Қосим Шайх XVI асрда Карманада яшаб ўтган таниқли валий зотлардан. Бу киши яссавия-жаҳрия тариқатининг ўн учинчи халқаси раҳнамоси саналади. У мамлакат сиёсий ҳаётида ҳам катта таъсир кучига эга бўлган.

Балх ҳукмдори Пирмуҳаммад, Самарқанд ҳокими Абдулатиф, Тошкент ҳокими Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) Мовароуннаҳрда юзага келган ички поракандаликдан фойдаланиб Бухорога юриш қилади. Ички курашларнинг авж олиши, марказлашган давлатнинг сусайиши ва бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига сабаб бўлувчи бу уруш Қосим Шайхнинг аралашуви билан тўхтатилади. Бу ҳақда Ҳофиз Таниш Бухорийнинг "Абдулланома" асарида шундай сатрларни ўқиймиз: "Ул ҳазрат Қосим Шайх раият аҳволи ва мулк ҳамда мамлакатнинг хавфсизлиги учун қадамларини сулҳ йўлига қўйиб, бир тўда амирлар билан Бухорога юзландилар (ва) ўзларини сафорат ва элчиликларини баён саҳифасига ёздилар. Ул ҳазрат (хатларининг) латофат билан тўла мазмуни соф хайрихоҳлик ва марҳаматидан иборат бўлгани учун, Искандар фармонли шаҳриёр унинг буйруғини ризо қулоғи билан эшитиб, унинг шарафли хотирини тўғри деб топишдан нарига ўтмади. Аркон давлатлардан, хожалар насабидан бўлган Ҳасан хожа нақиб ва қудратли амирлардан Жон Алибийни бир гуруҳ амирлар билан азизнинг (яъни Қосим шайхнинг) ҳамкорлигида сулҳ асосларини тузиш учун душманлар томонига юборди. Улар бу буйруққа асосан душманлар ўрдасига бориб, фасоҳат тилларини очдилар ва сулҳ асосларини тартибладилар. Самарқанд ва Тошкент султонлари бу маънини фахр деб тушуниб қайтиш жиловини тортдилар".

Карманада сулҳ музокараси чақирилиб, келишувга эришилади. Бу воқеадан кейин Шайхнинг мавқеи янада ошиб, кейинги йигирма беш йил давомида низолашган ҳукмдорларнинг адолатли ҳакамига айланади.

Беназир авлиё эканликлари ўлими билан боғлиқ воқеада янада ойдинроқ кўринади. Юртга вабо балоси хавф солади. Шайх Аллоҳга илтижо қилиб, бу дардга ўзлари чалинишини, халқ орасида касаллик тарқалмаслигини сўрайди. Дуо ижобат бўлади: вабо омма орасида ёйилмайди, ўзлари ва яқин шогирдларигина ўлим топади. Бу воқеа 1578 йилнинг 28 февралида рўй беради. "Абдулланома"да бу ҳақда шундай маълумотлар бор:

"Ул ҳазратнинг кимё хосият хаёлларида бутун вилоят жамиятини бирлаштириш, турли (табақадаги) халқнинг яхши кун кечириши, мамлакат ва мулкнинг осойишталиги, яхшиларга ҳиммат ва илтифот (кўрсатиш) бўлган; доимо султоннинг қарзни талаб қилувчиларини, суд амалдорларининг зўрлаш ва ман этишларини тугатишда, хос ва авомларга нисбатан маъмурчилик ҳамда ободончилик (яратишда) тўла тиришқоқлик кўрсатиб, ул ҳазратнинг (яъни Абдуллахоннинг) мадад ҳамда ёрдамларини жаҳоннинг турли томонига етказган, бор кучи ва ҳаракати билан барча шаҳар ҳамда мамлакатлардаги ўжарлар аҳлининг жабр, бедодлик ва зўрлик қўлини кишиларнинг умид чўнтагига (кирмаслиги учун) калта қилган.

Бу воқеанинг изоҳи шундай: ул ҳазрат волийликнинг бир қисми бўлган гўзал фаросати ва латиф зийраклиги билан, ўша даврда олам аҳлининг баъзилари ҳамда одам болаларининг баъзи бир тоифаси доимо жарима ва бахтсизликдан ҳоли бўлмагани сабабли, вабо балоси юз беришини тушунган эди. "Албатта, балонинг энг қаттиғи (аввало) набийларга, сўнгра авлиёларга, кейин шуларга ўхшашларга бўлади", деган мазмунга асосан, иззатли ҳазратдан у балони даф қилишни сўраб, ўзини бошқа дўстлари ва қолган яқинлари билан мусулмонларга фидо қилди. Иззати ул ҳазратнинг дуолари яқинларига ижобат бўлгач, эҳтиромли ҳазратнинг борлиқлари оқимида кучсизланиш пайдо бўлди. Теварак-атрофдаги кишилар ҳарчанд унинг келмоқчи бўлсалар ҳам, ул ҳазрат олдига дарвешларни юбориб олдига келишларини ман этди. Ҳаммага шуни хабар қилди: "Биз ўзимизни шу диёр аҳли учун фидо қилдик. Қабул якка Тангридан бўлди. (Шу сабабли) зинҳор бу томонга келманглар".

 

Суюндик МУСТАФОЕВ тайёрлади.