АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ

IХ–Х асрда Самарқанднинг Мотурид қишлоғида туғилиб, юксак мутакаллим ва мутафаккир, йирик фақиҳ ва атоқли олим даражасига кўтарилган. Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ўзига хос калом мактабига асос солиб, ҳанафий мазҳабининг байроғини баланд кўтарди ва унинг ғоявий пойдеворини мустаҳкамлаб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодини қатъийлик билан ҳимоя қилди, мўътазила, исмоилия, қарматия ва ботиния фирқалари томонидан тарқатган ақидавий тушунчаларнинг асоссизлигини исботлаб берди.

Абу Мансур Мотуридий кенгроқ илмий дунёқараш ва тушунчаларга эга бўлганлиги сабабли, тушуниш ва маърифат қуйидаги уч йўлдан ҳосил бўлади, деб ишонади: 1. Ҳис ёки сезги аъзолари орқали. 2. Нақл ва ривоят орқали.         3. Ақл ва идрок орқали.

Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа таъвилини ривожлантирди ва бу соҳада кўп жилдлик «Таъвилоту аҳли сунна» номли Қуръон тафсирини ёзди. Аввалидан охиригача мўътазилийлар ва ботинийлар томонидан Қуръон оятларига қилинган ўринсиз таъвилларни рад қилиш, илмий, фалсафий ва нақлий далиллар билан уларнинг нотўғрилигини кўрсатиб берувчи бу тафсир муҳим бир илмий асардир. Бу китобни Алоуддин Самарқандий «Шарҳу таъвилотил Қуръон» номи билан шарҳлаган. Ундан айрим қўлёзма нусхалар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Р.3155, 3249 рақамларда ва «Таъвилотул Қуръон»нинг нусхалари Р.5126, 5127 рақамларда мавжуд.

Буюк имом кўп сонли илмий мерос қолдирди. Унинг энг муҳим асарлари: «Китобу маъхазиш шаръ» ё «Маохизуш шаръ» (Шариат манбаи ё манбалари), «Китобул жадал» (Мунозара китоби), «Таъвилотул Қуръон» ёки «Таъвилоту аҳли сунна» (Қуръон таъвилига доир китоб, Қуръон тафсири), «Китобур рад алал Қаромита» (Қарматийларга раддия китоб), «Китобу радди авоилил адилла лил Каъбий» (Каъбийнинг бошланғич далилларини рад қилишга бағишланган китоб), «Китобу баёни ваҳмил мўътазила» (Мўътазила ваҳм ва гумонларининг баёни), «Рисолотут тавҳид» (Тавҳид бўйича рисолалар), «Китобул усул», «Китобул мақолот фи усулид дин» (Дин асослари бўйича мақолалар), «Шарҳу китобил Фиқҳил акбар» (Абу Ҳанифанинг «Ал Фиқҳул акбар» китобига шарҳ), «Китобу радди таҳзибил жадал лил Каъбий» (Каъбийнинг «Таҳзибул жадал» китобига раддия), «Китобу раддил усули хамса ли Абу Муҳаммад Боҳилий» (Абу Муҳаммад Боҳилий ишлатилган бешта усул ва қоидага раддия китоб), «Китобу раддил имома ли баъзир равофиз» (Айрим Рофизий шиалар томонидан имомат масаласи бўйича илгари сурилган ғояларга раддия китоб), «Китобу радди ваъидил фуссоқ« (Фосиқлар томонидан йўл қўйилган ваъидларни рад қилишга доир ёзилган китоб).

 

САДРУЛ ИСЛОМ БАЗДАВИЙ (ПАЗДАВИЙ)

Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Мусо Абулюср Садрул ислом Баздавий фиқҳ илмини Исмоил ибн Абдусодикдан, Абдулкаримдан, Абу Мансур Мотуридийдан, шунингдек, Абу Яъқуб Юсуф Сайёрийдан олган. У усул ва фуруъ бўйича салоҳиятли олим сифатида ҳанафий мазҳаби раёсати даражасига кўтарилди. Лакнавий ёзишича, у ҳеч қандай қайду шартсиз имомлар имоми бўлиб, ўзидан кейин жилд-жилд китоблар ёзиб қолдирди. Ундан Умар Насафий, Алоуддин Самарқандий ва бошқалар фиқҳ илмини ўзлаштирганлар.

Садрул ислом 493/1101 йил Бухорода ҳаётдан кўз юмган.

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари