Абулмафохир Кардарий

Имом Абдулғафур Кардарий ибн Луқмон (баъзи манбаларда Нўъмон) ибн Муҳаммад, Шарафул қузот (қозилар фахри), «Тожуддин» (дин тожи), «Абулмафохир», «Шамсул аимма» лақаблари билан шуҳрат қозонган. Хоразмнинг Кардар (ҳозир Қорақалпоғистоннинг Нукус тумани) минтақасига мансуб бўлиб, даврининг атоқли алломаси эди.

Султон Нуруддин Муҳаммад Занкий даврида Ҳалабнинг қозиси бўлган ва шу ерда 562 ҳ. (1166 м.) йили вафот этган.

У ҳанафий мазҳабида фиқҳ ва усулул фиқҳ мавзуларида бир неча китоблар ёзиб қолдирган ва машқур фиқҳ китобларини шарҳ қилган.

Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Ал-Муфид вал мазид фи шарҳит Тажрид». Бу китоб устози Абулфазл Абдураҳмон ибн Муҳаммад Кирмонийнинг «Тажрид» китобига ёзилган шарҳдир. У уч жилддан иборат.

Кафавий хабар беришича, унинг қўлида ушбу китобнинг иккинчи жилдидан бир нусхаси бўлиб, асар «Ал-Мазид вал муфид» деб номланган экан. У Абдулғафур Кардарийнинг шогирди Шайх Шиҳобуддин Абулфазл Муҳаммад ибн Юсуф Али Ғазнавий хати билан ёзилган. Бу нусха «Никоҳ» китоби билан бошланиб, «Ширкат» китоби билан якунланган экан.

«Шарҳул жомиъ ал-кабир», «Шарҳул жомиъ ас-сағир», «Ҳайратул фуқаҳо». Бу сўнгги китобда фиқҳий масалалар келтирилган бўлиб, улар фиқҳ китобларининг боблари асосида тартибга солинган. Лекин бу китобнинг фарқли томони, унга киритилган масалаларнинг ечими фақиҳларни ҳайратда қолдирар ва олимларни жавоб беришда қийнаб қўяр эди. Кафавий хабар беришича, бу китоб ўша даврда қўлдан қўлга ўтиб юрган, Кафавийнинг қўлида ҳам доим унинг бир нусхаси мавжуд бўлган.

«Зиёдот», «Усулул фиқҳ». Бу китоб «Усулул Кардарий» номи билан ҳам юритилади. «Ал-Интисор ли Аби Ҳанифа фи ахбориҳи ва ақволиҳи» (Хабарлари ва сўзлари бўйича Абу Ҳанифанинг ғалабаси).

 

Шамсул аимма Кардарий

Шамсулаимма Абулважд Муҳаммад ибн Абдуссаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарий Баратқиний 559 ҳижрий (1163 м.) йилда Кардарнинг Баратқин туманида туғилган. Ёшлик давридан илмга қизиқиб, Хоразмга, кейин Самарқандга, ундан сўнг Бухорога бориб олимлардан дарс олган. Ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларини ўрганган.

Ундан жуда кўп кишилар дарс олганлар. Манбаларда у ёзиб қолдирган икки китоб кўрсатилади: 1. «Таъсисул қавоъид». Бу китоб калом илмига тегишли бўлиб, Ҳожи Халифанинг айтишича, пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) маъсум, яъни гуноҳдан пок экани ҳақидаги китобдир. 2. Лакнавийнинг айтишича, у яна Ғаззолийга раддия ёзган экан. Маълум бўлишича, Ғаззолий «ал-Манхул» номли китобида мазҳаб мужтаҳидлари тўғрисида гапириб, Абу Ҳанифа ҳақида нотўғри сўзлар айтган. Шамсулаимма Кардарий Ғаззолийга раддия сифатида ушбу китобни ёзган экан.

Шамсулаимма Муҳаммад Кардарий кам асар ёзган бўлса-да, кўпгина нодир китобларнинг бизгача етиб келишига ёрдам берган. Масалан, Абу Мансур Мотуридийнинг «Таъвилот аҳли сунна» китоби Тошкент нусхаси ва Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарлари бизгача етиб келишида катта хизмат кўрсатган.

Кардарий 642 йил 9 муҳаррам (1244 йил 18 июн) жума куни Бухорода вафот этган ва шаҳардан ярим фарсах узоқликдаги Сабзамун мозорига, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Сабзамуний қабри ёнига дафн этилган.

 

Ибн Баззоз

Ибн Баззоз Фақиҳ Ҳафизуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Шиҳоб ибн Юсуф ибн Умар ибн Аҳмад Кардарий илмлар таснифи, фиқҳ ва усулул фиқҳ бўйича замонасида тенги йўқ олим эди. У Идил (Волга) дарёсининг ёнидаги «Сарой» шаҳрида истиқомат қиларди. Кейинчалик Қирим шаҳрига сафар қилиб, ўша ерда бир неча йил яшаб қолади. Қиримда олимлар, имомлар ва фақиҳлар билан суҳбат қилиб, улар билан мунозара ўтказади. Унинг ақлу заковати ва илми олимларни ҳайратда қолдириб, юксак истеъдоди зарбулмасалга айланган эди.

Ибн Баззоз молу дунёга қизиқмайдиган, тақволи киши эди. Ўтирганида ҳам, турганида ҳам, юриб кетаётганида ҳам, бирор уловга минганида ҳам Қуръони каримни ўқиб юрарди.

806 ҳижрий (1403 м.) йил Қиримдан ўз юрти Хоразмга қайтиб келиб, кейинроқ Рум диёри (Туркия)га сафар қилади. У ерда Шамсуддин Фанорий билан мунозара ўтказади. Олимларнинг таъкидлашларича, у ақлий ва нақлий билимларда моҳир бўлгани учун мунозарада ғолиб чиқади.

Ибн Баззознинг қуйидаги асарлари бизга маълум:

«Ал-Важиз». Бу китоб халқ орасида «ал-Фатово ал-Баззозийя» номи билан ҳам машҳур. Муаллиф ушбу китобни Рум диёрига боришидан олдин ёзиб тугатган. Ҳожи Халифа ёзишича, бир куни машҳур муфтий Абу Суъуд Афандидан «Нега энди ўзингиз муфтий бўла туриб, барча фатволарни йиғиб бир китоб ёзмайсиз?» деб сўрашганида, у: «Ибн Баззознинг китоби турганида мен бошқа бир китоб ёзишга ундан ҳаё қиламан», деган экан.

2. «Маноқиб ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа». Бу китоб Абу Ҳанифа ҳақидаги манқибалардан иборат бўлиб, жуда машҳур ва мақбул китоблардандир. Кўпгина муаллифлар, жумладан, имом Абу Заҳра ушбу китобда келтирилган маълумотлардан ўз асарларида фойдаланган.

Ибн Баззоз 827 ҳ. (1423 м.) йил, баъзи манбаларда кўрсатилишича, 829 ҳ. (1425 м.) йил вафот этган.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари