Манбаларда "Фарғоний Ҳанафий" деб алоҳида эътироф этилган ватандошимизнинг тўлиқ исми Сирожиддин Али ибн Усмон ибн Муҳаммад Ўший, Фарғоний, Ҳанафий Шаҳийдий. Ислом маданияти тарихида ўчмас из қолдирган муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим, адиб ва етук шоир. Ҳаёти тўғрисида маълумот оз бўлса-да, бироқ ёзган асарлари ва уларга битилган шарҳларда қимматли маълумотлар талайгина.

Манбаларда Сирожиддин Ўший (раҳматуллоҳи алайҳ) шайх, имом ёки қози деб ҳам зикр этилади. Буюк маҳаддис ҳижратнинг 569 (1173 милодий) йили Ўшда вафот этади. Сирожиддин Ўший Бурҳонуддин Марғиноний, Фаҳруддин Ҳасан Ўзгандий, Абу Ҳафс Умар Насафий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавийлар билан ҳамаср бўлган.

Аллома кўп асарлар муаллифидир. Улардан: "Ал-Фатава ас-Сирожия", "Нисоимул ахбор ли тазкиратул ахяр", "Ғурарул ахбор ва дурарул ашъор", "Жавориҳул аҳком", "Мухталифур ривая", "Бадъул амалий" каби асарлари  бизгача етиб келган.

Сирожиддин Ўший (раҳматуллоҳи алайҳ) "Бадъул амалий" қасидаси билан катта шуҳрат қозонган. Ушбу асар "Қасидатул-ламий", "Яқулул абд" ҳамда "Каломия" номлари билан машҳур. Китобда ақида асослари арузнинг маснавий вазнида ёзилган бўлиб, мухтасар ҳамда кенг қамровда ёритилган. Шунингдек, асар доимо эътиборда туриб, унга кўп шарҳлар битилди. Масалан: Мулла Али Қорининг "Зовъул маъалий", Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ғаззийнинг "Фаваидул марзия фи шарҳи қосидатил ламия", муҳаққиқлар гуруҳининг "Туҳфатул амалий", Ҳусайн ибн Иброҳим ибн Ҳамза ибн Холилнинг "Ал-Лаъалий фи шарҳи бадъул амалий" каби шарҳлари шулар жумласидан.

"Бадъул амалий" асари ўзбек тилига ҳам бир неча бор, жумладан, Мударрис Ҳумайдий, Шайх Абдулазиз Мансур, Наз­руллохон Ғарибий томонидан таржима қилинган.

Шунингдек, "Бадъул амалий" асари "Эътиқод дурдоналари" номи остида Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдураҳим томонидан нашрга тайёрланиб, "Тошкент Ислом университети" наш­риёт матбаа бирлашмасида икки минг нусхада чоп этилиши ўзбек тилидаги яна бир шарҳлардан бўлди.

Сирожиддин Ўшийнинг ҳадис, фиқҳ ва ақоидга оид асарларини ўрганиш ва тадқиқ этиш бой маънавий меросимизни янада чуқурроқ ўзлаштиришимизга ёрдам беради.

Шунингдек, адибнинг асарлари халқимизни турли буз­ғунчи оқим ҳамда ёт эътиқодлардан узоқлаштириб, мусаффо, соғлом руҳда тарбиялашга катта хизмат қилади.

 

Манбалар асосида Саидаҳмад ҒАЙБУЛЛАЕВ тайёрлади.