Ўз даврининг йирик уламоларидан Ислом тарихи, тасаввуф ва дунёвий илмлар бўйича сабоқ олиб, ўн олти ёшда Қуръони каримга тафсир айтиш даражасига кўтарилади.

Саййид Одина эшон ҳозирги Боғот туманининг Эшончапи қишлоғида бир умр муқим яшайди. Ўзаро тахт талашишлар миллат ҳаётида парокандалик туғдирган таҳликали замонларда эл-улусни ҳидоят йўлига бошлайди.

Бу аллома бир қатор илмий, адабий асарлар муаллифи ҳамдир. Жумладан, маш­ҳур адиб Жалолиддин Румий қаламига мансуб "Маснавийи маънавий" асарининг иккинчи китобига "Мифтоҳ ул-асрор" (Сирлар калити) номли шарҳ ёзган. Ўз қаламига мансуб "Шарҳи калимоти баъзи аҳли сулук" (Баъзи сулук аҳлининг сўзларига шарҳ) асарида эса тасаввуфга оид бир нечта масала ёритилган.

Бундан ташқари, Саййид Одина эшон "Жавоҳир ул-санойиъ" (Ҳунар жавоҳирлари) номли асар ҳам ёзган. Бу китобда Одам Атодан (алай­ҳиссалом) бошлаб олим яшаган давргача инсониятга маълум бўлган ҳунарлар ҳақида сўз юритилади. Китобга кирмай қолган бирорта касб-ҳунарни топиш мушкул. Муаллиф ҳунарларни санаб ўтиш билан чекланмайди, балки уларнинг инсон ҳаётидаги ўрни, соғлик ва фаровон турмуш таъминотчиси экани ҳақида далиллар келтиради.

Шартли равишда "Рисолаи Одина эшон" деб номланган яна бир рисоласи шариат ва тариқат масалаларига бағишланган. Форс тилида ёзилган ушбу рисолани 1801 йилда Аллоҳқули ибн мулла Даргоҳқули кўчирган.

Саййид Одина эшон асарларининг қўлёзмалари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида ва Санкт-Петербургдаги қадимий қўлёзмалар фондида сақланади.

Маърифатпарвар инсон, ўз даврида "Қутбул авлиё" унвонига сазовор бўлган улуғ алломанинг қўлёзма рисолалари Истиқлол йилларида араб ва форс тилларидан ўзбекчага ўгирилиб, чоп этилди.

Саййид Одина эшон 1801 йили вафот этган. Хива хони Оллоқулихон амри билан улуғ авлиё ётган манзилда мақбара қурилган. Мустақиллик йилларида ушбу зиёратгоҳ тўла ободонлаштирилди. Бу ерда бир ярим минг намозхонга мўлжалланган маҳобатли масжид қад ростлади. Элни ҳидоятга бошлаган улуғ аллома, беназир авлиё бобомизнинг табаррук номи қайта тикланди.

 

Ҳасанбой КЕНЖАЕВ,

Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Саййид Одина эшон" жоме масжиди имом-хатиби