Абдуллоҳ ибн Муборак

Ибн Муборак Абу Абдурраҳмон Марвазийнинг (737–798) асл ватани Марв шаҳри бўлиб, Лакнавий таъкидлашича, онаси хоразмлик ва отаси туркийлардан бўлган.

“Ал-Жавоҳирул-музиа” китобида ёзилишича, Ибн Муборакнинг бир гуруҳ суҳбатдошлари йиғилишиб илм, фиқҳ, адаб, наҳв (араб тили грамматикаси), луғат, шеър, зуҳд, фасоҳат, тақво ва бошқа бир қатор илму фазилатларни ўзида тўплаш, унинг олий фазилати деб фикр билдирган эканлар.

Ибн Муборак кўп китоблар муаллифи эди. Тарих китобларида у кишининг «Китоб ас-Сунан фил-фиқҳ», «Китоб ат-тафсир», «Китоб ат-тарих», «Китоб ал-бирр вас-сила», «Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ», «Китоб ал-истеъзон», «Китоб ал-жиҳод», «Китоб ал-маносик» китобларни таълиф қилганликлари зикр этилган.

Ибн Муборак Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг энг самимий дўсти ва шогирди сифатида унинг ишончига сазовор бўлиб келган ва ҳар жойда унинг ҳомийси бўлган. Масалан, Абдурраҳмон Авзоийга уни танитган, раъй ва қиёс бўйича унинг қарашлари ва чиқарган хулосалари тўғрилигини кўрсатиб бериб, уларни бир-бирига яқинлаштириб, учрашувларини таъминлаган.

Ибн Муборак ҳақида жуда кўп манбаларда, жумладан, «Миръотул-жинон», «Вафаётул-аъён» ва бошқа китобларда муфассал маълумотлар берилган.

 

Абу Марям Марвазий

Абу Исма Нуҳ ибн Марям Язид ибн Жауна Марвазий машҳур ҳанафий олимларидан эди. Ибн Қутлубғо ёзишича, у биринчи бўлиб Абу Ҳанифа фиқҳини тўплагани учун «ал-Жомеъ» (Тўпловчи) лақаби билан аталган. Баъзилар фикрича, унинг бу лақабни олишига сабаб барча илмларни жамлагани бўлган. Унинг тўрт хил мажлиси бўлган, бир мажлис асарлар (ҳадислар) учун, бир мажлис Абу Ҳанифадан ривоят қилинган сўзлар учун, бир мажлис наҳв (грамматика) учун, бир мажлис шеърият учун бўлиб ўтар экан.

 

Абу Марям Зуҳрий

Муқотил ибн Ҳайёндан ривоят қилган. У Абу Жаъфар Мансур Аббосий даврида Марв шаҳри қозиси бўлган ва 173/790 йили вафот этган.

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР