АЛОУДДИН САМАРҚАНДИЙ

Ўрта Осиёда ҳанафийларнинг буюк имомларидан бири Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (вафоти мил. 1145 йил) фиқҳ илмини Абу Муин Маймун Макҳулий ва садрулислом Абулюср Паздавийдан ўрганиб, даврининг буюк алломаси сифатида тан олинган ва ҳанафий ҳуқуқшунослиги тараққиётига катта ҳисса қўшган. У ёзган «Туҳфатул фуқаҳо» (Фақиҳлар туҳфаси) номли китоб ҳанафий фиқҳи бўйича катта эътиборга эга бўлиб, унга кўплаб шарҳлар ёзилган. У қизи Фотимани ёшлигидан тарбиялаб, истеъдодли фақиҳ ва олим даражасига етказган эди. Манбаларда ёзилишича, Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилган. Алоуддин Самарқандийнинг шогирди, қорахонийлар даврининг буюк фақиҳи имом Абу Бакр ибн Масъуд Косоний устозининг «Туҳфатул фуқаҳо» китобига «Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ» номли уч жилдлик шарҳ ёзиб, устозига тақдим этади. Ҳожи Халифа ривоятига кўра, унинг шарҳи устозга манзур бўлиб, қизи Фотимани унга никоҳлаб беради.

Алоуддин Самарқандий фиқҳ илмидан ташқари калом илми бўйича ҳам ҳанафий мазҳабининг йирик вакилларидан бири сифатида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши ва таълимотининг тарғиботчиси бўлган. Ҳожи Халифа ёзишича, у Имом Мотуридийнинг «Таъвилот» китобига саккиз жилдли шарҳ битган.

 

ФОТИМА БИНТИ АЛОУДДИН

Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоид»да ёзишича, Фотима отаси Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфатул фуқаҳо» китобини ёддан билган, ота­сига фатво чиқаришда ёрдам берган, фатволар ҳар иккаласининг ижозати билан чиққан. Абу Бакр Косонийга турмушга чиққанидан ке­йин фатволар учаласининг ҳам муҳри билан чиқарилган. Эри Абу Бакр хатога йўл қўйганида, Фотима тўғрилаган ҳоллар ҳам учрайди.

“Табақот”да ёзилишича, Ибн Адимнинг ота­си унга Фотима ҳақида бундай маълумот берган экан: «У, мазҳабни янгича нақл килар экан, фатво биринчи унинг ижозати билан, кейин отасининг ижозати билан чиқарди. Ҳаловия (Ҳовия)­даги фақиҳлардан бири Довуд ибн Али айтишича, рамазон ойида фақиҳларга фитр садақасини беришни илк бор Фотима жорий қилган».

Манбаларда айтилишича, Фотима эри Абу Бакр ибн Масъуд Косоний билан баъзи сабабларга кўра, бир муддат Ҳалаб диёрида истиқомат қилишади. У эрини Ҳалабдан кетишга ундайди. Буни эшитган Нуриддин Маҳмуд Занкий Косонийни чақириб, уни қолишга кўндиради. Нимага кетмоқчилиги сабабини сўраганида, у устозининг қизига хилоф иш қила олмаслигини айтади. Кейин Нуриддин Маҳмуд у билан маслаҳатлашиб, Фотимага бир аёлни юбориб, уни кўндиради ва улар умрларининг охиригача Ҳалабда қолиб, ҳанафий фиқҳини тарқатиш билан шуғулланадилар.

Фотима бинти Алоуддин Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги “Иброҳим Халил мақоми” деб аталувчи зиёратгоҳга дафн этилади.

 

АБУ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Са­марқандий даврининг забардаст олимларидан эди. У зот «ал-Фақиҳ» лақаби билан ҳам машҳур бўлган. Бундай лақаб олиши тўғрисида ушбу ҳодиса келтирилади: Абу Лайс Самарқандий «Танбеҳул ғофилин»ни ёзиб бўлганидан сўнг китобини олиб Пайғамбаримизнинг  равзаларига келади ва шу ерда тунаб қолади. Кечаси тушида Пайғамбаримиз  унга ўша китобни кўрсатиб «Китобингни олгин, эй фақиҳ!» деб марҳамат қилганларини кўради.

У шунингдек, «Имомул ҳудо» (ҳидоят имоми) лақаби билан ҳам машҳур. Бундай лақаб билан Абу Мансур Мотуридий ҳам танилган эди. Унинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Абу Лайс ўз даврида етук забардаст аллома, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, зоҳид киши бўлган. У ёзган китоб­лар унинг турли илмларда мутахассислигини, юқори даражаларга эришганини кўрсатади.

Абу Лайс Самарқандий тафсир илми бўйича «Баҳрул улум» китобини, фикҳ бўйича «Ҳизонатул фиқҳ», «Уюнул масоил», «ал-Муқаддима», «ан-Навозил», «Таъсисун назоир», «ал-Мабсут», «ан-Наводирул фиқҳийя», «Шарҳул жомеъ ал-кабир», «Шарҳул жомеъ ас-сағир», «Муқаддима фи баъзил кабоирвас сағоир», «Фатово» асарларини, зоҳидлик ва тақво борасида «Танбиҳул ғофилин», «Бўстонул орифин», «Қурратул уюн ва муфарриҳул қалбил маҳзун», эътиқод-калом илми бўйича «Усулуд дин», «Баён ақидатил усул», «Асрорул ваҳий», «Рисола фил маърифа...», «Рисола фил ҳукм», «Қувватун нафс фи маърифатил арконил хамс» китобларини ёзган.

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари