Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) дедилар: “Мусулмонга озор берадиган қийинчилик, беморлик, ташвиш, хафалик, азият, ғам ва ҳатто танига кирган тикон боис Аллоҳ таоло унинг хатоларини ўчиради”(Имом Бухорий).

Мусулмонга озор берадиган маънавий ва жисмоний азиятлар унинг гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади.

Чарчоқ, толиқиш ҳам “қийинчилик”ка киради.

“Беморлик”дан барча касалликлар, жумладан, “ташвиш” ва “хафалик” кўзда тутилган.

“Ташвиш” ҳали содир бўлмаган ишлар оқибати ҳақидаги хавотир бўлса, “хафалик” ўтган ишлардан ҳосил бўладиган дарддир. “Азият”дан мурод ўзгалардан етган озордир. “Ғам” қалбни сиқадиган қайғудир.

Ибн Ҳиббон: “Аллоҳ таоло банданинг бошига тушган ташвиш ва қийинчилик билан унинг хатосини кечиради ва даражасини кўтаради”, деганлар.

Мусибатга сабр ва қадарга розилик савобни зиёда қилади. Бунга эришиш учун мусибат етган киши ўзида мавжуд неъматларни эслаши лозим. Урва ибн Зубайр (р.а.)га бир кунда икки мусибат етди. Ўғли от тепиб ўлди ва табиб оғриқ қолдирувчи дори бермай бир оёқларини кесди. Шунга қарамай, у зот Аллоҳга ҳамд айтди: “Ё Аллоҳ! Ўзинг бердинг, Ўзинг олдинг. Синов берган бўлсанг, офият ҳам бергансан”, деди.

Киши яхшилик нимада-ю ёмонлик нимадалигини билмайди. Зоҳирга қараб ҳукм чиқаради, мусибат ҳикматини англамайди. Унга етган дард-алам зоҳиран мусибат бўлиб кўринса-да, аслида унинг учун катта неъмат бўлиши мумкин.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус Ислом

билим юрти ўқитувчиси

Жалолиддин Аҳмедов

тайёрлади.