ИЛМ АҲЛИНИНГ ҚУЁШИ
- Рукни: Мовароуннаҳр уламолари
Ахлоқни яхшилаш, ботин ва зоҳирни нурлантиришда устоз, йўл кўрсатувчи комил инсонларнинг ҳиссаси катта.
Китоб туманининг Хожаиспароз қишлоғида яшаб ўтган аллома Мавлоно Муҳаммад Дарвеш (қуддиса сирруҳу) шундай инсонлардан бири. Бу улуғ зотнинг исми Нақшбандия шайхлари силсиласига киритилган. Юртимизга ташриф буюрган хорижликлар нақшбандий пирлари Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний (қуддиса сирруҳу), Хожа Орифон Ревгарий (қуддиса сирруҳу), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (қуддиса сирруҳу), Хожа Али Рометаний (қуддиса сирруҳу), Хожа Муҳаммад Бобои Саммосий (қуддиса сирруҳу), Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу), Ҳазрат Шоҳ Баҳоуддин Нақшбандий Бухорий (қуддиса сирруҳу), Хожа Алоуддин Аттор (қуддиса сирруҳу), ҳазрат Хожа Убайдулло Аҳрор Валий (қуддиса сирруҳу), ҳазрат Хожа Муҳаммад Зоҳид (қуддиса сирруҳу), ҳазрат Хожа Шайх Мавлоно Муҳаммад Дарвешнинг (қуддиса сирруҳу) мақбараларини зиёрат қилишади.
Мавлоно Муҳаммад (Шайх Хожа Маҳмуд) тақволи, ориф ва ошиқ, комил инсон бўлган. Аллома “Қўл ишда-ю, қалб Аллоҳда” шиорини илгари сургани ҳолда, бутун умрини халқни илм-маърифатга йўналтиришга бағишлаган. Ҳалол йўл билан касб қилиб, хуфёна зикр қоидаларини тарғиб этган.
Мавлоно Муҳаммад ўрта бўйли, гўзал юзли, буғдой ранг, қалин соқолли, нуроний киши бўлган. Зоҳирий ва ботиний илмларини мукаммал эгаллаган, қатъий фикрли бўлиб, қалбни ортиқча туйғулардан тозалаш лозимлигини илм аҳлларига ҳамиша таъкидлагани боис “Илм аҳлининг қуёши” деган шарафли ном билан эъзозланган.
Мавлоно Муҳаммад Яъқуб Чархий ҳазратларига эвара, ҳазрат Муҳаммад Зоҳидга (раҳматуллоҳи алайҳ) жиян бўлган. Мавлоно Муҳаммад Дарвешни Хожа Маҳмуд ҳам дейишган. Тоғаларининг хизматини қилиб улуғ даражага эришган Хожа Маҳмуд шогирдларига Қуръон, ҳадис ва дин аҳкомларидан дарс берган. Аллома “Рисолаи дар сулук”, “Рисолаи хуш дар дам” каби асарлар ёзиб қолдирган.
Манбаларда, у зот ҳазрат Хожа Аҳрор Валийга ҳам шогирд бўлгани айтилади.
1447 йилда боболари Яъқуб Чархий вафот этганида, Хожа Маҳмуд ёш бола бўлган. Боболарини қучоқлаб, дуоларини олгани ҳақида ривоятлар бор.
Мавлоно Муҳаммад Дарвеш 1462 йилда тоғасининг тавсияси билан Кеш ҳудудига келган ва бу ердаги Хўжаиспароз (Аспароз) мадрасасига мударрис этиб тайинланган. Умрларининг охирига қадар шу мадрасада таълим берган. Мавлоно Муҳаммад Дарвешдан кейин фарзанди Абдулбоқи Ҳожаги Имканагий, шунингдек, Хожа Мирак Гумбади Сабзий, Хожа Муҳаммад Ризо, Мавлоно Шермуҳаммад, Шайх Салотий каби шогирдлари етук олим бўлиб етишади.
Шайх Мавлоно Муҳаммад 1562 йили табаррук ёшда Хожаиспароз қишлоғида вафот этган. Ҳозир у жой зиёратчилар билан гавжум.
Азамат НОМОЗОВ