Соҳибқирон Амир Темурнинг пири ва устози Шамсиддин Кулол қачон ва қаерда туғилгани ҳақида бирор-бир манбада кўрсатилмаган. Аммо у зот Саййид Амир Кулолнинг (1305-1370) шогирди, Баҳоуддин Нақшбанднинг (1318-1389) устозларидан бири эканини ҳисобга олсак, шайхнинг Саййид Амир Кулолга тенгдош бўлгани ёки ундан ёши бир оз каттароқлиги маълум бўлади. Ҳар иккалалари ҳам 1370 йили вафот этган.

Ёшлигиданоқ диний илмларни чуқур эгаллашга ҳаракат қилган Шамсиддин кейинчалик тасаввуф таълимотига, унинг хожагон – нақшбандия тариқатига ихлос қўяди. Бухоронинг Сухор қишлоғига бориб, Саййид Амир Кулолга шогирд тушади ва бу соҳадаги билимларни ўзлаштиради.

Шамсиддин Кулолнинг илм йўлида чеккан заҳматлари зое кетмайди. Шайхлик даражасига кўтарилади. Соҳибқирон Амир Темур ва отаси Муҳаммад Баҳодир Тарағайнинг пирига айланади.

Василий Бартолд Саййид Амир Кулол ва Шамсиддин Кулолни бир шахс деб хато қилган. Вадим Массон ва Галина Пугаченкова кабилар ҳам шундай дейишган. Аслида улар “кулол” нисбасидаги икки шайх. Бири бухоролик, иккинчиси эса шаҳрисабзлик, иккаласи ҳам кулол бўлишган.

Шайх Шамсиддин Кулол Амир Темурга маънавий устозлик қилган, унга кўп масалалар бўйича маслаҳатлар берган. Шу боис манбаларда Соҳибқироннинг: “Салтанатдан қўлга киритган барча нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишимнинг ҳаммаси Шамсиддин Фахурий (Кулол)нинг дуоси туфайлидир”, деган сўзни кўп такрорлагани келтирилади. Шайх Шамсиддин Кулол Амир Темур Мовороуннаҳр тахтига ўтирганиидан етти ой ўтгач, 1370 йил 28 ноябрда оламдан кўз юмган.

Соҳибқирон пирига юксак эҳтиром кўрсатиб, 1373 йили ҳозирги “Дорут-тиловат” ёдгорлик мажмуасидаги қабри устида муҳташам гумбаз барпо этади. Отаси Муҳаммад Тарағайнинг муборак жасадини ҳам шу ерга кўчиради. Мақбарадан унча узоқ бўлмаган кўчага шайх Шамсиддин Кулол номи берилган.

 

Фазлиддинхон МУХТОРОВ,

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани бош имом-хатиби