи Бағдод”. Байрут: “Дор ал- кутуб ал-илмиййа”. Нашр йили кўрсатилмаган. 10-ж., 92-б.

[5] Муаҳммад Абдулҳай Лакнавий. “Ал Фавоид ал-баҳиййа”. Байрут. 1998. 178-б.

[6] Юз мингдан кўп ҳадис биладиган муҳаддислар.

[7] Абдуллоҳ Субазмуний. “Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа”. ЎзР ФАШИ. Қўлёзмалар фонди. 3105-рақамли қўлёзма. 6а-варақ.

[8] Ўша китоб. 7а-варақ.

[9] Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Байрут. “Дор ал-кутуб ал-илмиййа”. 1998. 3-ж. 288-б.

 

[10] Йўлдошев Н., Қурбонов Ҳ. “Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи”. Бухоро. Бухоро нашриёти. 2001. 10-б.; Муҳаммад Амин Урказаий. “Масонид имам Аби Ҳанифа”. Қарочи: “Батрак Сентр”. 1978. 105-б.; Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. “Мизон ал-иътидол фи нақд ар рижол”. Шаҳри кўрсатилмаган. “Дор иҳё ал-кутуб ал-арабиййа”. 1963. 2-ж., 496-б.; Абдулқодир Қураший. “Ал-Жавоҳир ал-музиййа фи табақот ал-ҳанафиййа”. Қоҳира. “Ҳижр”. 1993. 3-ж., 344-б.

 

[11] Ўша асар. 138-б.

[12] Ўша асар. 143-б.