Шамсулаимма Сарахсий

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл Абу Бакр шамсулаимма Сарахсий Ўрта Осиёда ҳанафий фиқҳи, усули фиқҳ ва калом илмларининг буюк олими сифатида шуҳрат қозонган. Уни Камол Пошо масалаларни ечиш бўйича мужтаҳидлар даражасида кўради.

Сарахсий буюк фақиҳ Абдулазиз Ҳалвоний хизматида, ундан илм ўрганиб, даврининг тенгсиз алломаси бўлди.

Машҳур фақиҳлардан Бурҳонулаимма Абдулазиз ибн Умар ибн Моза, Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳасирий, Маҳмуд ибн Абдулазиз Ўзгандий, Рукнуддин Масъуд ва Усмон Байкандийлар шамсулаимма Сарахсийнинг шогирдларидан бўлишган.

У Имом Муҳаммаднинг муҳим асари «ас-Сияр ал-кабир» шарҳини шогирдларига ёддан айтиб ёздирди.

Лакнавийнинг таъкидлашича, Сарахсий Мовароуннаҳрнинг усул ва фуруъ илмини эгаллаган буюк олимларидан биридир.

Шамсул аимма Сарахсийнинг энг муҳим асари 15 жилдлик «ал-Мабсут» китобидир. Ушбу китоб ҳанафий мазҳаби бўйича мўътабар манба сифатида барча ислом мамлакатларида ўрганилади. «Ал-Мабсут» китоби Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳасан Исмоил Шофиъий ёзган шарҳу тадқиқот билан бирга 2001 йил Байрутда 30 жузда нашр этилди.

Сарахсийнинг асарларидан яна бири «Усулул фиқҳ» китобидир. Ибн Қутлубғо ёзишича, ушбу асар икки қалин жилддан иборат.

Муҳаммад ибн Ҳасаннинг «ал-Жомиъ ас-сағир», «ал– Жомиъ ал кабир», Хассофнинг «Адабул қозий», «Китобун нафақот» китобларига шарҳлар, «Ашротус соат» (Қиёмат аломатлари ҳақида китоб), «Ал-Фавоид ал-фиқҳия» кабилар ҳам Имом Сарахсий қаламига мансубдир.

Абдулазиз Марғиноний

Абдулазиз ибн Абдурраззоқ ибн Наср ибн Жаъфар ибн Сулаймон Марғиноний даврининг буюк фақиҳларидан эди. У 1084 йили 68 ёшида вафот этган. Абдулазизнинг муфтий бўлиб танилган олтита ўғлидан, манбаларда Абулҳасан Заҳируддин Али зикр этилади (вафоти 1112 йил). Унинг ўғли ва шогирди Заҳируддин Ҳасан ибн Али Абулмаҳосиндир.

«Ислом энциклопедияси»да берилган маълумотларга кўра, тўртта асар унинг қаламига мансуб. Улар «Ақзия» (Масалалар), «Фатово» (Фатволар), «Фавоид» ва «Шурут» бўлиб, охиргисининг қўлёзмалари бор. Абдулазиз Марғиноний «Ҳидоя» муаллифи Бурҳонуддин Марғинонийнинг устозларидан биридир.

Фахрулислом Қозихон

Имом Фахрулислом (Фахруддин) Абулмафохир Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний Қозихон лақаби билан танилган, «Фатовойи Қозихон», «Амолий» ва бошқа бир қатор китоблар муаллифи, йирик мужтаҳид ва кўп қиррали олим эди (вафоти. 592/1197). Унинг «Фатово» асари барча олимлар ва фақиҳларга манзур бўлиб, унга ҳаёт жараёнида кўплаб юз берадиган ва ечимига ниҳоятда зарурат сезиладиган масалалар киритилган. Муаллиф ушбу китобни 578 йил 10 муҳаррам чоршанба куни ёза бошлаган. Уни румлик (туркиялик) Муҳаммад ибн Мустафо ибн Муҳаммад Афанди Сафий тартибга солган. Қозихоннинг “Фатово”сини “Ахий Чалабий Тўқотий” лақаби билан шуҳрат топган Мавлоно Юсуф ибн Ҳусайн бир жилд қилиб қисқартириб, Султон Боязидхонга тақдим этган.

Абдулҳай Лакнавий: «Мен унинг фатово китобидан фойдаландим, у тўрт жилдда ёзилган бўлиб, барча буюк фақиҳлар назарида ишонарли китобдир», деган. Қосим ибн Кутлубғо келтирган маълумотларга кўра, Қудурийнинг “Тасҳиҳ” асарида, Қозихон «фақиҳ ан-нафс», яъни табиатан фақиҳ деб таърифланган.

Унинг бошқа асарлари “Ал-Воқиот”, “Ал-Маҳозир” шунингдек, “Аз-Зиёдот”, «ал-Жомиъ ас-сағир» ва Хассофнинг «Адабул қозий» китоби шарҳлари ҳисобланади. Ундан Маҳмуд Ҳасирий, шамсулаимма Муҳаммад Кардарий, Нажмулаимма Нажмуддин Юсуф фиқҳни ўрганишган.

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР