Барча илмлар, хоссатан, динимизга доир илмларнинг ривожига Ўрта Осиё халқларидан етишиб чиққан уламо ва фукаҳоларнинг қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Диний илмларнинг барча соҳалари бўйича аждодларимиз мислсиз маърифий мерос қолдиришган. Журнал саҳифаларида мана шундай буюк алломаларимиздан энг машҳурлари ҳақида қисқача маълумотлар бериб боришни мақсад қилдик.

БУХОРО ФАҚИҲЛАРИ

АБУ ҲАФС КАБИР БУХОРИЙ

Абу Ҳафс Кабир 150/768 йили туғилиб, 216/832 йил вафот этган.

Абу Ҳафс Кабир Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий Бағдодга бориб, Имом Муҳаммад билан учрашади ва ундан дарс ола бошлайди. Ҳанафий фиқҳини ўзлаштириб, бошқа диний илмларда камолга етганидан кейин она шаҳри Бухорога қайтиб келади. Бу ерда у бир неча масжид ва мадрасалар қуриб, талабаларни ўқитади. Одамларн турли саволлари ва масалаларининг жавобларини айтади.

Абу Ҳафс ҳанафий мазҳабини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келди. Унинг қўлида кўпгина фақиҳлар ва олимлар етишиб чиқди. Ҳатто тарихчилар таъкидлашича, Бухорода илмнинг тарқалиши, имом ва уламоларнинг ҳурмат топиши Абу Ҳафс Кабир туфайлидир. Буюк тарихшунос олим Самъоний айтишича, Абу Ҳафс кўпгина фақиҳларни тарбиялаб камолга етиштирган. Улар Харожир қишлоғида яшашган.

Ҳанафий мазҳаби фиқҳининг Мовароуннаҳрда тарқалишида Абу Ҳафс Кабирнинг оиласи, хусусан, ўғли Абдуллоҳнинг ҳам хизмати буюк. Шунинг учун ҳам уни Абу Ҳафс Сағир, яъни “Кичик Абу Ҳафс” деб аташган.

Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати бутун Бухорога, қолаверса, бутун Ислом оламига тарқалади. Ҳатто араб диёри олимлари бирор масаланинг жавобини топишда қийналиб қолишса, Бухорога Абу Ҳафс Кабирнинг олдига киши юбориб, ечимини билиб олишарди.

 

АБУ ЗАЙД ДАБУСИЙ

Бухоро билан Самарқанд оралиғида жойлашган Дабусия шаҳрида туғилиб ўсган. «Қузоти сабъа» (Етти машҳур қози)дан бири Абу Зайд Убайдуллоҳ (баъзи манбаларда “Абдуллоҳ”) ибн Умар ибн Исо Дабусий фиқҳ бўйича «Илмул хилоф» деб аталган янги илмнинг асосчиси эди. У аҳли сунна мазҳаблари орасидаги ихтилофларни тартибга солиб, илмий услубда ўрганиш қоидаларини ишлаб чиққан ва кўп илмий асарлар ёзган. Улардан «Китобул асрор фил усул вал фуруъ», «Ал Амадул ақсо», усулул фиқх бўйича «Ал Анвор» китоби машҳур бўлиб, «Таъсисун назар» Мустафо ибн Муҳаммад Қаббоний Дамашқий муқаддимаси билан Мисрда нашр этилган. Усулул фиқҳ бўйича у ёзган «Тақвимул адилла» китобини фахрулислом Паздавий шарҳлаган.

Ибн Халдун таъкидлашича, Дабусийнинг усулул фиқҳ бўйича ёзган китоби бу соҳада ёзилган асарларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланади.

Дабусийнинг «Ат Таълиқа» номли китоби ҳам хилоф илмига доир. «Абжадул улум»да таъкидланишича, ҳанафий мазҳабида у қиёс услуби бўйича кенг маълумот берган, унга тегишли бўлган шартлар ва баҳсларни тугатган ва усулул фиқҳ илмини камол даражасига етказган олим бўлган. Ҳанафий мазҳабида қиёс услуби борасида энг яхши асар ёзган олим, олдинги олимлардан Дабусий ва кейинги олимлардан сайфул ислом Паздавийдир.

Имом Заҳабий ёзишича, Дабусий 430/1039 йили вафот этган. “Табоқотул ҳанафия” китобида алломанинг Дабусиядаги «Тўққиз қози» (ёки Етти қози) мақбарасига дафн этилгани ёзилган.

 

ШАМСУЛАИММА ҲАЛВОНИЙ (ҲАЛВОИЙ)

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ шамсулаимма Ҳалвоний (Ҳалвоий) Бухорий фиқх илмини Ҳусайн ибн Али Насафийдан олган. У 448/1057 йили Кеш шаҳрида дунёдан ўтиб, Бухорога элтиб дафн этилган. Унинг илмий мақоми юксак бўлган. Машҳур ва катта ҳажмли асари «Ал Мабсут» бўлиб, «Китобуи наводир» ҳам унинг қаламига мансуб.

Заҳабий «Сияру аъло мин нубало»да ёзишича, шамсулаимма ҳанафийлар пешвоси эди. Ундан шамсулаимма Сарахсий, фахрулислом Баздавий, укаси садрулислом Абулюср, шамсулаимма Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий илм ўрганишган.

Зарнужий «Таълимул мутаалим»да ёзишича, унинг отаси фақир киши бўлиб, ҳолвапазлик ва ҳолва сотиш билан шуғулланарди.

 

ХИСОМИДДИН УМАР

Хисомиддин садрушшаҳид Умар ибн Абдулазиз (1091–1142) усул ва фуруъ бўйича ҳанафий мазҳаби имомларидан эди. У маъқул ва манқул бўйича даврининг буюк олимларидан бўлиб, илмул хилоф ва мазҳаб муаммолари соҳасида катта салоҳиятли олим бўлган.

Хисомиддин фиқҳ илмини отаси Бурҳониддин Кабирдан ўзлаштириб, даврининг тенгсиз алломасига айланди. У ҳар доим фақиҳларга дарс ўтиб, олимлар билан мунозарада бўларди. Унинг илму фазилатини тарафдорлари ва мухолифлари бирдек эътироф этишган. Олимнинг лаёқат ва илмий муваффақиятлари Мовароуннаҳрда султоннинг ҳам, атрофидагиларининг ҳам катта иззат-эҳтиромига сазовор бўлди. Имом 536/1142 йил Самарқандда юз берган Катвон воқеасида шаҳид бўлди, жасади Бухорога элтиб дафн этилди.

Аллома Хисомиддин Бурҳониддин Марғинонийнинг буюк устозларидан бири бўлган. У ёзган асарларидан «Ал Фатово ас суғро» «Ал Фатово ал кубро», Хассофнинг «Адабул қазо» китобига, шунингдек, «Ал Жомиъ ас сагир» китобига ёзган шарҳлари машҳур.

 

НУРУДДИН СОБУНИЙ

XII асрда мотуридия мактабининг яна бир атоқли вакили Аҳмад ибн Маҳмуд Собуний асарлари билан катта шуҳрат қозонди. Фиқҳ илми ва мотуридия калом мактабининг ҳомийси сифатида эътироф этилди. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр бўлиб, манбаларда «Ал Имомул ажалл» (Буюк имом), «Нуруд дин» (Дин зиёси), «Носирул ҳақ» (ҳақ ёрдамчиси) ва Собуний унвонлари билан шуҳрат қозонган. Куняси, айрим манбаларда, “Абу Муҳаммад, баъзиларида “Абулмаҳомид” шаклида берилади. Тадқиқотчилар фикрича, унинг «Собуний» деб аталишига совунсозлик ёки совун сотиш билан шуғулланиши сабаб бўлган.

Нуруддин Собуний 16 сафар 580 йил/30 май 1184 йил чоршанба куни қуёш ботиш чоғида ҳаётдан кўз юмиб, Бухородаги «Қузоти сабъа» (Етти қози) мақбарасига дафн этилган.

Собунийнинг туғилган йили ва жойи ҳақида аниқ маълумот йўқ. У билан Фахриддин Розий орасида бўлиб ўтган мунозаралар йилига асосланиб, ҳижрий VI аср бошларида Бухоро шаҳрида туғилган, деган фикр бор. У туғилган оила обрўли хонадонлардан ҳисобланиб, Бухоро, шунингдек, Ироқ ва Хуросонда илму фан билан эътибор топган.

 

ШАМСУЛАИММА ЗАРАНЖАРИЙ

Бакр ибн Муҳаммад ибн Али ибн Фазл ибн Ҳасан шамсулаимма Заранжий (1037–1120) иқтидорли олим ва ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилиши бўйича тилларда достон бўлган имом эди. Ўз шаҳрининг аҳолиси уни «Кичик Абу Ҳанифа» деб аташарди. У фиқҳ илмини Абдулазиз Ҳалвонийдан ўрганиб, ундан ривоят қилган охирги киши ҳисобланади.

Заранжий узоқ умр кўрди, ҳанафий мазҳаби бўйича кўп қиррали маълумотга эга бўлди. Кишилар фатво олиш учун ҳар доим унга мурожаат қилишарди. У фиқҳ илмини тарқатиш, ҳадислар ривоят қилиш бўйича катта хизматлар қилди. Аллома 512/1120 йил Бухорода вафот этган, Калобозда дафн этилган.

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари