НАЖМИДДИН АБУ ҲАФС НАСАФИЙ

 

Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий (1070–1143) ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаларидан биридир. У фиқҳ, усулул фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, араб тили ва адабиёти бўйича машҳур олим эди. Қуръонни ёддан биларди.

Фиқҳ илмини садрулислом Абулюср Муҳаммад Паздавийдан ўрганган ва ўғли Абуллайс Аҳмадни фақиҳлик даражасига етказиб тарбиялаган. Самъоний ёзишича, у «ал-Жомиъ ас-сағир»ни назмга солган. «Ҳидоя» муаллифи баъзи асарларини унинг назаридан ўтказган.

Нажмиддин Насафий фозил имомлардан бири сифатида халқ ичида катта ҳурмат ва иззат билан яшаган. У биринчи бўлиб, фиқҳ илми бўйича манзума асар (назмда ёзилган китоб) битган. Унинг йигирма жилдлик танланган шеърлар тўплами, «ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд», «Бухоро тарихи» ва «Китобул мавоқийт» каби асарлари бор. Ҳанафий мазҳабида ишлатилган фиқҳий атамаларни изоҳлаш мақсадида «Тилбатут талаба» номли китоб ёзган. Манбаларда унинг асарлари сони юзга яқин деб кўрсатилади. Улардан «Тафсирут тайсийр», «ал-Ақоид ан-Насафия» ва бошқалар машҳурдир.

Умар Насафий «Муфтий ас-сақалайн», яъни инсонлар важинларга фатво бериш салоҳиятига эга бўлган олим лақаби билан машҳур бўлган.

 

БУРҲОН НАСАФИЙ

 

Муҳаммад ибн Муҳаммад Абулфазл Бурҳон Насафий атоқли имом, юксак фазилатлар эгаси, тафсир, ҳадис, усул ва калом илмлари соҳасида йирик олим эди.

Илмул-хилоф мавзуида ёзган «Муқаддима» китоби машҳур. Калом илмига доир китоб ҳам ёзган. Имом Розийнинг «ат-Тафсирул кабир»ини қисқартириб баён қилган. У 600/1201 йил туғилиб, 679/1281 йил вафот этган ва ривоятга кўра, Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ёнига дафн этилган.

 

ҚОЗИ АБУ АЛИ НАСАФИЙ

 

Ҳусайн ибн Хизр Қозий Абу Али Насафий фиқҳ илмини Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлдан таълим олди.

Қози Абу Али фиқҳ бўйича замонасининг имоми бўлган. «Фавоид» ва «Фатово» номли асарлар ёзган. Кўп шогирдларни камолга етказган. У 80 ёшида 424/1034 йили Бухорода вафот этиб, Калобоз қабристонига дафн этилган.

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР